Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

20.09.2019


ЁТ ҒОЯЛАРГА ҚАРШИ СОҒЛОМ РУҲ БИЛАН

Ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, уларни ватанпарварлик, миллий қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур мусобақа бу гал янада кенг қамровли ва шукуҳли кечди.

Спартакиадада нафақат ёшлар, балки нуронийлар, оилавий жамоалар ҳам иштирок этди. Жумладан, Қарши шаҳридаги "Нуронийлар маскани"да шахмат мусобақаси ташкил этилди. Унда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган 40 нафардан ортиқ нуроний "ақл баҳси"да беллашди.

Қизғин ва баҳсларга бой кечган мусобақада 1-ўринни Қарши шаҳрилик Раҳим Ражабов қўлга киритган бўлса, 2-ўринни шаҳрисабзлик Хайрулло Тўраев эгаллади. Эътиборли томони, 3-ўрин ҳам Шаҳрисабз шаҳри вакили Зафар Примовга насиб этди. Шаҳрисабз туманидан келган Тошпўлат Раҳимов эса "Энг ёши катта шахматчи" номинацияси ғолиби сифатида эътироф этилди.

Шунингдек, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ва ходимлари, уларнинг фарзандлари ўртасида "Отам, онам ва мен - спортчилар оиласимиз" шиори остида ўтказилган оилавий эстафета мусобақаси ҳам жўшқин руҳда кечди. Оилалар бир қатор шартлар бўйича эпчиллигу чаққонликларини намойиш этишди. Уларнинг ҳаракатлари ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўрин Шаҳрисабз тумани жамоасига насиб этган бўлса, 2-ўринни Китоб тумани, 3-ўринни эса Чироқчи тумани жамоалари қўлга киритди.

Бундан ташқари, ўқувчи ёшлар ўртасида сузиш, стол тенниси ҳамда спринт (эстафета), олий таълим муассасалари талабалари ўртасида армрестлинг ва кураш, тиббиёт ходимлари ўртасида эса футбол бўйича мусобақалар ташкил этилди.

Спартакиадада умумий ҳисобда ўн минг нафардан зиёд киши (уч минг нафардан ортиғи хотин-қизлар) иштирок этиб, спортда ҳам ўз иқтидорларини намоён қилдилар.

Спорт мусобақаларининг ғолиб ва совриндорлари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Спартакиада вилоят санъат усталари, талабалар ва ёш истеъдод эгалари томонидан намойиш этилган ажойиб шоу дастури билан якунланди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Суратларда: спартакиададан лавҳалар.

Report typo