Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

С.АЛЛАЁРОВА

23.05.2017


КЕКСАЛАР ТАОМНОМАСИДА НИМАЛАР БЎЛИШИ КЕРАК?

- Кузатишларимиз қариялар таомномасида ҳамирли овқатлар, ҳайвон ёғлари ҳамда ҳар хил ширинликлар шу ёшдагилар учун белгиланган меъёр кўрсаткичларидан бирмунча юқори эканини кўрсатди. Аксинча, сут ва сут маҳсулотлари, мева-чевалар, полиз ва сабзавот маҳсулотларидан эса кексаларимиз негадир ўзларини тийиб келишади.

 Кўпчиликда овқат тайёрлашда ҳайвон ёғларини кам ишлатиш керак, деган қараш бор. Аммо бу нотўғри. Шу нарсага алоҳида эътибор бериш керакки, кексалар овқатида ҳайвон оқсиллари миқдор жиҳатидан камаймаслиги керак. Бу орқали кексалардаги жадаллашиб, парчаланиб кетаётган ҳужайра ва тўқималар синтезланади, сақланиб қолади.

Маълумки, бундай фойдали оқсиллар мол ва қўй гўштида кўп. Аммо  бу манбани сут ва сут маҳсулотлари ҳамда балиқдан ҳам олиш мумкин. Сут, қатиқнинг ҳазм бўлиши эса анча осон бўлиб, ҳазм аъзоларига оғирлик қилмайди. Бу ҳақда Абу Али ибн Сино ҳам ўз асарларида ёзиб қолдирган. У инсон организмида эрта қариш жараёнининг олдини олишда сутнинг ноёб хусусиятларини қайд этган.

Қариялар учун яна бир фойдали маҳсулот – творог. Унда оқсиллар мўл. Мунтазам истеъмол қилиш эса ҳужайра ва тўқималар емирилишининг олдини олиб, жигарда ёғ тўпланишига қарши курашади. Кунлик таомномада творог бўлиши ниҳоятда фойдали.

Хонадонида кексалари бор бекалар овқат тайёрлашда маълум режа тузиб олишса, мақсадга мувофиқ бўлади. Мутахассислар ҳар куни гўштли овқатлар истеъмол қилиш доим ҳам фойда бермаслигини айтишади. Шунинг учун ҳафтада 2-3 кун гўштсиз овқат тайёрлаш, ўрнига балиқ, тухум, айрим кунлари эса фақат полиз, сабзавот маҳсулотларидан тайёрланган таомларни тайёрлаш мақсадга мувофиқ.

Кексалар учун сариёғнинг фойдаси ҳам катта. Унинг ҳазм бўлиши қўй ёғи ёки мол чарвисига қараганда анча осон кечади.

Қадимдан халқимиз, айниқса, чорвадорлар юпқа, ғилвинди, қатлама каби миллий таомларни севиб тановул қилиб келади. Улар асосан ўсимлик ёғи ҳамда қаймоқ қўшиб тайёрланади. Бу таомлар кишини анча вақтгача тўқ сақлаб, саломатлигимиз учун қўй ва мол гўштидан фойдали саналади.

Инсон кексайиб боргани сари ҳазм аъзоларининг таомларни қайта ишлаш ва сўриш қобилияти ҳам пасайиб бораверади. Шу боис, тез ҳазм бўладиган, асосан суюқ, сабзавотли таомлар истеъмоли фойдали. Ҳар хил консервалар эса кони зарар. Консерва маҳсулотлари кўп кислотали муҳитда тайёрланиши сабабли уларни кўп  истеъмол қилиш қон қуюқлашишига олиб келади.

Арпа, маккажўхори, тариқ, сули қўшиб тегирмондан ўтказилган ундан тайёрланган оқ, қора нон организмни керакли элементлар  билан таъминлайди. Кўкатларни иссиқ овқатлар билан мунтазам ейиш, шунингдек, илдиз ва поясини қайнатиб, дамлама ҳолида ичиш ҳам яхши самара беради.

Айни дамда пишиб етилаётган мева-сабзавотлар кексайишнинг олдини олибгина қолмай, тетиклик бағишлайди. Қувватлантиради. Кайфиятни кўтариш хусусиятига ҳам эга. Лекин бобою момоларимиз тишлари йўқлиги ёки мўртлигини сабаб қилиб, бу маҳсулотларни истеъмол қилмай қўядилар. Шунинг учун уларга таом тайёрлашда мева-сабзавот ва кўкатларни майдалаб, бўтқа ҳолига келтириб берувчи қурилмалардан фойдаланиш зарур.

Айтиш жоизки, ҳар бир киши учун мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларига бўлган кунлик талаб ўртача 500-600 граммни ташкил этади. Лекин кексалар учун бу миқдор сал юқори, яъни 800-900 граммгача. Сабаби, қайд этилганидек, бу пайтда витаминлар ва фаол моддалар ошқозон-ичакда қийин сўрилади. Мева-сабзавотлар эса ошқозон-ичак фаолиятини яхшилашга хизмат қилади.

Ҳаётимизни сувсиз тасаввур эта олмаймиз. У барча тирик мавжудотлар учун энг муҳим озиқ модда бўлиб, организмдаги кераксиз, зарарли моддаларни танамиздан чиқаради. Шу билан бирга, танамизни тегишли ҳароратда сақлаб туради. Инсоннинг сувга бўлган суткалик талаби эса унинг ёши, жисмоний фаоллиги, муҳит ҳарорати ҳамда намлик даражасига боғлиқ бўлиб, ўртача 2,5 литрни ташкил этади. Кексаларда бу кўрсаткич 1,5 литр бўлиши мақсадга мувофиқ. Маълумки, одам кексайиб борган сари унинг танасидаги сув миқдори ҳам камайиб боради. Йўқотилган сув ўрнини эса суюқликлар ичиш, овқатлар истеъмол қилиш билан қоплаш мумкин.

Маълумот учун: биологлар кексалар учун мўлжалланган ўртача суткалик озиқ-овқат маҳсулотларининг миқдорини ҳисоблашди. Унга кўра, нон - 300 грамм, ёрмалар - 63 грамм, картошка - 200 грамм, ҳар хил полиз маҳсулотлари - 640, мева-чева - 300, гўшт ва гўшт маҳсулотлари – 35 грамм, творог - 70 грамм, сметана - 20 грамм, пишлоқ – 8 грамм, тухум - 25 грамм, сут, кефир - 400 грамм, сариёғ - 10 грамм, ўсимлик ёғи - 20 грамм, асал – 20 грамм, шакар - 35 грамм.

 Мазкур рақамлар турли тадқиқотлар натижалари асосида тавсия қилинмоқда. Бунда ҳудудимизнинг иссиқ иқлим шароити ва бошқа омиллар ҳам эътиборга олинди. Шундан келиб чиқиб, кексаларимизни соғлом овқатлантиришга одатлансак, улар ёнимизда ҳар доим тетик юришади.

С.АЛЛАЁРОВА ёзиб олди.

Report typo