Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

02.11.2023


ЁЛҒОН ҚАНЧАЛИК УЛКАН БЎЛСА, ШУНЧАЛИК КЎП ҚИЗИҚИШ УЙҒОТАДИ

Сараланган сатрлар

Ўтган аср 80-йилларида Тожикистонда Вахш водийси ўзлаштирилганининг ярим асрлик юбилейи нишонланган. Журналистлар учун ташкил қилинган матбуот анжуманида Қўрғонтепа области партия қўмитаси биринчи котиби Ғойиб Паллаевга мухбирлардан бири водийни ўзлаштиришда қанча миллат вакиллари қатнашгани ҳақида савол берган. Раҳбарнинг "Ўттиздан кўпроқ миллат ва яна бир япон офицери", - деган жавоби, табиийки, кўпчиликни қизиқтириб қўйган.

Вахшга ҳаммани ҳар хил сабаб бошлаб келган, бироқ япон офицерининг бу ерларга келиб қолиши тарихи жуда қизиқарли. Маълум бўлишича, НКВДнинг "Вахшстрой"даги махсус бўлими бошлиғи Муборакшо Кагарманов хизмат фаолияти давомида кундалик ёзиш тақиқланган бўлишига қарамай, ирригацион қурилишларда бевосита қатнашган япон офицери Ютаро Тода кечмишини шахсий қайдларига муҳрлаган. Ёзувлар махфий характерга эга бўлиб, тезкор ишлар тўғрисида маълумотлар, агентура рўйхатлари, қурилиш раҳбарлари шахсига доир маълумотлар жой олган. Кейинчалик НКВД ходимини Москвага ўтказишган ва қандайдир сабаб-тасодиф туфайли дафтар Вахшда қолиб кетган. Шу ўринда махсус бўлим ходими 1937 йилги қатағонлар даврида отиб ташланганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Ато Ҳамдам, Леонид Чигрин ҳаммуаллифлигида ёзилган "Япон зобити. Ютаро Тоданинг асирликда бошидан кечирганлари" романига айни шу махсус бўлим ходимининг ҳужжатлари асос қилиб олинган.

Хўш, Ютаро Тода қандай қилиб Тожикистонга келиб қолган?

Тарихдан маълумки, Россияда ишчи-деҳқонлар - большевиклар ҳокимиятга келгач, нафақат мамлакат ичкарисида, балки бошқа давлатларда ҳам қарши ҳаракатлар бошланади. Инқилобий ўзгаришлар учқуни бошқа ерларга ҳам ёйилиб кетмаслиги учун 20 дан ортиқ давлат ўзаро битим тузади. Коалицияга аъзо давлатлар қўшинлари оқ армия ва унинг генералларига ёрдам бериш мақсадида Россия ҳудудига киради. Япония жанговар ҳаракатларни Узоқ Шарқ ва Россиянинг шимолида олиб боради. Ютаро Тода ана шу қўшин таркибида бўлиб, кейинчалик асир тушади. Қолган воқеалар тергов, қамоқ, сургун, тайга, Москва, Тошкент ва Тожикистонда кечади.

Асар инсоннинг буюк ва енгилмас иродаси ҳақида. Қолаверса, ўтган аср тарихига оид кўп маълумотлар бор. Биргина мисол: ҳикоя қилинаётган даврда Россияда жанглардаги очлик, касалликлар ва террордан 13 миллионга яқин киши, жумладан, Қизил армия сафларидан 1 миллионга яқин жангчи ҳалок бўлган. Фуқаролар уруши охирида 2 миллионга яқин киши мамлакатдан кўчиб кетган. Халқ хўжалигига етказилган зарар 50 миллиард тилла рублни ташкил қилган.

"Япон зобити" романи шу йил ўзбек тилида нашр қилинди. Мудҳиш тарих, НКВД қилмишлари, жосус сифатида айбланган япон офицери бошдан кечирган воқеалар Сизни мутаассир этишига ишонамиз.

*  *  *

Инсон ҳаёти қисқа ва тезоқар, лекин муҳлати тугамай туриб, уни узиб ташлаш тўғрими? Уни маъно-мазмун билан тўлдириш яхшироқ эмасми? Ахир шунда шахс сифатида муҳимроқ одамга айланасан ҳамда бошқаларга ҳам маъно ва илиқлик бахш этасан.

*  *  *

Душман - фақат қўлида милтиқ кўтариб сизга қарши бораётган одам эмас. У дўстингиз қиёфасида ҳам бўлиши мумкин.

*  *  *

Ҳали етиб бормаган мансаб поғоналарини эсдан чиқариш осонроқ кечади.

*  *  *

Дунёни нима бошқаради? Очлик, шуҳратпарастлик ва ҳасад.

*  *  *

У ёғини сўрасангиз, Лениннинг ўзи ҳам тизимсиз, яъни бир амаллаб маълумот ҳақида шаҳодатнома олиш учунгина экстерн ўқиган. Ақли пастлиги учун Сталинни семинариядан ҳайдашган, Оржоникидзе - фельдшер, Киров техника билим юртини тугата олмаган. Бу рўйхатни яна анча давом эттириш мумкин. Ва мана шу инсонлар давлатни бошқармоқчи бўлишяпти.

*  *  *

Большевикларни ақл эмас, балки ҳасад бошқармоқда. Яъни улардан ақллироқ, уддабуронроқ одамларга нисбатан ҳасад. Уларнинг ақидаси шундай: ўзим эплай олмадимми, демак, бошқа бировга ҳам йўқ. Мана шунинг учун турмахоналар лиқ тўла, шу боис шунча мутахассисни отиб ташлашди ёки чет элларга ҳайдаб юборишди. Балиқ овлашни эплай олмаганга қисқичбақа ҳам балиқ-да! Бесавод қаланғи-қасанғилар ичида улар кучли мутафаккирлардек кўринади.

*  *  *

Елкама-елка жанг қилган, пулемёт тариллаганида биргаликда ерга қапишиб ётган, душманга қарши баравар жангга ташланган дўстлар ҳеч қачон бир-бирини сотмайди. Бу лаҳзаларда ёлғон ва сотқинликка йўл бермайдиган жанговар биродарлик пайдо бўлади!

*  *  *

Қамчи билан болтани уриб синдиролмайсан.

*  *  *

Эътиқод деган тушунча бор. Инсон худди ўша нарса билан мустаҳкам, усиз ҳайвонга ўхшаб кун кечиради.

*  *  *

Ҳаётимиз ўзи нима? Абадий ўзгаришлар зулматидаги ярқ этган бир учқун, агар эртами-кечми ўлишингга тўғри келса, унга ёпишиб олиш шартми?

*  *  *

Қанақасига ҳеч қандай ахлоқий қадриятларга эга бўлмаган ҳолда ҳамма нарсани вайрон қилиб, ҳамма нарсадан воз кечилади? Бу ҳайвонлар жамиятига қайтишни англатмайдими?

*  *  *

Турмахона, озодликдан маҳрум бўлиш - даҳшатнинг ўзгинаси. Бу инсон моҳияти устидан зўравонликдир.

*  *  *

Бир шахснинг ҳаракатларидаги мантиқ доим ҳам мамлакат манфаатлари билан мос келавермайди.

*  *  *

Маҳкумликда инсон юмор ҳиссини йўқотмагани яхши.  Демак, у ҳаёт учун ҳали йўқотилмаган, унда келажак бор.

*  *  *

Инсон тирик экан, уни умид тарк этмаслиги керак! То ҳаёт экансан, бу дунёда ҳаммаси ҳали узил-кесил тугамаган бўлади ва ҳатто омад бутунлай тарк этган тақдирда ҳам, хайрли натижага ишонишинг керак.

*  *  *

Ҳаёт - бамисоли ойна. Яъни инсонларга қандай муносабатда бўлсанг, эвазига ўзинг ҳам худди шундай муносабат оласан.

*  *  *

Бу ҳокимият ҳазиллашишни ёқтирмайди. Ҳаммани битта супурги билан супуриб ташлайди.

*  *  *

Ҳаёт ҳамма вақт ҳам орзу-ниятларимиз билан ҳисоблашавермас, унинг ўзига яраша синовлари бор ва келажагимизни ўзича қурар экан.

*  *  *

Ҳар бир жойнинг ўз қонун-қоидаси бор. Яъни ўша қоидага амал қилинг ва асло хор бўлмайсиз.

*  *  *

Кўҳна тамойил: ёлғон қанчалик улкан бўлса, шунчалик кўп қизиқиш уйғотади.

*  *  *

Енгил ҳаёт инсоннинг қадр-қимматини туширади, худди жуда кўп лойни ювган дарё каби саёзлашиб қолишига сабаб бўлади.

*  *  *

Чиройли гапиришяпти. Бироқ ҳатто Лев Толстой ҳам "Қоғозда ҳаммаси теп-текис, чунки жарлар борлигини унутиб қўйишган, ваҳоланки, ўша нотекисликлар устидан юриб ўтиш керак бўлади", деб ёзган.

*  *  *

Ҳеч қандай мақсадсиз, фақат бутун дунёдан аламингни олиш учунгина қудратли дарё оқимига қарши сузиш аҳмоқлик эди.

Майли, бизни ҳаётнинг ўзи ҳукм қила қолсин. Унинг ўзи энг яхши ҳакам ва ҳар қандай ақлсизликни даволовчи энг яхши табиб.

*  *  *

"Қийин замонларда яшаяпмиз. Кўнгилчанлик ва самимийлик инсоннинг энг катта душманларига айланиб қолди. Давлатимиз бошқарув механизмида нимадир нотўғри ишлаяпти".

*  *  *

Туриб қолган сув ерни ботқоққа айлантиради.

*  *  *

Ҳиссиётларимиз ҳамма вақт ҳам ақлга қулоқ тутавермайди.

*  *  *

Россиянинг қоидасига кўра, битта аҳмоқнинг ўрнига ундан ҳам баттарроғи келади.

*  *  *

Ҳозир урф бўлган "Ўрмон кесилаверади, пайрахалар учаверади" (ўша пайтда Сталиннинг севимли ибораси бўлган) деган фикр менга тўғри келмайди. Тўғри келган одам - пайраха эмас, у - алоҳида шахс ва агар унинг қанот ёзишига имкон берилса, жамиятга уни йўқ қилишдан кўра фойдаси кўпроқ тегади.

*  *  *

Инсон шунақа яралган. Яратиш эҳтиёжи, заминда ўзидан из қолдириш, жисмидан ҳам узоқроқ яшайдиган қандайдир улкан нарсага бутун қалбини бағишлаш - мана шу унинг ердаги вазифаси. Йўқ қилиш эмас, балки яратиш, келгуси авлодларга ўз меҳнатининг мевасини етказиш, бундан яхшироқ нима бўлиши мумкин? Инсоннинг сайёрамиздаги барча жонзотлардан устунлиги белгиси шу эмасми? Мана шунинг учун инсон буюк Яратувчининг ижодида тож бўлди, бу эса уни қуршаб турувчи олам устидан ҳукмронлигини оқлайди.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo