Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

05.01.2021


Карантин зонасида ишлагану, рағбатлантириш пулини олмаган

Коронавирус юқтирган беморлар билан мулоқотга киришадиган, беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга тегишли фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўловлари белгиланган. Бунда врачлар, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм, ўрта тиббиёт ходимлари, ҳамшира-лаборантларга – 15 миллион, кичик тиббиёт ходимларига – 10 ва бошқа ходимларга 5 миллион сўм (солиқлардан ташқари) тўланиши кўзда тутилган эди.

Бироқ карантин зонасида ишлаган бўлишига қарамай рағбатлантириш пулларини вақтида олмаган тиббиёт ходимлари ҳақидаги гап-сўзлар, мурожаатларга дуч келаяпмиз. Уларнинг навбатдагиси ҳақида вилоят адлия бошқармаси хабар бермоқда.

Айтилишича, Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмаси ходимлари – Н.Н. ва Г.Т. 2020 йилнинг 21 июлидан 4 августига қадар, яъни 14 кун давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги “Геолог” санатория-профилактикасида ташкил этилган карантин зонасида ишлаган. Бироқ белгиланган қўшимча рағбатлантириш пуллари ўз вақтида тўлаб берилмаган.

Мазкур мурожаат бошқарманинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан ўрганиб чиқилиб, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказига тақдимнома киритилди ва фуқароларнинг ҳар бирига 10 миллион сўмдан махсус рағбатлантириш пуллари тўлатиб берилди.

Албатта, ходим меҳнат қилганми ва бу учун уни рағбатлантириш кўзда тутилганми, шунга риоя этиш керак. Рағбат кўрган ходим ишига янада масъулиятли ёндашади, кўзбўямачилик бўлмаса, бошқалар ҳам жонини жабборга беришга тайёр туради.

Report typo