Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 январь, якшанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Шониёз ҚУРБОНОВ, Гулноза БУРАНОВА

07.01.2020


ЁРМА - СОВУҚДА ИССИҚЛИК БАҒИШЛОВЧИ ТАОМ

Қиш дастурхонига

Маълумки, инсон об-ҳаво ва  иқлим шароитига қараб маълум бир турдаги таомларга эҳтиёж сезади. Мисол учун, ёзнинг жазирама кунларида кўпроқ салқин ва енгил таомларни хоҳласак, ҳарорат пасайгани сари танамизнинг энергия сарфи ортиб, иссиқ ва калорияларга бой овқатларни истай бошлаймиз. Қишнинг қаҳратон кунларида организмга хуш ёқадиган ана шундай таомлардан бири ёрмадир.

Ёрманинг фойдали хусусияти шундаки, у турли витаминлар, минерал моддалар, целлюлоза (клетчатка), крахмал ҳамда оқсилларга бой. Бу моддалар организмнинг нормал ривожланишида катта аҳамиятга эга, саломатлик учун жуда зарур.

Хусусан, ёрмада целлюлозанинг мўл бўлиши туфайли йўғон ичакда унинг микроблар таъсирида парчаланиши натижасида давомли суръатда иссиқлик ажралиб туради. Шунинг учун бўлса керак, қадимда ҳарбийлар кеча-кундуз дала шароитида ҳаёт кечирган пайтларда тез-тез ёрма ва ундан тайёрланган таомларни истеъмол қилиб туришган.

Ҳозирги пайтда сотувда турли хил донлар (буғдой, арпа, сули, маккажўхори, тариқ, гуруч, нўхат, ясмиқ, маржумак (гречка) ва бошқалар)дан тайёрланган ёрма турлари мавжуд. Энг кўп ишлатиладиганларидан бири  чала эзилиб, пўстидан обдон ажратиб олинган оқ рангдаги майда буғдой ёрмасидир. Унинг таркибида кўп миқдорда крахмал, оқсил, калий, магний  элементлари, Е ҳамда В1 витаминлари бўлиб, у айниқса, ёш болалар, бемор кишиларга кўп тавсия этилади. Чунки ҳолсиз организмнинг ўзини тиклаб олиши, қўшимча куч йиғишида бу ёрмага тенг келадигани йўқ.

Гуручдан ажратиб олинадиган ва махсус эзиб тайёрланадиган ёрма (сечка) ҳам В гуруҳига кирадиган барча витаминлар, рух, йод, фосфор, мис ҳамда клетчаткага бой. Ундан тайёрланган таомлар тўйимли, фойдали бўлиши билан бирга, парҳезбоп озуқа ҳам ҳисобланади.

Шунингдек, маржумак ёрмаси ҳам жуда фойдали бўлиб, унда барча аминокислоталар (18 хил), темир, калий, кальций, фосфор, мис, йод, рух, фтор, кобальт, витаминлардан  В1, В2, В9 (фолий кислотаси), Е мўл бўлади. Аминокислоталардан лизин ва метионин бошқа ёрмаларга қараганда айнан маржумакда кўп учрайди. Шу жиҳати билан маржумак ёрмаси мускуллар ўсиши ва ривожланиши учун асқатади.

Арпадан тайёрланган ёрмада фосфор элементи кўп учрайди. Арпа дони ўсимликда етилиш олдидан йиғиб олиб қуритилса, ундан суюқ овқатларга солиб истеъмол қилинадиган жуда фойдали егулик тайёрлаш мумкин. Ушбу ёрмада темир, кальций, калий кўп бўлади. Яна мис, рух, марганец, молибден, кобальт, стронций, йод, хром, бром ҳам мавжуд. Арпа ёрмасида оқсиллар буғдойникидан кўп. Шу билан бир қаторда, у кучли антиоксидант хамдир. Ундан истеъмол қилиб турилса, танада ёғ тўпланмай мускул толалари тўлишиб, кучаяди.

Демакки, совуқ кунларда ёрмаларни тез-тез истеъмол қилиб туриш сиҳат-саломатлик учун асқатади. Шу ўринда унинг бошқа таомларга нисбатан арзонлигини ҳам ҳисобга олиш керак. Қолаверса, у ота-боболаримиз томонидан асрлар давомида севиб истеъмол қилиб келинган ва бундай таомларга сизу бизнинг организмимиз ҳозирги пайтда кўпайиб кетган фаст-фуд, гамбургер, чипсларга қараганда тадрижий мослашган.

Шониёз ҚУРБОНОВ,

биология фанлари доктори, профессор

Гулноза БУРАНОВА, физиолог

Report typo