Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маданият
  • "Истеъдодли ёшлар" танлови қай тартибда ва қайси йўналишлар бўйича ўтказилади?

Ўз мухбиримиз

22.02.2024


"Истеъдодли ёшлар" танлови қай тартибда ва қайси йўналишлар бўйича ўтказилади?

2024 йил - Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили

Жорий йил апрель-июнь ойларида воҳамизда вилоят ҳокими ташаббуси билан "Истеъдодли ёшлар" кўрик-танлови ўтказилиб, унинг якунига кўра юқори натижаларга эришган иштирокчилардан Қашқадарё истеъдодли ёшлари жамоаси шакллантирилади.

Ушбу кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги низом ҳамда ташкилий қўмита таркиби вилоят ҳокимининг шу йил 19 февралдаги "Мусиқа ва санъат йўналишида ижод қилаётган вилоятдаги энг истеъдодли ўқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларга зарур шарт-шароитларни яратиб бериш тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган.

Ҳужжатга кўра, уч босқичли кўрик-танлов 11-18 ёшли ўқувчилар, яъни давлат ва нодавлат мактаблари, шунингдек, мусиқа ва санъат йўналишига ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ҳамда "Баркамол авлод" мактабларининг тўгарак аъзолари ўртасида қуйидаги бешта йўналиш бўйича ўтказилади.

Биринчи йўналиш - "Анъанавий хонандалик" (ўзбек  бастакорлари асарларидан, Тошкент-Фарғона мақом ашула йўлларидан ёки Шашмақом 2-қисм шуъбаларидан, Хоразм сувораларидан моҳир ижро).

"Эстрада хонандалиги" (ўзбек композиторлари Ботир Зокиров, Дилором Омонуллаева ва Фаррух Зокиров ижодидан, хориж эстрадасидан (рус, инглиз, француз ва италян тилларида) моҳир ижро).

"Академик хонандалик" (ўзбек ва чет эл композиторлари ижодидан қўшиқ ёки романслардан моҳир ижро, XVI-XVII асрлардаги композиторлар ижодидан қадимий ариялар, жаҳон классик дурдоналаридан образ намойиш этиш).

Иккинчи йўналиш - "Бахшичилик" ("Алпомиш", "Кунтуғмиш", "Гўрўғли" ва "Рустамхон" достонларидан парча, анъанавий термалардан, бадиҳагўйлик ва дўмбира куйларидан маҳоратли ижро).

Учинчи йўналиш - "Хореография" (миллий рақс ва дунё халқлари рақсларидан моҳирона ижро).

Тўртинчи йўналиш - "Халқ чолғулари" ижрочилиги йўналиши: танбур, най, ғижжак ва чанг чолғулари бўйича (ўзбек халқ куйлари ҳамда машҳур композитор ва бастакорларнинг ижодидан моҳирона асар ижро этиш).

5-йўналиш - "Актёрлик маҳорати" (қисқа этюд, масал, монолог ва пантомима маҳоратли ижро этиш).

"Истеъдодли ёшлар" кўрик-танловининг биринчи - мактаб босқичи апрелда, иккинчи - туман (шаҳар) босқичи майда, учинчи - вилоят (якуний) босқичи июнь ойида ўтказилади. Якуний босқич ғолибларини 30 июнь - Ёшлар кунида тантанали равишда тақдирлаш назарда тутилган.

Эътиборли томони, кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш ҳамда уларни мусиқа ва санъат йўналишида бўлиб ўтадиган халқаро даражадаги танловларда фаол иштирокини таъминлаш учун маҳаллий бюджетдан ва ташаббус билан чиққан ҳомийлар ҳисобидан маблағ ажратилади.

Вилоят ҳокимининг қарорида "Истеъдодли ёшлар" кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ тегишли чора-тадбирлар белгиланар экан, мутасадди ташкилотлар ва масъул шахсларга бир қатор топшириқлар ҳам берилди. Масалан, вилоят маданият бошқармасига кўрик-танловнинг бешта йўналиши бўйича иштирокчиларни баҳолаш ва ғолибларни аниқлаш мезонларини ишлаб чиқиш ва вилоят ташкилий қўмитасига тасдиқлатиш, якуни бўйича эса юқори натижаларга эришган иштирокчилардан Қашқадарё истеъдодли ёшлари жамоаси шакллантириш чораларини кўриш вазифалари юклатилган.

Туман (шаҳар) ҳокимлари, ўз навбатида, кўрик-танловнинг мактаб, туман (шаҳар) саралаш босқичларини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича шахсан масъулдирлар.

Ўз мухбиримиз

Report typo