Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

13.09.2018


ЙИРИК ЗАВОДЛАР САМАРАСИЗ МУЛКЛАРИДАН ВОЗ КЕЧАДИ

Ҳужжатда айтилишича, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда маҳаллий ҳокимликларнинг нефть-газ тармоғи ташкилотлари ихтиёрида бўлган, айни пайтда фойдаланилмаётган ва умуман ихтисосликка оид бўлмаган мулкларини оммавий савдоларда хусусий мулк қилиб сотиш таклифи маъқулланган.

Аҳамиятлиси, вилоятимизда жойлашган соҳа корхоналари ҳам шу зайлда самарасиз бўлган ўз мулкларидан босқичма-босқич воз кечиши қайд этилган. Хусусан, воҳамизда фаолият кўрсатаётган "Кўкдумалоқгаз" қўшма корхонасига тегишли 3 тоифадаги мулк оммавий сотувга қўйилади. Муборак туманидаги қурилиши тугалланмаган маъмурий бино, 480 квадрат метр майдонни эгаллаган иссиқхона, 3,95 гектарлик интенсив боғ шулар сирасига киради.

Яна бир йирик завод - Шўртан газ-кимё мажмуаси ҳам ўз фаолияти профилига кирмайдиган бир қанча мулкларни хусусий мулкдорларга сотади. Деҳқонобод туманидаги макарон, печенье ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехларини шулар сирасига киритиш мумкин. Шу ҳудуддаги эчки боқиладиган ферма, Нишондаги биогаз қурилмасида ишловчи иссиқхона  ҳам хусусий тадбиркорга берилади.

"Муборакнефтгаз" масъулияти чекланган жамиятида ҳам эндиликда ихтисосликка оид бўлмаган тармоқлар қолмайди. Жумладан, 140 бош қорамолга мўлжалланган мажмуа ва сутни қайта ишлаш цехи каби активлар тегишли тартибда реализация қилинади.

Энг кўп тармоқларидан "Шўртаннефтгаз" масъулияти чекланган жамияти ҳам айрилмоқда. Заводга қарашли, Яккабоғ туманида жойлашган 1000 тонна сиғимга эга мева-сабзавот сақлаш совуткичи, Ғузор туманида 16 гектардан зиёд майдонда ташкил этилган 1400 бош йирик қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплекси, Қарши шаҳридаги меҳмонхона хусусий мулкдорлар қўлига ўтади. Ушбу корхонанинг Ғузор туманидаги колбаса ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехлари, Ғузор ва Касбидаги паррандачилик фабрикалари, Яккабоғ туманидаги қарийб 65 гектарлик интенсив боғи ҳам оммавий сотувга қўйилмоқда.

"Ўзбекгеофизика" акциядорлик жамияти эса Китоб шаҳридаги бино ва иншоотлари, Шаҳрисабз туманидаги 16,6 гектар интенсив боғидан воз кечмоқда. Шу вақтгача "Қарши нефть базаси" масъулияти чекланган жамияти тасарруф этиб келган Шаҳрисабздаги 9 гектарлик боғдорчилик хўжалиги ҳам тегишли тартибда хусусийлаштирилади. Мазкур ҳужжатда "Косон нефтьгаз разведка экспедицияси" МЧЖ балансида ҳам самарасиз активлар борлиги кўрсатиб ўтилган.

Шу билан бирга, соҳа корхоналарининг хўжалик жамиятлари устав капиталидаги улушлари ҳам оммавий сотувларга қўйилган. "Муборак газни қайта ишлаш заводи" МЧЖнинг пайпоқ ишлаб чиқарувчи "Муборактекс" фабрикаси, Шўртан газ-кимё мажмуасига қарашли "Яккабоғ воҳа текс" МЧЖ, "Муборакнефтгаз" МЧЖга қарашли "МНГ-Паррандакомплекс" МЧЖдаги улушлар хусусий тадбиркорларга   реализация қилинади. 

Активлар тадбиркорлик субъектларига активлар бозор қийматининг камида ўн беш  фоизини олдиндан тўлаш ва тўловларнинг қолган қисмини ҳар йили тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилади.

Ҳукумат қарорида нефть-газ тармоғи ташкилотларининг маълум турдаги активларини қолдиқ (баланс) қиймати бўйича улардан кейинчалик самарали фойдаланиш учун давлат мулки сифатида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ва бошқа ташкилотларга оператив бошқарувга бериш ҳақида ҳам фикр билдирилган.

Мисол учун, Қарши шаҳридаги амфитеатр, Мустақиллик майдонини шу пайтгача "Шўртан газ-кимё мажмуаси" тасарруф этиб келган бўлса, энди уларни вилоят ҳокимлиги сақлайди. Шунингдек, "Муборакнефтгаз" МЧЖнинг Муборак туманидаги деҳқончиликка мўлжалланган қарийб 370 гектар ери, "Шўртаннефтгаз" МЧЖнинг Ғузор туманидаги 3 минг гектардан ортиқ ери маҳаллий ҳокимликка қайтарилмоқда. Қарши шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган урология маркази Қарши филиали эса "Шўртан газ-кимё мажмуаси"дан олиниб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси балансига ўтказилмоқда.

М.ШУҲРАТОВ

Report typo