Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

11.10.2019


ИШ СТАЖИНИ КОМПЬЮТЕР АНИҚЛАБ БЕРАДИМИ?

ИШ СТАЖИНИ КОМПЬЮТЕР АНИҚЛАБ БЕРАДИМИ?

- Бугунги кунда фуқаролар, асосан, ҳисобланган пенсия миқдори камлиги, иш стажи ҳисобга олинмагани, вақтида пенсия етказиб берилмаётгани, пластик карточкаларга асоссиз ўтказиб юборилиши, пенсия ва нафақанинг  чалкаштирилиши ва бошқа камчиликлар хусусида мурожаат қилмоқда.

Ҳозирги пайтда пенсия ҳисоблашда охирги 10 йилликдаги иш стажининг исталган беш йиллигидаги маошлар эътиборга олинади. Бу жараён тўлиқ компьютерлаштирилган, унда компьютер дастурининг ўзи фуқаро учун энг фойдали бўлган, кўпроқ даромад олинган даврни танлайди. Ушбу беш йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи аниқланади ва унинг 55 фоизи ҳисоблаб чиқилади. Мана шу пенсиянинг таянч миқдори саналади. Унга нима қўшилиши мумкин? Ортиқча стаж учун, турли  мукофотлар, орден-медаллар билан тақдирланганлик учун тўловлар.

Бугунги кунда энг катта муаммо 1991-2005 йиллар оралиғидаги меҳнат дафтарчаларига ёзилган стажлар бўлаяпти. Бу даврда айрим ташкилотлар ёпилиб кетган. Баъзи хусусий корхоналар очилган, аммо ҳужжати архивга тақдим этилмаган. Фуқаро эса "Мен ўша муддатда шунча йил ишлаб қўйганман-ку", дейишга ҳақли. Шу йиллар бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда. 

Президентнинг 2019 йил 15 февралдаги "Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари  ҳақида"ги қарорига асосан, 2019 йил 1 августдан  бошлаб  давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги хусусидаги маълумотномалар, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳномалар, тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари ҳақида маълумотномалар талаб қилиш тақиқланди. Ушбу ҳужжатларни давлат солиқ хизмати органлари, Халқ банки, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасидан идоралараро интеграциялашув платформасига уланиш йўли билан олиш белгиланди.

МУДДАТИДАН ОЛДИН ПЕНСИЯГА ЧИҚИШ МУМКИНМИ?

- "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонун 3-моддасига мувофиқ, фуқаролар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг исталган пайтда пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этишлари мумкин. У маълум ҳолатлардагина муддатидан олдин тақдим этилади.

Хусусан, қонуннинг 14-моддасида технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларга муддатидан олдин пенсия тайинланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Аммо бунинг ҳам ўз шартлари бор. Масалан, эркаклар 58 ёшдан кичик бўлмаслиги ва камида 25 йил иш стажига эга бўлиши лозим. Аёлларда эса бу кўрсаткич - 53 ёш ва 20 йил.

Ким ишсиз ва муддатидан олдин пенсияга чиқишга ҳақли экани тўғрисида туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари №4 шаклда тақдимнома тайёрлайди. Беш кун муддат ичида улар мос туман (шаҳар) бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига жўнатилиши шарт. Ана шу тақдимномалар ёшга доир муддатидан олдин пенсия тайинлашда асос бўлиб хизмат қилади.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

Report typo