Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
10 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

18.01.2024


ХУДО БИЗГА УМРНИ БАРБОД ҚИЛИШ УЧУН БЕРМАГАН

Сараланган сатрлар

Қуйида сўз юритиладиган асар Буюк Британиянинг "Daily Telegraph" нашри эълон қилган энг яхши 10 та мумтоз асар рўйхатига кирган ва дунёни ўзгартирган, вақт чиғириғидан ўтган асарлар сирасида эътироф этилган.

BBC нашри саралаган "Барча даврларнинг янг яхши 200 та романи"да ҳам уни кўриш мумкин.

Муаллиф аёл киши бўлса-да, романини "Каррер Белл" тахаллуси остида эълон қилган. Бироқ орадан кўп вақт ўтмай, адабий жамоатчиликда эркакча тахаллус остида оддий ўқитувчи аёл ижод қилаётгани ҳақида миш-мишлар тарқалган ва у адабий давраларда машҳур бўлиб кетган.

Эътиборлиси, у билан бирга, сингиллари ҳам ижод билан шуғулланган ва инглиз адабиётида ўлмас дурдона асарлари билан довруқ қозонган. Хотирасини абадийлаштириш мақсадида Меркурийдаги кратерга улар номи берилган.

Романга "Муҳаббат тараннум этилган энг яхши асар", "Аёллар ўқиши шарт бўлган роман" каби таърифлар ҳам берилган. Гап қайси асар ҳақида бораётганини билиб бўлдингиз: Шарлотта Бронте қаламига мансуб "Жейн Эйр" романи!

Китоб инсон иродаси ҳақида. Тўғрисўзлик, ҳалоллик, пок виждон доим зафар қозониши тўғрисида. Гарчи Жейн Эйр болалигидаёқ етимликнинг аччиқ изтиробларини бошдан кечирган бўлишига қарамай, ҳаётга, яшашга, одамларга некбин қарашларини йўқотмайди. Одамларни, ҳаётни борича қабул қилади. Тақдирини ўзгартириш эмас, унинг ҳар бир куни, дақиқасини мазмунли ўтказиш ҳақида ўйлайди. Ва тўғри қилади...

Китобни албатта ўқиб чиқинг: ҳаёт, инсон ва тақдир ҳақидаги қарашларингиз эҳтимол ўзгаради, эҳтимол янги қарашлар билан бойийди...

*  *  *

Аслида, биз ўзимиз хоҳлаган   бошқа жуда кўп рўшноликларни тақиқлар тўсиғидан ўтиб, кечикиб қўлга киритамиз!

*  *  *

Камбағаллик ҳатто катта ёшдаги одамларни ҳам чўчитадиган қусур, болалар уни бошқача тасаввур қилишади, ўзгача ҳадиксирашади. Бу тушунча уларга кир-чир, сочлари тўзғиган одамларни: ўчоғида ўт ўчган қозондаги совиган ёвғонни эслатади. Мен учун қашшоқлик ҳақоратли тушунча эди.

*  *  *

Ҳар бир киши, аслида, ниманидир яхши кўриши, шу туйғуни ифода этишга арзирлик бирон-бир нарсани юрагига яқин олиб юриши бор гап.

*  *  *

Агар одамлар ҳамиша ёвузлик ва ноҳақликка қулоқ тутганларида, улар ҳамма нарсани ўз измига бўйсундириб, ўзлари хоҳлаган ишни қилган бўлардилар: улар ҳеч нимадан қўрқмай қўйишарди, вазият ёмонлашиб бораверарди.

*  *  *

Аросат азобидан аччиқроқ изтироб йўқ бу дунёда.

*  *  *

Унутма, агар бутун дунё сени ёмон деб, ҳазар қилган тақдирда ҳам ўз виждонинг олдида пок бўлсанг, яккаланиб қолмайсан.

*  *  *

Назаримда, инсон тинч ва осойишта ҳаётдан баҳра олиб яшаши керак, деганлар беҳуда ваъз ўқишади: ҳаётнинг мавжланиб тургани яхши. Мабодо тақдир унга шундай ҳаракатчанликни бермаган бўлса, у ўзини ўзи ҳаракатга келтириши лозим. Миллионлаб инсонлар бир хилликдаги ҳаёт тарзига маҳкум бўлганлар.

*  *  *

Баъзида аҳамиятсиз туюлган бир нарса бизни ерга тушириб қўяди.

*  *  *

Кишининг ташқи томони ҳақидаги саволга дарҳол жавоб бериш мушкул. Ҳар кимнинг диди ҳар хил, гап кишининг ташқи гўзаллигида эмас, уни гўзал қилиб кўрсатадиган нарса, аслида, яширин бўлади.

*  *  *

Менинг пешонамга бахт битилмаган бўлса, начора, ҳаётдан кичик-кичик шодликларни топишга ҳаракат қиламан, мабодо бир парчаси учраб қолса, ҳар нима қилиб, боримни бериб бўлса ҳам уни ушлаб қолишга тиришаман.

*  *  *

Юрагинг ва руҳиятингни, уларга эҳтиёжи йўқ одамга тиқиштирма.

*  *  *

На сайёҳнинг ором ва на гуноҳкор банданинг мағфират топиши уни қуршаб турган одамлар оммасига боғлиқ. Эркакдир, аёлдир - барчаси банда, файласуфлар фикрни ўзгартирадилар, роҳиблар қалбни. Бирор танишингиз, хато қилиб изтироб исканжасида қолган бўлса, ҳидоятни ўзига тенгдош одамлар орасидан эмас, юксакдан ахтарсин - тақдирни тузатиш фақат Унинг қўлида. Гуноҳлардан халос этиб, шифо берувчи - У.

*  *  *

Йиллар инсоннинг феълини ўзгартирмас экан. Пойдевори қийшиқ иморатни қанча баланд кўтарма, у қийшайиб бораверади.

*  *  *

Бемаъни туйғу ҳазми таом эмас, бироқ ҳиссиёт билан пармаланмаган фикр ҳам - худди, аччиқ, ёғсиз таом каби хўрак сифатида бир пулга қиммат.

*  *  *

Агар сени қуршаб турган жамоа сенинг борлигингдан қувонса, бундан ўтадиган шодлик бўлмаса керак.

*  *  *

Ҳаётда ҳамиша шундай бўлган. Кўнглингга манзур, тинчгина бир жой топиб, унга ўрнашиб олишга улгурмасингдан, қандайдир бир овоз, ором онлари тугаганини пеш қилиб туриб, бошқа ерга кетишга ундайди.

*  *  *

Одам боласи бу дунёда мутлақ комрон бўлолмайди, унинг, албатта, бир кемтиги бўлади. Мутлақ бахтиёрлик, бу менинг назаримда чўпчак, холос ёки шунчаки туш.

*  *  *

Омадсиз кишини ошналари ҳам унутади.

*  *  *

Кишининг, ўзи мавжуд бўлган жамиятда биринчи бўлиш истагидан ортиқроқ худбин илинжи бўлмаса керак. Худди мана шу нарса уни бемаъни ишларга ундайди.

*  *  *

Ачиниш баъзи бир одамлар томонидан худди - кишини хўрлайдиган садақага ўхшаб тақдим қилинади. Уни берган одамнинг юзига улоқтиргинг келади. Бу ҳис қўпол ва худбин одамнинг қалбидаги қиринди бўлиб, нохуш ҳолат туфайли нола чекаётган кишига жирканч назар билан қарашни билдиради.

*  *  *

Орзуда айб йўқ, ёшликдаги орзу ва интилишлар аслида, кишига қанот беради, учишга, забт этилмаган чўққиларни забт этишга ундайди.

*  *  *

Ўтмишни кавлашдан нима наф, ваҳоланки, бугунги кунимизнинг яхшилигидан мириққанимиз, эртанги кунимиз нурафшон эканидан қувонганимиз маъқул эмасми?

*  *  *

Қоида ва қонунлар васвасага тушмаган, ҳаётинг бир маромда кечаётган чоғ учун ижод қилинмаган, улар баайни шу дамлар, руҳинг ва тананг туғёнга тушган пайт аҳамият касб этади.

*  *  *

Маънавий хўрликни жисмоний изтироб билан омихта қилсангиз - бу ўта аянчли хотирага айланади.

*  *  *

Ҳақиқий қашшоқ одам камдан-кам ҳолларда кишида ишончсизлик уйғотади. Уст-боши дуруст одамнинг қашшоқлиги ҳар қандай одамни ҳушёр торттиради.

*  *  *

Маълумки, ери шудгорланмаган, тупроғи маърифат ўғити билан ишлов берилмаган заминдан хурофот уруғини йўқотиб бўлмайди, у тошни ёриб чиққан бегона ўт каби ўсиб чиқаверади, кўпайиб бораверади.

*  *  *

Ғилоф бандалари аслида, хушчақчақ одамлардан кўра, ўз туйғуларини очиқча муҳокама қилишга муҳтожлик сезадилар. Энг оғир чўкинди, бу - инсон ва унинг шовқинсиз қалб уммонига қанчалик маҳорат билан кириб боришга журъат этсангиз, унинг фойдасига беқиёс хизмат қилган бўласиз.

*  *  *

Мен одамлардаги ирода, куюнчаклик, иқтидорни қадрлайман. Зеро, юксак марраларнинг қўлга киритилишида, сарбаланд бўлишида ана шу фазилатлар муҳим ўрин тутади.

*  *  *

Бойлик - бу ҳаётнинг сиртига алоқадор моддий нарса, унда идеал бир нима йўқ, унга алоқадор ҳамма нарса совуққон ҳушёрликни талаб этади. Бу шунга тааллуқли бўлган ҳиссиётларга ҳам тегишли. Одамлар катта бойликка эга бўлсалар, "ура" деб оламга жар солмайдилар, аксинча, ўйга ботиб қолишади: энди бу бойликни нималарга ишлатиш, қандай сарфлаш хусусида фикрлай бошлайдилар. Толенинг туҳфасидан хурсанд бўлишади, аммо шу зайл жиддий муаммолар туғилади, қовоқлари осилиб, ўз бахту саодати ҳақида қайғуриб, безовта бўла бошлайдилар.

Бундан ташқари, "васиятнома", "мерос" сингари сўзлар, "ўлим", "қабрга қўйиш" сингари совуқдан-совуқ жумлалар билан ёнма-ён туради.

*  *  *

Муваффақият бизни танти қилиб қўяди. Кўп нарсали бўлганингда, учидан кимгадир нимадир улашсанг, ичингда қайнаб ётган ҳис-туйғуларнинг ортиқчасидан халос бўласан.

*  *  *

Қалби тош қотган одамнинг саволи кишининг юрак-бағрини қанчалар музлатиб юборишини билсангиз керак? Унинг ғазаби қор кўчкисига ўхшайди, зардаси эса - муз кўчкисига.

*  *  *

Худо менга бу умрни уни барбод қилишим учун бермаган.

*  *  *

Банди бўлган бургут учун ожизлик энг оғир кулфат саналади.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo