Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” танлови вилоят босқичи ўтказилди

Б.САЙФИЕВ

11.05.2023


“Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” танлови вилоят босқичи ўтказилди

Қарши шаҳридаги Маънавият масканида “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмалари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур танловнинг вилоят босқичида туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 25 нафар тарғиботчи юқори натижа учун беллашишди.

- Айни пайтда вилоятдаги умумтаълим мактабларида 1200 нафарга яқин ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи фаолият кўрсатмоқда, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Лола Саодатова. – Ушбу рақам орқали танловнинг туман, шаҳар босқичлари кучли рақобат муҳитида ўтганини англаш қийин эмас.

Танлов иштирокчиларининг фаолияти 8 та йўналиш бўйича,  хусусан, ўқувчиларни тўгаракларга жалб қилиш самарадорлиги, мактабда ижодкор ўқувчиларни аниқлаш, улар иқтидорини рўёбга чиқариш бўйича қилинган ишлар, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини шакллантириш бўйича тадбирлар, турли китобхонлик, адабий-ижодий танловларда юқори натижа кўрсатиш, ижод мактаблари билан ҳамкорлик, фаолиятнинг ОАВда ёритилиши, ўқувчиларнинг турли танловларда эришган натижалари ва тарғиботчининг шахсий ижодий ютуқларига қараб баҳоланди.

Таъкидлаш ўринли, “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” танлови вилоят босқичида тарғиботчиларнинг бир йил давомида амалга оширган ишлари кўриб чиқилди. Бинобарин, шунга доир ҳужжатлар, альбомлар, IT-маҳсулотлар тўплами ишчи гуруҳ томонидан атрофлича ўрганилди. Шунингдек, тарғиботчилар уч дақиқалик ролик орқали ўз фаолияти ҳақида маълумот беришди.

Якуний натижаларга кўра, Косон туманидаги 95-мактаб тарғиботчиси Хуршида Бердиёрова ҳамда Қамаши туманидаги 24-мактаб тарғиботчиси Байрамали Қўлдошев 1-ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Шунингдек, Қарши туманидаги 42-мактаб тарғиботчиси Табассум Амирқулова 2- ва Қарши шаҳридаги 36-мактаб тарғиботчиси Отабек Раҳимов 3-ўринни эгаллашди.

Ғолиблар ва фаол иштирокчиларга китоблар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Б.САЙФИЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo