Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 сентябрь, душанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

05.06.2020


ИСТЕЪДОДСИЗЛИК ҲОКИМИЯТ БИЛАН ҚЎШИЛСА, ЖИНОЯТГА АЙЛАНАДИ

Сараланган сатрлар

Таниқли ёзувчи Ёвдат Илёсов (1929-1982) қаламига мансуб "Илон авровчи" асарида математик ва астроном, машҳур шоир ва мутафаккир Умар Хайём ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади.

Самода шундай юлдузлар туркуми бор эканки, уларнинг жойлашуви ўзаро боғлаб чиқилса, қўлида катта бир илонни тутиб, уни авраётган киши қиёфаси гавдаланаркан. Авровчи бир зум ҳушёрликни унутса бўлди, илон ҳамлага шай турибди. Муаллиф бундан ўзига хос рамз чиқаради: жаҳолат ҳам шундай, бир зум ҳушёрликни бой бердингизми, ҳалокат муқаррар.

Романда Умар Хайём фаолиятига оид кўп қизиқ тафсилотлар келтирилган. Даҳрийлик қарашларини эса муаллифнинг ўтган аср худосизлар тузуми билан қилган ноилож муросаси, деб тушуниш мумкин...

* * *

Мана, у, ўз нафсини ўйловчи хушахлоқ тамагир. Рўйи заминдаги энг разил дарранда! Калласида зиғирча илми нофиъ йўғу, бошқалар устидин ҳукм чиқармоқни истайдир. Кимнингдир доноларча ёхуд нодонларча айтган гапларини ёдлаб олган бўлса-ми? У билан бошингга чўқмоқдек туширадир. Муддаоси сенинг ақлингни ўзиники қадар пасайтириш, сени ҳайдаб бориб, подага қўшиб қўйиш.

* * *

Инсон тақдирини нима хароб қилади? Кундалик турмуш икир-чикирларига ўралашиб қолиш.

* * *

Заминдаги юмушларингни қалбинг амрига кўра бажар, йиғи мавриди келмагунича қайғу чекма. Қалби осойиш топган киши доду фарёдингни тингламагай. Кўз ёши қилиб ҳеч ким қаро ер бағридан қутулиб қолмаган. Кунингни шодлик билан ўтказ, ғамга ботма. Ҳеч ким бойлигини ўзи билан олиб кетмайди. Кетганлардан ҳеч ким қайтиб келмаган.

* * *

 Сув - худонинг энг қимматли марҳамати. Шўнғисанг - баданингни нопок нарсардан поклайдир. Сув ёнида ўлтириб унга тикилсанг, ҳеч нарса тўғрисида хаёл сурмасанг - қалбингни поклайдир.

* * *

Ҳеч қандай жудоликнинг ўрнини босиб бўлмайди! Ҳар бир жудолик қалблардан нимадир юлиб олиб кетади. Лекин йўқотмоқ бутунлай маҳрум бўлмоқ эмас. Ҳар қандай жудолик қалбларда ўзидан асар қолдиради, янгилари эса устма-уст тахланиб,     кейинги изларини ҳосил қилади. Ҳаётий тажриба шу тариқа ортиб боради.

* * *

...илм - санъат, санъат эса - илм. Уларнинг ўзаги бир - ижодий фикр.

* * *

Берунийдек одам ҳам ҳасрат билан: "Илми ҳайъатни қарор топтириш учун истасанг ҳам, истамасанг ҳам илми нужумни билишинг зарур", - деганди.

Масалан, Савр буржидаги қизғиш юлдуз ад-Дабаронни олайлик. Бу юлдуз табиатан Миррихга яқин, унинг ҳаракати ҳам нобоп. Бу кимнинг юлдузи бўлса, ўша одам бахтиқародир. У гуноҳ иш қилишдангина эмас, акса уришдан ҳам эҳтиёт бўлмоғи даркор. Акс ҳолда ул итваччанинг шўрига шўрва тўкилади, деб кулишарди улар кишиларнинг калтафаҳмлиги устидан. Қандайдир нотавон сайёрада телба-тескари иш қилиб ғимирлаб юрган икки оёқли қумурсқалар билан юлдузларнинг нима иши бор?

Ақл-идрок - тинчликни хуш кўрадир, шафқатли бўладир. Жаҳолат эса - уришқоқ ва бераҳм. Зотан, барча нарсани моҳиятан идрок этадиганлар марҳаматли бўлиб, ўз мавжудлиги билан ўзини қарор топтирадур.

* * *

"Камбағалликнинг нафини билдингми? Қочишга тўғри келиб қолса, бор лаш-лушингни қўлтиққа урасану, ҳайё-ҳуйт деб йўлга тушаверасан".

Ёвуз одамларни ҳеч қандай ҳаким, ҳатто, энг истеъдодлиси ҳам уларнинг азалий хасталиги - ўзларига ўхшамайдиганларга нафрат билан қарашдан даволай олмайди.

* * *

Қизиқ, буюк одамлар майдакашлар орасида ўзини қандай тутишаркин? Эҳтимол, буюклигини ўзи билмас? Буни хаёлига ҳам келтирмас?..

Одамлар! Нега бунақасизлар?

Шарқ олимларининг сардафтари Абу Наср Форобийни хўрлаб, қашшоқ ва саргардон қилдилар.

Бидъатчи ва исёнкор номини олган Фирдавсийни ҳам таҳқирладилар: у кўзи ожизлигига қарамай, беқиёс "Шоҳнома"си устида узундан-узоқ - йигирма беш йил бош кўтармай ишлаганди.

Ахир ҳар қандай бамаъни мамлакатда, одатан, аҳмоқларни кулги қилишади-ку. Зотан, тентакликни шарафлайдиган, уни қўшиқларда мадҳ этадиган, эртакларда куйлайдиган халқ бўлмаса керак. Оддий халқ олимликни мўътабар тутади.

Форобийни, Ибн Синони, Фирдавсийни ҳақоратлаганларнинг ўзи қаерда, уларнинг номлари қайси китобда, қанча вақт сақланиб қолган? Уларни, тириклигидаёқ, энг яқин ҳамсояларидан бўлак ҳеч ким танимаган, шундай экан, ўлгандан кейин ким ҳам эсларди.

* * *

Жаҳолат - қулликнинг нишонаси.

Эҳ! Қулликда энг ёмони - кишан эрмас эркан: қул кишанга кўникиб қолганидан усиз яшай олмайди. Бўлак нарсани истамайди. Бефаҳм буқанинг хўраги тортиб олинса, ўкириб чор атрофни бошига кўтаради. Қанча кўп ем еб семирса, қассобнинг қўлига шунча тез тушишини билмайди-да, жонивор.

* * *

...афсун билан ишонтириш кучига эга бўлган одам шундай кучи борлигини яхши билганидек, истеъдодли одам ҳам ўзининг истеъдодли эканлигини доимо англаб етади.

Боёнлар - тез унутувчилар. Халқ эса ҳамма нарсани ёдда тутади.

* * *

Ўтмишда бир марта бўлган нарса келажакда муқаррар такрорланади.

* * *

...Айтишларича, ҳоқон Шамсулмулк Умарга тахтда ёнидан жой бериб, жуда сарафроз этган эмиш. Қанчалик рост экан бу гап? Маълумки, подшоҳлар ёш кишиларни унчалик истамай тахтга яқинлаштиришади. Ҳатто, тахт устидаги шинамгина жой учун фарзанд - отани, ота - фарзандини, биродар - биродарини осонгина бисмил қилади.

* * *

Шоҳ мамлакатда ҳамманинг ва ҳар бир нарсанинг хожаси деб ҳисобланадигина, холос. Билсангиз, у ҳам қул. Шафқатсиз урф-одатлар, даҳшатли давр қули у. Очофат руҳонийларнинг, барча шайхлар, эшонларнинг қули. Уларга итоат этадиган амирлар, беклар, аслзода заминдорларнинг қули. Уларга тегиб кўр-чи! Ер юзидин супуриб ташлагайлар. Ҳатто ўзингнинг ҳайвондин бадтар шахсий соқчингга ҳам хушомад қилурсен. Йўқса, ғазабидин сўйиб ташлагай.

* * *

Вақтнинг шафқатсизлигини ҳеч қаерда харобадагидек аниқ ҳис этмайди киши.

* * *

Агар киши ўзи истамаган ишни қилишга мажбур этилмаса, заминда аллақачон тинчлик-хотиржамлик ўрнатилган бўлар экан-да.

* * *

...ҳар қандай эзгу иш, агар унга тасодифий кишилар, фирибгарлар, очофат суллоҳлар, сафсатабозлар қўшилса, аксига айланиб қолади.

* * *

Агар эзгуликни зўрлик билан сингдирмоқ бўлинса, у - ёмондан-ёмон. Ошкора ёвузликда шумлик бўлмайди. У ўзини йироқдан маълум қилади, уни топиб олиш қийин эмас. Зўрлик билан қовушса, эзгулик ёлғонга айланади. Ёлғон бор жойда эса эзгулик қолмайди. У жойни разолат, ўлим ва инқироз макон тутади.

* * *

Истеъдодсизлик ҳокимият билан қўшилса, жиноятга айланади. Истеъдодсиз саркарда душман қўшинини тор-мор қилиш ўрнига, бемаъни, аҳмоқона буйруқлар билан ўз қўшинини ҳалок этади. Истеъдодсиз шоир эса ундан ҳам хавфлироқдир. Мана шундай шоирлар одамларни тентак бошлиқларнинг аҳмоқона, бемаъни буйруқларини жон-дили билан бажарувчи каллаварамларга айлантириб қўядир.

* * *

Буюк Абу Райҳон ҳам нақадар буюк олим бўлмасин, бағоят қизиққон эрди. Агар киши ақлли бўлса, қўрслигини ҳам, қайсарлигини ҳам, майнавозлигини ҳам, ялқовлигини ҳам ва, ҳатто бузуқлигини ҳам афв этиш мумкин. Фақат тентакликни кечириб бўлмагай!

* * *

 Худо рўйи заминда ўзи суҳбат қурадирган одамлар бўлсин учун истеъдодларни яратмиш.

* * *

Дўстликми? Бошқа одамга ўз ихтиёрига кўра яшашга халал бермасанг, унга энг яхши дўст бўлурсен.

Жамиятми? У бир-бирига зиён етказмаслик ҳақида келишиб олган, бир-биридин мустақил, алоҳида эркин кишиларнинг дўстона мажмуи бўлмоғи лозим.

* * *

Истеъдодли одам ҳаёт экан, у фалон ишни қилдию, фалон ишни қила олмади, деб асло иддао қилмаслик даркор. Бу - тасвирни эндигина чиза бошлаган мусаввир кимнингдир дастини, пойини, чашмини чизмади, деб ёзғириш билан баробар. Шошмай туринг! Ишини бошлаб олсин. Гал келганда, кўзини ҳам тасвирлагай.

* * *

Мақтанчоқлик - хиёнаткорликдан бадтар... Хоин - бошқаларни сотади. Мақтанчоқ эса - ўзини ўзи сотади.

* * *

Онгли яшаш шу қадар нодир, қудратли ва нозик бир инъомки, бировнинг онгли ҳаётига тажовуз қилувчиларни ақлдан озган деб жар солмоқ ва уларни зарарсизлантирмоқ лозим.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo