Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

09.06.2022


ИНСОННИНГ ЎЗИГА ЯҚИН ЭНГ ҲАЛОКАТЛИ ДУШМАНИ...

Сараланган сатрлар

Биласиз, халқимиз 130 йил истибдод кишанлари исканжасида бўлди. Албатта, миллат зиёлилари шунча вақт ичида оғзига мум солиб ўтиргани йўқ, турли кўриниш ва даражада қаршилик, норозилигини ифода этиб келди. Биргина жадидлар ҳаракати ва 1937-1938 йиллардаги қатағон ҳақида ўйласак, ҳур фикрли кишиларнинг Ватан қайғуси ҳақидаги кураши кўз олдимизда яққол намоён бўлади.

    Алихонтўра Соғуний "Туркистон қайғуси" асарида халқимиз қандай қилиб босқинчиларга қарам бўлиб қолгани ва динни, Ватанни, миллатни асраш кераклиги, мустақилликни қўлга киритиш учун нималар қилмоқ зарурлиги хусусидаги чуқур сиёсий-ижтимоий мантиқ асосидаги қарашларини мукаммал баён этади. Шу билан бирга, асарда Марказий Осиё халқларининг энг қадимги даврлардан то XIX аср охиригача бўлган давр ичида қурган давлатлари, Амир Темур ҳақида, туркий халқлар этнографиясига оид қимматли маълумотлар учрайди.

Қолаверса, Алихонтўра Соғуний "Тарихи Муҳаммадий" асари муаллифи, "Темур тузуклари"нинг ўзбек тилига таржимони сифатида ҳам машҳур.

Қуйида яқин тарихимизга оид "Туркистон қайғуси" асаридан диққатга молик лавҳаларни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

* * *

Ислом қонуни ҳукмида бутун дунё давлати ноҳақ тўкилган бир кишининг қонига арзимайди. Ҳозирги динсизлар ҳокимияти олдида эса киши ўлими эшак ўлимича ҳам қадри қолмаганлигини кўриб турамиз. Ўзларича сиёсий жиноят ҳисоблаган бир оғиз сўзни амалга ошириш бу ёқда турсин, оғзидан чиқар-чиқмас жавобга тортилиб, жаллодлар қўлида йўқотилган кишилар ҳисобсиздирлар.

* * *

Дунёдаги борлиқ нарсалар инсон турмушига ёрдам етказиш учун яратилмишдир. Бузуқ маданиятда эса, аксинча, инсонлар ул нарсалар учун қурбон қилинади. Маданият тараққиётининг илгари-кейин чиқараётган бутун янгиликлари инсон ҳаётини яхшилаш учун хизмат қилиши лозимдир. Ҳаёт оламида энг улуғ, олий даражалик яратилган нарса шубҳасиз шу инсондир.

* * *

Онги очилмаган, билимсиз бир миллат ўз душманлари олдида қушхонага ҳайдалаётган бир тўп ҳайвондан ҳеч қандай айирмаси йўқдир. Инсоннинг ўзига энг яқин ҳалокатлик душмани онгсизлик, илмсизликдир. Шунга кўра Аллоҳ таоло Қуръоннинг биринчи сурасини ўқиш, уқиш, билдириш, ёзиш калимаси билан бошламиш эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак-аёл, ўғил-қиз демай бутун умматларини илм ўқишга буюрдилар.

* * *

Кўринг ўғуз, уйғур каби қаҳрамон турк улуси болаларини! Онгсизлик, билимсизликларидан бугунги кунда қўл-оёқларига қуллик, асирлик кишанлари солинган ҳолда, инсоний ҳуқуқларидан бутунлай ажрагандирлар. Босқинчи душманлари ҳисобига, ўз она Ватанларида туриб, қандайин хор-зорлик билан ҳайвонларча эрк-ихтиёрсиз, мажбурият қамчиси остида ишлаб турибдилар. Улуғ қудрат эгаси Аллоҳдек худоси бор, бутун оламга раҳмат келтирган Муҳаммад алайҳиссаломдек йўлбошчиси бор, худо қонуни бўлган ислом динидек дини бор мусулмонларнинг бу каби хорликка қолишлари, Қуръон ҳукмига кўра мумкин эмасдир. Чунки Қуръоннинг айтишича, ислом дини илоҳий бир қонундирким, буни тўлиғи билан амалга оширувчи мусулмонлар ҳар икки дунё давлатига, албатта, эга бўладилар. Бу сўзнинг ҳақлигига ҳеч шак йўқдир.  Ислом давлатининг аввали, айниқса, ҳазрат Умар   давридаги исломнинг шон-шавкати бу сўзни аниқ исботлайди. Туркия султонларидан Султон Сулаймон даврида деярлик бутун Оврупо ҳукуматлари ислом подшоҳининг буйруғига бўйсунмиш эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бу умматим аввалда нима билан кўтарилган бўлса, охирида ҳам шу билан кўтарилади", дедилар.

* * *

1922 йиллар Отбоши Норин қозоқ руслари (казаклар) томонидан Бондуруф (аниқроғи Бондарёв) қўл остида қаттиқ бир қўзғолон кўтарилмиш эди. Дарҳол буларга қарши отланса отасини аямайдиган қора туркманлардан бир бўлук (полк) қуроллик аскар келтирилди. Ёрдам олғудек таянчилари бўлмаган қўзғолончилар буларга қарши туришолмай, Кошғар томонга чекинишиб қочдилар. Буларнинг касофатига Тўқмоқ, Пишпекдаги бой савдогар ва халқ ичида кўзга кўринарлик саксон неча кишини бир кечада босиб, текшириш-суриштириш йўқ, шу кечанинг ўзидаёқ қўлларини сим билан орқаларига боғлаган ҳолда шаҳар ташқарисидаги Қораёғчилик боғига олиб бориб отдилар. Бу гуноҳсиз мазлумларни ўлдириш учун қазилган чуқур четига келтирилгач, отиб-чопиб ташлай берганлиқдан кўплари чалажон эди. Шу ерлик кўрган кишилар айтишларича, буларнинг устиларига жонлари чиқмай туриб тортилган тупроқ усти уч кунгача тўхтовсиз лўмиллаб (лўмбиллаб, кўтарилиб-тушиб) ётмишдир. Бу каби юраклар титраб, жонлар ачинарлик, сўзлашга тил сесканиб, ёзишга қалам жирканарлик бу маданий йиртқичларнинг қилган ваҳшийликларини ёзиб қолдиришга мажбурмиз. Чунки тарихда кўрилган ишларнинг яхши-ёмони демай, кўрган-билган нарсаларнинг барини қолдирмай қаламга олиш тарихчи устига юкланган муқаддас вазифа ҳисобланади.

* * *

Ўтган улуғ файласуфларнинг айтишларича ҳамда тарихий тажрибаларнинг кўрсатишича, қайси бир миллат ўз миллий давлатидан ажраб, унинг ҳукумати йўқолар экан, ҳукумат эгаси бўлган келгиндилар ҳисобига йил сайин     насллари озайиб бориб, энг сўнгида бутунлай ютилиб кетиши тажрибада кўрилмишдур. Ўз ҳокимиятидан ажради,   демак инқирозга юз тутди, демакдир. Шу сабаблик дунёдаги онглик, маданий миллатлар ўз ҳокимиятларини сақлаш учун неча миллионлаб қурбон беришга тайёрдирлар.

* * *

Бу каби илгари-кейин ўтган бутун дард-ҳасрат, ғам-қайғулик ишларимизнинг борлиқ сабаблари, ислом динига туб негизи билан тушунмасдан, замонавий илм-ҳунарлардан қуруқ қолмишимиздир. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам "Нодонлик, тушунмаслик кўрликдан ёмонрокдир", дедилар. Қуръон ҳукмича, иймон исломни билиб олгандан кейин ҳар бир мусулмонга ўз замонаси илмини ўқиб тушуниши ва замонавий ҳунарларни ўрганиши биринчи заруратдир.

* * *

Агар қўлида шароит бўла туриб, бир қонуний мамлакатда ўз қонуний ҳаққига эга бўлолмаганлар кишилик шарафидан ажраган, инсоният ҳаққини танимаган, одам суратлик ҳайвонлардир. Чунки шароити топилса ҳам, ўз ҳаққига етолмаслик эса ожизлик устига ишга ярамаслик демакдир. Бундай одамларни ўтган донишмандлар мисол келтириб, оғзидаги нонини итга олдирган, қўл-оёғи соғ, қуроллик кишига ўхшатадилар. Мана шунинг учун пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини тубандаги уч нарсадан бек сақланишга буюрмишдир:  1. Ожизлик. 2. Қўрқоқлик. 3. Дангасалик-ҳўринлик. Шароити бўла туриб, ўз ҳаққига эга бўла олмаган кишини арабчада "ожиз" дейилади. Киши нима нарсадан қўрқса, шу нарса қўрқувчи бошига бало бўлиб, анинг олдида мағлубиятга учрайди. Қўрқоқлар кўп яхшиликлардан қуруқ қоладилар. Дангасалик-ҳўринлик - бу эса ишчанликка қарши бўлиб, ҳаёт оламида инсонлар учун энг зиёнлик ёмон сифатлардандир. Шунинг учун пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Тани соғ бекорчи, дангаса одамлардан Худо безор", - дедилар. Яна пайғамбаримиз айтишларича, ҳар бир ақли бор одамлар ўз ҳолатларини текшириб туришлари, ўз замонасига тўлиқ, яхши тушунишлари, албатта, лозимдир.

* * *

Бир миллатнинг Ватанига тушган офатлар эса у миллатнинг жасадларига ёпишган ва бомикроблари кабидир. Агар унга қарши чора кўрилмас экан, кўп узоқламаёқ ҳаёт оламидан оти   ўчирилиб, у миллат туб томири билан юлиниб ташланади. Ҳозирда эса бизга қарши қўйилган босқинчилар кучи бошланғич даврга қараганда юз баробар ошганликдан, биз Ватан аҳллари улар олдида тоғостида қолган чигирткачалик ҳам кучга эга эмасдурмиз.

* * *

Ўрта аср ваҳшийлари - мўғул аскарлари ўз вақтида ислом маркази бўлган Бағдод шаҳрига босиб кирганларида, улар наздида ўлжага арзимас, ғоят қимматбаҳо, нафис, нодир китоблар Дажла дарёсига тушганликдан, олти ойлаб дарё суви қорайиб оққанлиги тарихларда ёзилмишдир. Ундан ҳам жирканчли ишларга йигирманчи асрда маданий йиртқичлар ҳокимияти даврида йўл қўйилганликдан, анчагина тарихий асарларимизни, халқ қўлида сақланиб ётган қимматбаҳо, нодир қўлёзма китобларимизни эгалари қўрққанларидан ўтта ёқтириб, сувга оқизишга мажбур бўлмиш эдилар.

* * *

Дунё яратилгандан бери ер устидаги инсонлар ўз эркларича ишлаб, тилаган жойларида ўз ихтиёрларича яшаб келмиш эдилар. Чунки, инсон боласи асли яратилишидаёқ, ўз эрки-ихтиёрига эга бўлиши сифатида туғилиб,    бошқа ҳайвонлардан шу орқали фарқли бўлмишдур. Ҳаёт олами ичра ҳеч бир замон, ҳеч бир мамлакатда инсонларни эрк-ихтиёрларидан ажратиб, тилсиз ҳайвонлар қаторида мажбурий ишлатиш киши хаёлига келмаган эди. Энди бу хаёлий тузумни қўлланувчилар, хаёлпараст Ленин бошлиқ, қурол кучи билан шу каби шармандачиликларни амалга ошириб, 50 йилдан бери халқни қийнаб келадилар.

* * *

Ер усти инсонлари ер ости маъданлари каби турликча яратилганликдан, ҳар қайсилари ҳар турлик қобилиятга эгадурлар. Булар ичида темир-кўмирлари кўп бўлгандек, олтин-олмослари ҳам оз эмасдир. Энди эса келажак кунларда биз учун яхши шароитлар туғилиб, қобуси келар экан, тоғ боскандек устимизда босиб ётган босқинчилар қўлидан ватанимиз Туркистонни, албатта, қутқара оламиз. Чунки, бизлар ҳозирги ҳолда тоғ тагига тушган чумолидек ожизликда ётган бўлсак ҳам, бунга қарши кўз олдимизда тоғларни қўморгидек (ағдаргудек, кўчириб, юлиб ташлагудек), даҳшатлик куч-қувватлар фурсат кутиб турибдилар. Агар шундоқ кунлар тўғри келар экан, сиёсат майдонига миллат етакчилари, албатта, чиқади ва шунда Туркистон  халқи ўз ҳукуматини биринчи навбатдаёқ қуриб олиши, албатта, лозимдир. Ҳар миллатнинг ўз ҳукумати ўз қўлида бўлмас экан, чўпони қўйчибони йўқ бир тўда қўй каби йиртқич қушларга, оч бўриларга ем бўлиб, охири инқирозга учраб йўқолади.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo