Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 август, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

02.06.2020


ХАРИД ШАРТЛАРИГА БЕФАРҚЛИК ЧУВ ТУШИБ ҚОЛИШГА ОЛИБ КЕЛАДИ

Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси ва туман (шаҳар) жамиятларига коммунал, савдо, соғлиқни сақлаш соҳалари ҳамда табиий газ, ичимлик суви, электр энергияси таъминотидаги қонунбузилиш ҳолатлари, шунингдек, почта, алоқа ва транспорт хизматларининг сифатсизлиги юзасидан жами 207 та мурожаат келиб тушган.

Шу асосда олиб борилган ўрганишлар натижасида 400 миллион сўмдан ортиқ моддий зарар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.

БОШЛАНҒИЧ БАДАЛНИ ҚАЙТАРИБ БЕРДИ

Қарши туманилик З.Эронов яхши ният билан Батош массивидаги намунавий лойиҳа асосида қурилаётган уй-жойдан олиш учун 17 миллион 155 минг сўм бошланғич бадални тўлайди.

Унга тегишли уйни қуриш "XXI аср хусусий инвест" МЧЖга тендерда ишониб топширилганди. Аммо орадан икки йил ўтса ҳам қурилиш ишлари ўз ниҳоясига етай демасди. Якунланган қисмларида эса иш сифатсиз бажарилганди. Пудратчи билан баҳсларда муаммоси ҳал бўлмаган фуқаро Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилишга мажбур бўлади.

Масала тегишли мутахассислар иштирокида атрофлича ўрганилди ва якунда бошланғич бадал учун тўпланган 17 миллион 155 минг  сўм истеъмолчига қайтарилди.

ТРИЦИКЛ БЕПУЛ ТАЪМИРЛАНДИ

Қарши тумани Қовчин қишлоғида яшовчи Бегзод Эргашев шу йилнинг 26 февраль куни "АS-Қашқадарё-Servis" шуъба корхонаси билан тузилган олди-сотди шартномасига мувофиқ, Наманганда ишлаб чиқарилган  трициклни 26 миллион сўмга сотиб олади. Бироқ трицикл бор-йўғи 400 километрга яқин йўл юриб, техник носоз ҳолга келиб қолади.

Ўрганиш жараёнида маълум бўлдики, Б.Эргашевга трициклни сотиб олиш пайтида "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонун  6-моддаси талабларига зид тарзда, товардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳамда шартлари тўғрисида сотувчи ва ишлаб чиқарувчи томонидан ҳеч қандай маълумот тақдим этилмаган. Шунингдек, истеъмолчига сервис китобчаси ва трициклни юритиш бўйича тегишли қўлланмалар ҳам берилмаган. Натижада Б.Эргашев техника воситасидан хавфсиз ва самарали фойдаланиш ҳамда кузатилган носозликни ўз вақтида бартараф этиш имконига эга бўлмаган.

Якунда ишлаб чиқарувчи томонидан мототранспорт воситасидаги нуқсонлар бепул тузатиб берилиши таъминланди.

8 ОЙДАН КЕЙИН ИШЛАМАЙ ҚОЛДИ

Ҳар ким ўз хонадонида муносиб шароит яратишга интилади. Қарши шаҳрилик Абдимурод Бўтаев ҳам сув иситиш қурилмасини кредитга олиб, хонадонига ўрнатди. Уч йил кафолат берилган ушбу мослама 8 ойдан кейин ишламай қолди.

Қурилмани сотиб олган жойига борганда, ишлаб чиқарувчи компаниянинг Қарши шаҳридаги сервис хизматига мурожаат қилиши кераклигини айтишади. Сервис ходими эса "Қишлоқ қурилиш инвест" МЧЖ томонидан етказиб берилган ва "Қашқадарё темир йўл қурилиш ва таъмирлаш бошқармаси" МЧЖ томонидан фуқаро хонадонига ўрнатилган сув иситкичнинг сув ва газ фильтрлари қўйилмаганлиги сабабли яроқсиз ҳолга келганини аниқлайди. Масала шу билан ҳал бўлмагандан кейин бу иш билан Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қарши шаҳар бўлими шуғуллана бошлади ва қонуний асосда ҳал этиладиган бўлди.

***

Шу ўринда истеъмолчиларга уй-жой қурилиши, қиймати баланд маҳсулотларни харид қилишдан олдин унинг сифатлилигига эътибор бериб,  тузилаётган шартнома шартларини батафсил ўрганиб чиқишни, турли маиший, техник, газ, электр, сув таъминоти ва бошқа соҳаларда хизмат кўрсатилганида, хизмат кўрсатилганлиги ҳақидаги ҳужжатларни, бирор нарса харид қилганда эса касса чекини талаб қилишни унутмасликни тавсия қилган бўлардик. Акс ҳолда харид шартларини англамай чув тушиб қолиш ҳеч гап эмас.

Вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси маълумотлари асосида Шоҳиста БОЗОРОВА тайёрлади.

Report typo