Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 май, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Кўкдалада ҳоким ёрдамчиси туман раҳбарига дублёр сифатида бириктирилди

23.03.2023


Кўкдалада ҳоким ёрдамчиси туман раҳбарига дублёр сифатида бириктирилди

Кўкдала туманида салоҳиятли кадрлар резервига киритилган Наймансарой маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Имомжон Шерқулов икки ҳафта муддатга (23 мартдан 10 апрелгача) туман раҳбарига дублёр сифатида бириктирилди.

Туман ҳокими Хуррам Джураевнинг бу ҳақдаги тегишли фармойиши матни бугун “e-qaror.gov.uz” порталида эълон қилинди. 

Мазкур ҳужжатга илова қилинган йўриқномага асосан дублёрликни ташкил этишдан кўзланган мақсад номзодни касбий билимларини янада ривожлантириш, раҳбарлик салоҳиятини ўстириш, унда бошқарув, лидерлик маҳоратини, ташкилотчилик ва ташаббускорлик кўникмаларини шакллантириш, бошқарувда қарорлар қабул қилиш, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнларида фаол иштирок этишини таъминлашдан иборат.

Маълум қилинишича, дублёрликка қабул қилинган номзод асосий иш жойи бўйича лавозими ва ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда дублёрлик ўташ даврида хизматдан ажралади ва ҳокимлик, унинг фаолияти билан танишади, жараёнда фаол иштирок этиб, тажриба орттиради. Дублёрлик раҳбаридан йўл-йўриқлар олади, унинг кўрсатмаларини бажаради, биргаликда лойиҳалар муҳокамаларида, фуқароларни қабул қилиш жараёнида, йиғилишларда, жойларда олиб борилаётган ишларни кўздан кечиришда ва бошқа жараёнларда қатнашади. Айни пайтда ҳокимликнинг ички меҳнат тартиби қоидалари ва меҳнат интизомига тўлиқ риоя этади.

Ўз навбатида стажировка раҳбари дублёрга тўлақонли фаолият ўташ учун зарур шарт-шароитлар яратади, топшириқларни мувофиқлаштирган ҳолда керакли маслаҳатлар ва йўл-йўриқлар беради. Уни тегишли ҳужжатлар ва материаллар билан таништиради, кўрсатмалар асосида лойиҳалар муҳокамаларида, фуқароларни қабул қилиш жараёнида, йиғилишларда (келишилган ҳолда), жойларда олиб борилаётган ишларни кўздан кечириш мақсадида олиб боради. Муҳими номзодга мос келмайдиган вазифаларнинг юкланишига ҳамда топшириқлар берилишига йўл қўйилмайди.

Эслатиш жоизки, туман ва шаҳар даражасидаги раҳбарлик учун салоҳиятли кадрлар резервининг тузилиши, унга номзодларнинг фақат маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари орасидан танлаб олиниши ва компетенциясига қараб, улар учун мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилиши ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йил 4 август куни давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилганди.

Маълумотларга кўра, 1980 йилда туғилган Имомжон Шерқулов Наймансарой маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси лавозимида ўтган йил 11 январдан ишлаб келмоқда. Бундан олдин эса у “Қишлоққурилишбанк” Қашқадарё минтақавий филиали раҳбари лавозимида меҳнат қилган.

Хабар берилишича, салоҳиятли кадрлар резервига киритилган номзодлар томонидан раҳбарлик лавозимларига дублёрлик жараёнларини ўташ шу кунларда вилоятимизнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам бошланган.

 

Report typo