Тўлепберген Қаипбергенов "Қорақалпоқнома" китобида: "У - баъзи бировлар учун гулқайчидек, яна бировлар учун бамисоли соявондек, учинчи бир одамлар учун эса очиқ-ойдин осмонга ўхшаркан, дейди".
Хўш, муаллиф нима ҳақида сўз юритмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича ташаббусларидан келиб чиққан ҳолда Республика маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан ўтказилган "Энг яхши китобхон" викторинасидаги дастлабки савол айни шу мазмунда бўлди.
Викторинада марказ вилоят бўлимининг ижтимоий тармоқдаги расмий каналига турли китоблардан қизиқарли савол жойланади ва биринчи бўлиб тўғри жавобни топган иштирокчига китоб совға қилинади! Унда ўқитувчилар, маънавиятчилар, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар, кенг китобхонлар оммаси фаол иштирок этишмоқда.
- Викторина ҳафтада беш кун ўтказилиб, энг яхши китобхонлар рағбатлантириб борилмоқда, - дейди Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова. - Келгусида ғолибларни жамлаб, улар ўртасида алоҳида танлов ўтказиш ниятимиз бор. Энг муҳими, ижтимоий тармоқ орқали китобхонлик тарғиб этилиб, ҳамфикр, билимга чанқоқ инсонлар бир манзилда жам бўлишаётир.
Дарҳақиқат, викторинанинг дастлабки ғолиблари орасида турли соҳа вакилларини кўриш мумкин. Жумладан, Эъзоза Шоймуродова Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти талабаси бўлса, Муниса Норқобилова Қамаши туманидаги 38-мактаб 11-синф ўқувчиси, Наргиза Рўзиева Қамаши туманидаги 54-мактабнинг, Ирода Шарипова Шаҳрисабз туманидаги 78-мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчисидир. Руслан Нуров эса вилоят божхона бошқармаси катта инспектори экани эътиборга лойиқ.
Айтиш ўринли, ўтган ҳафта ўтказилган викторинада Қамаши тумани китобхонлари пешқадамлик қилишди. Ғолибларга туҳфа қилинаётган китоблар эса Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамда унинг вилоят бўлими томонидан чоп этилган илмий, маънавий-маърифий асарлар, шунингдек, бадиий адабиётлар экани билан аҳамиятлидир. Яъни совринга қўйилаётган аксар китобларни сотувда топиб бўлмайди. Унга эга бўлишнинг йўли шуки, биринчилардан бўлиб тўғри жавоб йўллаш ва ўша китоб сизники!
Дарвоқе, юқоридаги саволнинг жавоби "Мансаб" эди...
НАСРИДДИН
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.