Қашқадарё ва дунё
Қашқадарёда тез орада хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда тўқимачилик ўқув-илмий маркази ташкил этилади.
Бу ҳақда ўтган ҳафтада "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси раҳбарияти ҳамда Хитой Халқ Республикасининг "AVIC International" ва "AIPAC" компаниялари вакиллари иштирокида уюштирилган видеоконференцияда маълум қилинди.
Мулоқот чоғида юртимиз тўқимачилик саноати учун кадрлар тайёрлашда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилиб, вилоятимизда ёшларга тўқимачилик, кийим-кечак дизайни, қишлоқ хўжалиги технологиялари ва менежмент йўналишлари бўйича таълим берадиган ўқув-илмий маркази ташкил қилиш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.
"AIPAC" компанияси вице-президенти Ванг Рунлан сўзларига кўра, тез орада Қашқадарёда ташкил этиладиган ушбу жаҳон даражасидаги намунавий марказ тўқимачилик саноати ва у билан боғлиқ бир қатор тармоқлар мутахассисларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун юқори технологик ускуналар билан жиҳозланади.
- Тўқимачилик ўқув-илмий марказини уюшмамизга қарашли Қарши тумани енгил саноат коллежи негизида жойлаштириш кўзда тутилган, - дейди "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси вилоят филиали директори Остонақул Аллаёров. - Унда нафақат Қашқадарёнинг барча ҳудудлари, балки қўшни вилоятлардан ҳам келадиган ёшлар белгиланган йўналишлар бўйича ўқитилади. Марказда ўрнатиладиган махсус асбоб-ускуналар амалиёт ва назариянинг бирлигини таъминлашга хизмат қилади. Қолаверса, коллеж яқинида вилоятимиздаги энг йирик текстиль комбинати - "LT Textile International" хорижий корхонаси ишлаб турибди. Марказда таълим оладиган йигит ва қизлар дастлаб у ерда амалиёт ўташса, кейинчалик эса айримлари бу комбинатга ишга олинса ажабмас.
Видеоконференцияда келишилганидек, хитойлик мутахассислар юртимизда карантин чоралари бекор қилиниши биланоқ Қашқадарёга келиб, лойиҳани амалга оширишга киришади.
Ўз мухбиримиз