Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 ноябрь, душанба. 2019 йил                         Махсус версия RU

Ш.БОЗОРОВА

08.11.2019


ҚИШЛОҚДА "ЭЛЕКТРОН ПОЛИКЛИНИКА"

унинг афзаллиги нимада?

Бугун "электрон поликлиника" деган янги атама тез-тез қулоғимизга чалинмоқда. Айтишларича, мазкур тизим аҳолига онлайн усулда, яъни уйдан чиқмасдан яшаш жойи бўйича оилавий поликлиника шифокори қабулига ёзилиш, қулай вақтда тиббий хизмат олиш имконини бериши билан афзалдир.

- Солиқ тизимида солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР) тушунчасини бугун мактаб ўқувчиси ҳам яхши билади, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш  бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерали Нурматов. -  Бу тизим кундалик ҳаётимизда кўп қулайликлар яратгани ҳам барчага аён. Худди шундай, жорий этилаётган "Электрон поликлиника" тизими орқали ҳар бир фуқаро саломатлигига доир барча маълумотлар ягона электрон базага жамланади.

Дарҳақиқат, поликлиника шифокори бемор унинг ҳузурига келгунига қадар у хусусида барча маълумотларга эга бўлиши ортиқча қоғозбозлик ва вақт сарфига барҳам беради. 

Қарши туманидаги Омонтепа маҳалласидаги 52-оилавий поликлиникада ҳам мазкур тизим жорий этилмоқда.

- Янгиланаётган давр тиббий хизматни ҳам янгича талаблар асосида ташкил этишни талаб этади, - дейди муассаса бош шифокори Дилфуза Жўраева. - Энг аввало, поликлиникамиз биноси белгиланган талаблар асосида қайта таъмирланиб, зарур ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа замонавий жиҳозлар ҳамда ускуналар билан таъминланди. Ходимларимизнинг АКТ саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратдик. Айни пайтда ҳудудимиздаги аҳоли вакилларининг тиббий маълумотлари электрон базасини такомиллаштириш устида ишлаяпмиз.

Табиийки, Омонтепа, Қовчин, Янги ҳаёт, Ширкент маҳаллаларида истиқомат қиладиган 16 минг 580 нафар аҳолини қамраб оладиган бундай базани яратиш осон иш эмас. 

Қайд этиш жоиз, мазкур оилавий поликлиникада тез тиббий ёрдам бўлими, аёллар маслаҳатхонаси, ўсмир қизлар саломатлик хонаси, фундаментал диагностика бўлими,  кундузги бўлим, ижтимоий дорихона, шунингдек, гинеколог, хирург, стоматолог сингари мутахассислар фаолият кўрсатмоқда.

Ш.БОЗОРОВА

 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo