Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ИШОНЧ, ЭРК, ОЗОДЛИК ВА ЯНА ҚАНЧА-ҚАНЧА МУҚАДДАС ТУЙҒУЛАР БОРЛИГИНИ УНУТИБ ЮБОРИШГАН...

Б.САЙФИЕВ

22.02.2024


ИШОНЧ, ЭРК, ОЗОДЛИК ВА ЯНА ҚАНЧА-ҚАНЧА МУҚАДДАС ТУЙҒУЛАР БОРЛИГИНИ УНУТИБ ЮБОРИШГАН...

Сараланган сатрлар

"Тириклигидаёқ унутилган адиб".

"Вақтнинг кучи етмаган ёзувчи".

Назар Эшонқул у ҳақда шу таърифларни ишлатган. Қолаверса, унинг ўз асарларига сайқал беришини Аргентина адиби Хулио Кортасарга, айрим баён услубларини Чингиз Айтматовга қиёслаган.

Ўроз Ҳайдар унинг тирикчилик ташвишлари билан андармон бўлиб кетганидан ўкиниб, "Ёзишдан тўхтамаганида, ўзимизнинг Габриэль Гарсиа Маркес бўларди", "Нобель олган илк ўзбек адиби бўларди", деган...

Дарҳақиқат, бу катта ижодкор ҳақида кўпчилик, айниқса, ҳозирги ёшлар деярли билмайди. Боз устига у сермаҳсул ҳам эмас. "Турналар оҳи" номли қиссаси салкам 40 йил давомида - 1982-2021 йиллар оралиғида қоғозга туширилган бўлса, "Паймона" 1985, "Ворис" 1986 йилда, "Ўлим ўпқони" 1989 йилда тугалланган. 1991 йилда "Ворис" ва "Ўлим ўпқони" қиссалари жамланиб, "Насаф" нашриётида 10 минг нусхада чоп этилган. Шундан-шуёғи унинг бирор асари дунё юзини кўрмади ҳисоб.

2021 йилда "Академнашр" нашриёти "Ўлим ўпқони"ни қайта нашр этдию, адабий жамоатчиликда катта қизиқиш уйғонди. Жаҳон адабиёти даражасидаги бу улкан ижодкорга қизиқиш кучайди. Ким ўзи у? Нега у қадар маълуму машҳур эмас? Бир асари билан тилга тушиб, ҳали ўттиз ёшга тўлмай собиқ иттифоқ даврида Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинганини эса кам сонли кишиларгина билади, холос.

Гап шундаки, ёзувчи ёзганларига катта талаб қўяди. Ўзи ҳайратланмаган нарсани ўқувчига тиқиштирмайди. "Қуёш сояси" романи 40 йилдирки, тугалланмайди. Ишонаверинг: тугалланмаган ўша роман унча-мунча зарҳал муқовали том-том асарлардан кўра ҳақиқий адабиёт муҳибларини кўпроқ қизиқтиради. Албатта, тирикчилик ташвишларига андармон бўлиб ҳам адабиётдан узоқлашган эмас: узоқ йиллар "Qashqadaryo" газетасида, сўнг ноширлик соҳасида фаолият юритди.

Англаб турганингиздек, гап улкан адиб, Қамаши фарзанди Темирпўлат Тиллаев ҳақида бормоқда.

Бу ёзувчи ижоди тўла баҳосини олиши тугул, ҳали тўкис-тугал ўқувчи эътиборига етиб боргани йўқ. Бояги эътирофлар эса шунчаки муболаға эмас: Темирпўлат Тиллаев жаҳон адабиёти даражасидаги ёзувчи. Эҳтимол "Ворис" каби қиссаларни кўплаб ёзиб ташлаши мумкин, бироқ "Ўлим ўпқони"дай асарларни дунё сўз санъатида ҳам кам учратасиз.

Юз йил давомида халқимизни истибдод чангалида тутиб турган золим ҳукумат рамзий-ишоравий тарзда шу қадар маҳорат билан тасвирлаб бериладики, ҳажман қисқа асарнинг залвори беихтиёр елкангиздан босиб қўяди: фикрни шу хилда ҳам ифодалаш мумкинлиги, сўз қудрати қаршисида ҳайратда қоласиз.

Айни ўринда бир янгиликни айтиб ўтсак. Энг сара, оригинал асарлари, профессионал дизайни билан танилган "Академнашр" нашриёти яқинда яхши ташаббусга қўл урди: энг сара насрий асарларни "Академнаср" рукнида чоп этишни йўлга қўйди. Ушбу рукндаги биринчи асар Хулио Кортасарнинг "Ишғол қилинган уй" тўплами эканида ҳам рамзий маъно бордай. Эътиборлиси, айни шу рукнда ўзбек адибларидан даставвал айнан Темирпўлат Тиллаевнинг китоби чоп этиларкан.

Хуллас, улкан адиб номи аста-секин адабиёт майдонида тилга тушиб бораётир. Сиз ҳам бу жараёндан четда турманг: ноёб китобни ўқиб чиқинг. Қуйида икки қиссадан айрим лавҳаларни ҳукмингизга ҳавола этамиз.

"Ворис"

Шўрлик чопон неча йиллардан бери кийилавериб, ямоқ солинавериб масхарабозларнинг ажабтовур либосига ўхшаб қолганди. Лекин Чала бу "молтопар"ини кўча-кўйда кийиб юришдан орланмас, "Нима, мен шаҳар кўрган ўқимишли домулламанми, арчилган тухумдек доимо сип-силлиқ бўлиб юрсам, эр йигитни эл жанданинг орасида танисин",  деб ўйларди.

*  *  *

Мол қиламан деган одамнинг жони унинг  туёғидан қаттиқ бўлиши керак.

*  *  *

Эрталабки савдода хосият кўп: зум ўтмай биринг мингга айланади.

*  *  *

Бирдан унинг кўзига отаси ҳам, пакана синф раҳбари ҳам ёмон кўриниб кетди: ахир иккови ҳам буюришни билади, кўнглига қараш йўқ.

*  *  *

Элга қўшилмаган одамнинг жазосини эл беради - ўзидан четлаштиради. Шундан кўра каттароқ ҳукм борми  дунёда? Бундайларни нима деб аташни ҳам билмайсан одам. Паразит, худбин деган сўзлар камлик қилади бунга.

*  *  *

Гоҳ-гоҳ ўқитувчиларнинг гурунгларида бир талай ҳангомаларни эшитиб Норбойнинг зардаси қайнарди. Улар қанчалик кулгили бўлмасин, барибир, Норбой ардоқлайдиган аллақандай нарса таҳқир этилаётгандек туюларди. Баъзан бу таҳқир туйғусини ожизликка йўяр ва ўз-ўзидан уялиб кетганча барча эшитганларини тезроқ унутишга ҳаракат қиларди. Аммо унутишнинг иложи йўқ эди.

Эмишки, Мингноров янги дарсни тескари осиғлиқ харитага қараб ўтибди...

Эмишки, Қиличева илмий мудира бўлгани учун математика дарсининг нақд ярмини тарбиявий соатга ажратар эмиш, эмишки, Фалончиев этил спиртининг халқ хўжалигида ишлатилишини дарс пайтида ичиб исботлаб берибди.

*  *  *

Сизлар мансаб курсисига шундай ёпишиб олгансизларки, бусиз ўзларингни тасаввур ҳам қилолмайсизлар. Бир вақтлар туман халқ таълими бўлими томонидан тавсия қилинган иш планидан бошқа нарсани кўзларинг кўрмайди. Ахир, директорлик лавозими фақат ҳукумат қарорларини қуруқ тил билан тарғиб қилиш дегани эмас-ку! Ё унинг ўринбосари директорнинг ҳар битта сўзини маъқуллаб, ҳайбаракаллачилик қилиши керакми? Илмий мудира бўлиш ҳар чорак охирида фақат ҳисобот ўқиб бериш деганими?

"Ўлим ўпқони"

Ҳуррият оловли гулхан ортида! Йўл оловли чоҳдан ўтади...

*  *  *

Юлдузлар йироқлигидан, ер юмшоқлигидан, сув суюқлигидан, тош қаттиқлигидан, тун қоронғилигидан, йўл узунлигидан норози қичқирмоқда! Одамлар жим, одамлар жим, одамлар жим!

*  *  *

Бу мавҳумлик шундан иборатки, назаримда, мен олдин ҳам яшаб ўтгандайман, ўзимни гоҳ ловуллаб турган гулхан атрофида жини қўзиб югуриб юрган ярим яланғоч одамлар орасида, гоҳ лаҳатдек тер ва зах ҳиди анқиб кетган ертўлада жазавага тушиб, қўлларини кўкка чўзиб: "Иллоллоҳ, иллоллоҳ!" деб сано ўқиб ётган усти-боши йиртиқ-ямоқ дарвешлар сафида, гоҳ эса ҳудудсиз майдонда ғолиб зобитлар оёғи остида эзилиб, ерпарчин бўлиб ётган мағлуб мурдалар ичра жон талашаётган бир алфозда кўраман. Эҳтимол, бу ҳолатни ялт этиб сўнган учар юлдузнинг оний умрига қиёс олий бир шуур билан илғарман десам тўғри бўлар.

*  *  *

Бу мудҳиш мусибатларнинг энг қаттоли - уларнинг кўпдан бери ногаҳоний босқин кўрмаган ёввойи юраклари алланечук сирли қўрқув тамғаси билан тамғаланганди, уларнинг қалб қўрғонлари ҳадик ва хавотир ёғийларининг абадий қароргоҳи бўлиб қолди, уларнинг тоза ва пок вужудлари шубҳа ва гумон қушларининг беҳосил дарахтларига айланди, уларнинг ҳамиша рост ва ҳақ сўзлари эса бани башарга қирғин келтирувчи риёкорлик оғулари билан заҳарланди. Ҳаммасидан ҳам энг мудҳиши ва тоқат қилиб бўлмайдигани - уларнинг она сутидек пок, ханжар тиғидек ўткир эътиқод ва имонларининг рамзи бўлган мовий туғлари даҳрийлик туёқлари остида аёвсиз топтаб ташланди.

*  *  *

Карнай-сурнай ва ноғора садоларидан қулоқ том битган, ғаройиб тантаналаридан эс-ҳушини йўқотиб кулаётган, маъносиз боқаётган кўзлари юмилиб, беўхшов ҳиринглаётган чеҳралар, маст-аласт оломоннинг жазавали шовқини аро унинг ўша тарздаги илтижо ва мунг, қайғу ва ҳасрат оғулари чак-чак томиб турган ўксик нолиши қулоғим остидан кетмай қолди: "Яхшилар, садақа қилинг, Худо хайрингизни берсин! Худо хайрингизни берсин!"

Ўшанда нега бундай бўлди? Мендай бир ўлим ҳақлигини бошқалардан кўпроқ биладиган, азоб-уқубатлар, қайғу ва ситамлар, зулм ва зўравонликлар инсон ҳаётининг абадий ҳамроҳи деган хулосага аллақачон келиб қўйган зот ўлим ва ғам эзиб ташлаган бир бечора одамнинг ҳасратини бунчалар илоҳий муножот даражасига кўтариб таъсирландимми?! Билмадим.

*  *  *

Эй, нимасини айтасан, улар дунёда ишонч деган, эрк деган, озодлик деган ва яна қанча-қанча муқаддас туйғулар борлигини унутиб юборишган. Нимасини айтасан, уларнинг қоринларидан бошқа эрмаклари йўқ!

*  *  *

"Ҳаддан ортиқ кўп нарсага қизиқиш узоқ умр заволи, - деб гап бошлаганди у ўшанда. Мен бу қиёфасиз кимсанинг ажойиб нотиқлигидан донг қотиб қолгандим.

- Билиш эса итоатсизликнинг бош манбаи. Шунинг учун биз ўз Салтанатимизда умуман қизиқмаслик, мутлақо билмасликка асосланиб иш юритамиз... Бизнинг бу тартибимизга риоя қилмаганларни чоҳ тубидаги ҳар лаҳзада қонсираб турган қоқ ер кутиб олиши муқаррар. Ҳар бир инсоннинг ўз қалбида чоҳи бор деган гапларни дўстингиз Турон тўқиган. Биз бу ғояни ҳақиқатдан йироқ деб биламиз. Дунёда битта "ЧОҲ" бор, бу биз хўжайинлик ва посбонлик қиладиган чоҳ, бошқа чоҳлар ҳақидаги ҳамма гаплар ғирт бемаъниликдан бошқа нарса эмас. Ундай одамлар билан биз ҳеч қачон келишолмаймиз: яна бизда шиор бор - ким бизга қаршими, демак, у бизга душман".

*  *  *

Ҳаммамиз ғала-ғовур бу карвонсаройнинг ўткинчи қўноқларимиз!

*  *  *

Бу ёғи ИЙМОН салтанати эди ва бу бани инсон зотининг неча минг йиллардан буён интилиб келаётган, келаверадиган ва келажак-комиллик чўққиси эди: "Ибтидо қилинур беҳад меҳрибон, ниҳоятда раҳмлик Аллоҳ таолонинг номи ила Айт, Эй ҳабиб, ул Аллоҳ бирдур, Аллоҳ бениёздур. Туғмади ва туғилмади ва туғдирмайди ва эмас анга баробар ҳеч ким" (Қуръон, "Ал-Ихлос" сураси).

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo