Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Сиёсат
  • Халқнинг ишончини, меҳрини қозониш инсон учун энг олий саодатдир!

Ўз мухбиримиз

26.10.2021


Халқнинг ишончини, меҳрини қозониш инсон учун энг олий саодатдир!

Президент сайловида Шавкат Мирзиёев ишончли ғалаба қозонди.

Кеча Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида комиссия раиси Зайниддин Низомхўжаев иштирокида навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди. Унда 24 октябрда бўлиб ўтган Президент сайловининг дастлабки натижалари ҳам эълон қилинди.  

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқаро мезонлар ва стандартларга мос миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик, эркинлик ва адолат каби умумэътироф этилган демократик принципларга тўла мос ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказилди.

Охирги беш йил мобайнида мамлакатимиз миллий сайлов қонунчилигида жиддий ўзгаришлар юз берди. Нуфузли халқаро экспертлар таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти   сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди.

Бу галги Президент сайлови илк бор 2019 йилда қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтди.

Сиёсий партиялар ва Президентликка номзодлар учун сайлов кампанияси даврида сайловолди  ташвиқоти учун тенг ва кенг имкониятлар яратилди.

Анжуманда эълон қилинган рақамларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 158 минг 907 нафар сайловчидан, чет элларда овоз берган   ватандошларимиз билан бирга ҳисоблаганда, 16 миллион 212 минг 343 нафари иштирок этди. Бу сайловчилар умумий сонининг 80,4 фоизидан иборатдир.

421 минг 176 нафар сайловчи жорий йилнинг 14 октябрдан 20 октябргача ўтказилган муддатидан  олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов ўтказувчи сайлов   участкаларининг барчасида сайлов бюллетенлари   санаб чиқилган.

Сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодлар сайловчиларнинг қуйидаги миқдордаги овозини олган:

 Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов - 3,4 фоиз;

 Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Нарзулло Наимович Обломурадов - 4,1 фоиз;

 Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан номзод Алишер Келдиевич Қодиров - 5,5 фоиз;

 Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Максуда Азизовна Варисова - 6,6 фоиз;

 Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев - 80,1 фоиз.

- Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига кўра, овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини, яъни 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзод Президент этиб сайланган, деб ҳисобланади, - деди Зайниддин Низомхўжаев. - Ушбу маълумотларга таяниб, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловчиларнинг энг кўп - 80,1 фоиз овозини олиб, ишончли ғалаба қозонди.

Ҳозирги вақтда Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссиялари томонидан тақдим этилган баённомалар ҳамда бошқа ҳужжатларни кўриб чиқмоқда. Марказий сайлов комиссияси фақат шундан сўнг Президент сайлови якунлари тўғрисида қарор қабул қилади.

Ўз мухбиримиз

Report typo