Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

07.12.2023


ЁЛҒИЗЛИКДАН БЎЛАК ҲЕЧ БИР ҲИС ИНСОННИ ҚАЛБАН ЗАИФ ҚИЛИБ ҚЎЯ ОЛМАЙДИ

Сараланган сатрлар

Бош қомусимизнинг 25-моддасини биласиз. Унда шундай жумлалар  битилган: "Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир".

Дарҳақиқат, ҳар қандай инсонга ҳаётдан азиз, яшашдан улуғ неъмат йўқ аслида. Унга бўлган тажовуз эса ҳар қанча нафратга, оғир жазога лойиқ. Кейинги вақтларда оммавий ахборот воситаларида, айниқса, ижтимоий тармоқларда тез-тез гувоҳи бўляпмиз: баъзан инсон ҳаётининг писта пўчоғичалик қадри йўқмикан, дея ўйлаб қоласан киши. Демакки, бу борада қонунлар мукаммал, жазо муқаррар бўлмоғи даркор.

Албатта, жиноятга жазо бериш бошқа масала, аммо уни юзага келтираётган сабабларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва хулоса чиқариш янада эътиборга молик жиҳат. Дунё адабиётида шундай асарлар борки, ёвуз жиноятчилар психологиясини ўрганиш орқали жамиятда уларга нисбатан кураш кайфиятини шакллантириши баробарида турфа қинғирликларни юзага келтирадиган омилларни бартараф этиш имконини беради.

Шундай асарлардан бири америкалик ёзувчи Томас Ҳаррис қаламига мансуб "Қўзичоқлар сукунати" романи бўлиб, ўткир сюжетли детектив жанридаги ушбу китоб ўқувчини ҳам ҳаяжонга, ҳам қўрқувга солади.

Бир вақтлар кучли психолог сифатида танилган Ганнибал Лектер ўз беморларининг қотили экани аниқ бўлиб, ақлдан озган деб топилгач, махсус касалхонага жойлаштирилади. Унга панжара орқали ҳеч нарса узатилмайди, ҳатто панжарага қўл ҳам теккизилмайди. Унга юмшоқ қоғоздан бошқа ҳеч нарса бериш мумкин эмас. Қалам ва ручка бериш қатъиян тақиқланади. Бериладиган қоғозларда ҳеч қанақа сим, қисқич ёки тўғноғич бўлмаслиги шарт. Барча нарсалар махсус овқат патниси орқали нариги томонга ўтказилади ва худди шу тарзда қайтариб олинади.

Хуллас, шу тариқа қўриқланадиган "бемор" қамоқ-шифохонадан туриб, жиноятчилар психологиясига доир мақолалар ёзади. Федерал қидирув бюроси унинг шу қобилиятидан келиб чиқиб, бир-бирига ўхшаш даҳшатли қотилликлар содир этаётган жиноятчини аниқлашга киришади. Табиийки, бу осон эмас.

Хўш, доктор Лектер кўрмаган-билмаган жиноятчи ҳақида нималар айтиши мумкин? Умуман, бирор нарса дермикан ўзи? Даҳшатли қотилликлар содир этаётган ёвуз ва телба кишини қўлга туширишга муваффақ бўлишадими? Китоб нега "Қўзичоқлар сукунати" деб номланади? Буларнинг барига китоб тўла мутолааси асносида жавоб топасиз.

Мазкур роман шу вақтгача дунё бўйлаб 10 миллиондан ортиқ нусхада сотилган. Асар 1988 йилда "Энг яхши роман" тоифаси бўйича Брем Стокер мукофотига, 1989 йилда "Энг яхши роман" йўналишида "World Fantasy Award" мукофотига сазовор бўлган.

1991 йилда асар асосида суратга олинган бадиий фильм 5 та номинацияда "Оскар" мукофотини қўлга киритган.

*  *  *

Клерис аёл киши котибалик лавозимида иш бошлаганида нима бўлишини жуда яхши биларди: улар пешонасига ёпиштириладиган "котиба"лик   тамғасидан то ҳаётининг сўнгигача қутула олишмайди. Олдига имконият ўз оёғи билан юриб келган бўлса ҳам тўғри ва оқилона танлов қилиш лозим.

*  *  *

Ҳеч қачон қочиримга қочирим билан жавоб бера кўрманг. Бу ғирт аҳмоқлик. Бир гапни қулоғингизга қуйиб олинг: қочиримни тушуниб, дарҳол унга шу оҳангда жавоб қайтариш суҳбатдошингизнинг гапини тезда тугатиб, суҳбат мавзусидан четга чиқишига ҳамда ўзаро кайфиятнинг ёмонлашувига олиб келади.Суҳбатнинг муваффақиятли тугаши бевосита кайфият ва муҳитга боғлиқ.

*  *  *

Ақлли бўлиш - даҳшатнинг ўзгинаси. У жуда кўп нарсани чиппакка чиқариб юбориши мумкин.

*  *  *

Кўчада содир этилган қотилликнинг қурбони сингари уларнинг ўлимида ҳам улкан фожиа яширин. Жабрланувчи тушиб қолган оғир вазият, унинг инсон сифатида камситилиши, ҳалокатга дучор этилиши, ўзгаларнинг бефарқ боқувчи кўзлари - буларнинг барчаси оташин ғазабни келтириб чиқаради.

*  *  *

Шуни унутмангки, жиноятнинг ўзи чалкаш нарса, тергов эса баъзида уни янада чалкаштириб юборади. Шундай экан, полициячиларнинг сизни чалкаштириб юборишига зинҳор йўл қўйманг. Мустақил фикрланг ва синчков қарашингизни асраб-авайланг. Ички овозингизга қулоқ тутинг. Жиноятнинг ҳаётингизга бостириб кириб келишига йўл қўйманг, атрофингиздаги юз бераётган воқеа-ҳодисалар шахсий ҳаётингиздан ташқарида қолиши лозим. Бу қотилга бирорта андаза ё мезонни мажбуран сингдиришга уринманг. Ўзгача жиҳатларни қучоқ очиб кутиб олинг ва унинг ўзини намоён қилишига қўйиб беринг.

*  *  *

Шундай вақтлар бўладики, умуман бошқа одам бўлиб уйқудан уйғонасан.

*  *  *

Чиндан ҳам бир ёки икки бемаза газетанинг ўзи ҳаммасини остин-устин қилишга етиб-ортади.

*  *  *

Бизга ҳам бошқа нарсалар орасида энг зарури мана шу - тўсиқларга устомонлик билан чап бериш.

*  *  *

Ҳаёт шу қадар сирпанчиқки, у ҳақида китобларга асосан хулоса чиқариб бўлмайди. Золимлик шаҳвоний нафсдек, сил эса эшакемидек бўлиб кўринади.

*  *  *

Албатта, жарроҳ майиб-мажруҳ бўлиб қолган танага бамайлихотир қараши мумкин. Бироқ, ҳеч бир шифокор тирик инсоннинг ҳаёти қирқилаётганига баҳузур қараб тура олмаса керак.

*  *  *

Бюрократик ёлғонни хаспўшлаш ҳақиқатни айтишдан ҳам хавфлироқдир.

*  *  *

Ўзини доно кўрсатишга интилаётган катта ёшли одам бу йўлда истаганча ҳаддидан ошиши мумкин, бироқ сохта донишмандлик сохта устозга ишонган ёшлар учун аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.

*  *  *

Қаҳр ва умидсизликнинг тафаккур юритишингизга халал беришига йўл қўйманг. Шунда вазиятни назорат қила олишингиз ёки аксинча бўлиши намоён бўлади. Аҳмоқлик ва эътиборсизлик энг қақшатчқич зарбани беради.

*  *  *

Ортиқча нарсаларнинг барини музга айлантиринг ва олға юришда давом этинг. Шундагина аниқ мақсад орқали натижага эришасиз.

*  *  *

Император Марк Аврелий инсонни оддийликка ундайди. Унинг бош тамойили қуйидагича: бирор нарсага қизиқсанг, аввало унинг ўзида нимани гавдалантиришини, тузилиши қандайлигини ва сабабий моҳиятини сўраб ол.

*  *  *

"Бизга муҳаббатни ўргат ҳамда бепарво бўлишни англат.

Бизга сокин бўлишни ва тинчланишни ўргат".

*  *  *

Ҳамкасблари эллик беш ёшдан кейин мажбурий нафақага чиқиш ҳақида нима дейишганди? Ишингни севасан, лекин у сени ортиқ яхши кўрмайди.

*  *  *

Ҳасад нимадан бошланади? Албатта, тасаввуримиз маҳсулидан бошланмайди. Инсон зоти яралибдики, ҳасад ва бахиллик ботқоғига ботиб келади. Инсонлар ўзлари ҳар куни кўрадиган, кўз ўнгида аниқ гавдаланувчи нарсаларга ҳасад қилишади.

*  *  *

Камбағалларнинг доимий муаммоси - бу оёқ кийимнинг етишмаслиги.

*  *  *

Ёлғизликдан бўлак ҳеч бир ҳис инсонни қалбан заиф қилиб қўя олмайди. Очкўзлик борасида ҳам шундай дейиш мумкин.

*  *  *

Ечим топиш худди овга ўхшайди - кўзланган натижага эришганингда шафқатсиз ва ёввойи лаззатни ҳис этасан.

*  *  *

Ердаги ҳар бир гўшанинг ўз гўзаллигини тўлақонли акс эттирадиган лаҳзаси бўлади ва бирор жойда муқим яшовчи ҳар бир инсон ушбу оннинг қачон келишини билади ва уни орзиқиб кутади.

*  *  *

Кир машинасининг ритмик гувиллаши кучли юрак уришини эслатишини, ичидаги сувнинг шовуллаб оқиши эса она қорнидаги болага эшитилувчи товуш эканлигини Мепп фаҳмлаб етганди. Булар аслида тўлақонли ҳаловат ва тинчлик давридан ёдгор бўлиб қолган энг сўнгги хотираларимиздир.

*  *  *

Кулфатларнинг адоғи йўқ, улар бу дунёда абадий қолади.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo