Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
7 февраль, сешанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

19.01.2023


ИЗҒИРИН ҚИШУ БЕБОШ БЎРОНЛАРДАН КЕЙИН САОДАТЛИ КЎКЛАМ ҲАМ БОР

Сараланган сатрлар

Биласиз, аномал совуқ туфайли таълим муассасаларида қишки таътил муддати узайтирилди. Бундан дўпписини осмонга отганлар қанча, хурсандлигининг чеки бўлмаганлар нечта?! Нега? Тасаввур қилинг: мактабга бормаслик учун! Тўғри, ҳаво совуқ, барча мактаблар ҳам бирдай иситилмайди, аммо таътил муддатининг узайгани ўқишни буткул ташлаб қўйиш дегани эмас. Аввал кўрдик: коронавирус боис карантин жорий қилинганда, кўплаб бошланғич синф ўқувчилари калласида борини ҳам эсдан чиқариб юборди. Аксинча, ота-она фарзанди билан мустақил ишлаб, қобилияти, қизиқишига қараб йўналтириши учун қулай имкон эди. Ҳозир ҳам шу. Хўш, бундан ҳаммаям унумли фойдаланаяптими? Ҳаво совуқ, кўчага чиқма, деб телевизор, компьютер қаршисига михлатиб қўядиган, "свет" кўп ўчса, боласини кўрпага буркаб ухлашга мажбур этадиган ота-оналар кам дейсизми?

Тўғри, ҳаммаям боласининг саломатлигини ўйлайди, лекин саводи ҳам эсдан чиқмаслиги керак-да.

Шундай вақтлар бўлган: одамларда, ҳукуматда ўқиш, илм олишга бирор рағбат кўрсатилмаган, ҳатто кескин қаршиликлар бўлган. Шундай шароитда ҳам билим олиб, ҳаётда ўз ўрнини топганларни узоқдан қидириш шарт эмас.

Чингиз Айтматовнинг "Биринчи муаллим" қиссасида айнан шу мавзу қаламга олинган. Илк совет давридаги муҳит, уруш, машаққатлар шароитида муаллим болаларни зиёга ошно этади, мақсадга эришиш йўлида йўлчи юлдуз вазифасини ўтайди, шу боис кўпларнинг қалбида ўчмас из қолдиради.

Чингиз Айтматовга хос тиниқ тасвир, табиатга чексиз меҳр-муҳаббат кишини беғубор йиллар сари етаклайди. Эътиборингизга тақдим этилаётган лавҳалар Сизни ҳам болаликнинг тиниқ орзулари сари бошласа, ажаб эмас.

*  *  *

Ҳали тамомланмаган асар тўғрисида олдиндан жар солишни ўзим ҳам азалдан ёқтирмасдим. Бу бахилликдан эмас. Бешикдаги чақалоқнинг ким бўлиб вояга етишини қаёқдан билиб бўлади дейсиз?

*  *  *

Кўча-кўйда нима кўп - дарахт кўп, лекин бу тераклар ўзи бошқа бир олам, қандайдир хосиятли, тили бордай. Кун-тун япроқлари дириллаб, чайқалган учлари бир-бири билан ўпишиб, ўзини минг кўйга солиб шовиллайди. Гоҳ соҳилга келиб урилган эрка тўлқиндай эшитилар-эшитилмас гувиллашиб қўяди, гоҳ жим ўйланиб қолиб, соғина-соғина юраги қон бўлгандай, алланималарни эслаб хўрсиниб, юлқинган шамол булут ҳайдаб, ёмғир ҳайдаб, бутоқларини эгиб юборганда, тераклар бир-биридан мадад олиб, синдириб бўпсан, дегандай баттар ўжарлик қилиб, зарда билан тўлғаниб қўйишади.

*  *  *

Кўзимизга каттакон бўлиб кўриниб юрган колхоз отхонасининг тепадан худди чигирткадай кўринганига, қишлоқдан нари чўзилиб кетган даланинг катталигига, яна ундан нарироқдаги қанча-қанча қадрдон ерлар, овулимиздаги ариқлардан бошқа тағин қанча-қанча кумушдай товланиб оқаётган сувларга суқланиб қараб, бу дунёнинг чети шуми ё ундан нарида ҳам шундай осмон, шундай булутлар, шундай ерлар бормикин, деб хаёл суриб кетардик. Ўшанда қулоғимизга шамол овози чалинса, унга жўр бўлиб қимирлаган япроқлар, кўз илғамас узоқ-узоқларда ажойиб ва ғаройиб нарсалар ҳам бор дегандай шивирлаб, бетларимизни силаб эркалатарди.

*  *  *

Каттакон бир ишни қойил қилиб қўйгандай, юрагим дукиллаб, севинчим ичимга сиғмай кетди. Куч-ғайратим жўш уриб, тўғри келган томонга чопқиллаб кетаверибман. Бахтиёрлигимдан қуёш ҳам хабардору, у ҳам қувончимга шерикдай, қушдай парвоз қилиб кетишимдан унинг кўнгли очилганини ўзим ҳам билардим. Нега деганда, ҳозиргина савоб иш қилган эдим-да!

Қуёш тепалар устига яқин келиб қолган эди-ю, лекин, назаримда, нигоҳимга тўйиб олгиси келгандай, ҳали-бери ботгиси йўқ эди. Қуёш йўлимга поёндоз солиб, оёқларим остидаги куз тупроғини тўқ қизил, пушти ва оч қизил нур билан безаб турарди. Гир атрофимда капалакчалар лип-лип этиб оловдай ёнади. Минг ямоқ камзулимнинг кумуш ранг тугмаларида қуёш оловдай ёниб туради.

Ўзим ғизиллаб чопиб кетяпману, ер, осмон, шамолга қараб: мени кўриб қўйинглар! Кўрдингизми, ғурурдан бошим осмонда! Мен энди мактабда ўқийман, бошқа болаларни ҳам ўзим билан ўқишга олиб бораман... - деб шодлигим ичимга сиғмай кетяпти.

*  *  *

Бўрининг боласи ўлса ҳам ит бўлмайди!

*  *  *

Ҳозир ҳам ўйлаб туриб, ёзилган нарсани ўзи зўрға ҳижжалаб ўқийдиган бу чаласавод йигитнинг шундай буюк ишга бел боғлаганига ҳайрон қоламан, ахир унинг қўлида биронта дарслик, ҳатто оддий алифбе китоб ҳам йўқ эди-да! Ота-бувалари, етти пушти хат-саводсиз ўтиб келган болаларни ўқитиш осон гап дейсизми!

*  *  *

Ўшанда муаллимимизни одамгарчилиги, яхши ниятлари учун, бизларнинг келажагимиз тўғрисида ғамхўрлик қилганлиги учун ҳам унга меҳр қўйиб, иззат-ҳурматини бажо келтирган бўлсак керак. Бизлар гўдак болалар бўлсак ҳам, ўйимча, ўша вақтдаёқ ақлимиз етиб турарди шунақа нарсаларга.

Бўлмаса тиззадан сув кечиб, изғиринда нафасимиз кесилиб, шунча узоқ жойга - тепаликка ҳар кун қатнаб тинка-мадоримизни қуритишга бизни ким мажбур қиларди, дейсиз? Мактабга ўз ихтиёримиз билан ҳавас қилиб борардик. Ўқишларингга борсаларинг-чи, деб бизни қистовга оладиган ҳеч ким йўқ эди. Бу музхона саройда юз-кўзларимизни қиров босиб, оёқ-қўлларимиз совуқдан музлаб қолса ҳам, чидаб ўтирардик. Фақат печка ёнига бориб навбатма-навбат исиниб олардик, қолганларимиз ўз ўрнимизда Дуйшэннинг дарсларига қулоқ солиб, ўқиш билан машғул бўлардик.

*  *  *

Оҳ, қани энди одамзоднинг босган излари бир умр ўчмасайди! Дуйшэн иккимиз тоғдан тушиб келган сўқмоқ йўлни тополсам, сажда қилиб, муаллимнинг босган изларини ўпардим. Бу сўқмоқ мен учун ҳамма йўллардан ҳам азиз. Менга янги ҳаёт бағишлаган, янги умид-орзулар ҳадя қилган, ёруғ дунёга чиқарган ўша кун, ўша сўқмоқ, ўша йўл хайрли бўлсин... Ўша қуёшга минг бор раҳмат, ўша замон тупроғига офарин...

*  *  *

Эҳ, тераклар, жон тераклар! Қанча-қанча сувлар оқиб ўтди-ю, у маҳалда сизлар кўм-кўк кўчат эдингиз! Мана, энди сизларни эккан, вояга етказган одамнинг ҳамма орзу-истаклари, айтган гаплари рўёбга чиқди. Нега маъюс кўринасиз, шовуллаб нимадан қайғурасиз? Ё қиш яқинлашиб қолди, изғирин шамоллар япроқларимизни тўкиб юборади деб, шунинг ташвишини қиляпсизми? Ё бўлмаса халқнинг ғам-ғуссаси, қайғу-алами шох-шаббаларингизни зирқиратяптими?

Ҳа, ҳали изғирин қиш ҳам келади, бебош бўронлар ҳам бўлади, лекин баҳор ҳам келади...

*  *  *

Тоғларда шундай чашмалар бўладики, янги йўл очилса, бу чашмаларга элтадиган сўқмоқ йўллар эсдан чиқиб кетади, сувсаганда йўлдан бурилиб борадиган йўловчилар тобора камаяди, шу билан бу чашмаларни ялпиз ёки наъматак босиб кетади. Кейин бора-бора йўловчилар кўзига кўринмай ҳам қолади. Бундай чашмалар онда-сонда биронтанинг эсида қолиб жазирама иссиқ кунларда ташнасини қондириш учун йўлдан бурилиб чашма бошига борса борар. Йўловчи келади-ю, ўт босиб кетган чашмани қидириб топади. Гиёҳларни амаллаб очади-ю, ҳайратидан "оҳ!" деб юборади: аллақачонлардан буён ҳеч ким лойқалатмаган, муздек булоқ сувининг тиниқлиги ва чуқурлигини кўриб ҳайратда қолади, булоқда у ўзини ҳам, қуёшни ҳам, осмонни ҳам, тоғ-тошларни ҳам кўради... Кўради-ю, шундай жойларни билмаслик гуноҳ, ёр-биродарларни ҳам бундан хабардор қилиш керак, деб кўнглидан ўтказиб қўяди. Шундай деб ўйлайди-ю, янаги сафаргача ўзи ҳам эсидан чиқариб қўяди.

Баъзан ҳаётда ҳам шундай бўларкан, шунинг учун ҳам бунинг оти ҳаёт бўлса керак...

*  *  *

Офтобда унниқиб кетган яланг оёқ боланинг суратини сол. У бола баландга чиқиб терак шохига ўтириб, узоқ-узоқларга завқ билан кўз ташлаб турибди.

Ёки бир сурат солиб, унга "Биринчи муаллим" деб ном қўй. Бунда Дуйшэн болаларни қўлига кўтариб сувдан ўтказиб турган бўлсину, қип-қизил почапўстин кийган, семиз-семиз ўйноқи от минган анави тўпос одамлар хўрлашиб, уни майна қилишаётган бўлсин...

Ё бўлмаса муаллимнинг Олтинойни шаҳарга кузатиб турганини тасвирла. Охирги марта юрагидан нидо чиқариб хайрлашгани эсингдами? Шу лаҳзани шундай ажойиб суратга тортгинки, суратинг Олтинойнинг қулоғи тагидан ҳали ҳам кетмаган Дуйшэн нидоси сингари ҳар бир кишининг юрагидан акс-садо топсин.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Report typo