Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 август, жума. 2020 йил                         Махсус версия RU

Муҳаммади ҚОРАЕВ

28.07.2020


"КИМКИ ҚУРБОНЛИКНИ ДИЛИ ХУРСАНД ВА САВОБ УМИДИДА ҚИЛСА..."

Инсон ва дин

Аллоҳ таолога бандани яқинлаштирувчи молиявий ибодатлардан бири қурбонликдир. Чунки Аллоҳнинг розилигини топиш учун қурбонлик бир воситадир.

Қурбонлик қилиш Иброҳим алайҳиссалом суннатларини тирилтириш ҳамдир. Тарихдан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан маълумки, Аллоҳ таоло Ўзининг халили бўлмиш Иброҳим алайҳиссаломдан ўғли Исмоилни қурбонлик қилишни талаб қилади. Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломлар Аллоҳнинг иродасига буткул бўйсуниб, Унинг буйруғини амалга оширишга киришган пайтларида Аллоҳ таоло Иброҳимни тўхтатиб, Исмоилнинг ўрнига жаннатдан туширилган бир қўйни қурбон қилишга буюради. Аллоҳ таоло ўзининг азалий илмида Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом нечоғлик буюк иймон соҳиби эканликларини биларди, аммо Ўзининг чексиз ҳикматига мувофиқ, уларнинг иймон ва исломларини ташқи оламда ҳам зоҳир қилишни хоҳлади. Ота-бола пайғамбарлар ўзларининг мислсиз итоатларини кўрсатишгач, Аллоҳ таоло уларни мукофотлади. Уларни қиёматга қадар улуғланадиган, тилларда достон бўладиган буюк зотлардан қилди.

Юқоридаги фазилатлардан ташқари қурбонлик қилишда кишининг ўзи ва оила аъзоларига байрам кунида кенгчилик яратиш, ночор мусулмонлар орасида раҳм-шафқат ва муҳаббат уруғларини экиш, қалбларга сурур ва шодлик олиб кириш каби бир қатор эзгу ишлар мужассамдир.

Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг берган неъматларига шукрона, нафсни иллатлардан поклаш ҳамда банданинг Яратувчи амрига итоати ва тақвосининг кўринишидир. Шу сабабли Қуръони каримнинг "Ҳаж" сураси 37-оятида: "Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин У зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли - У зотни улуғлашларингиз учун - уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!" деган кўрсатма бордир.

Кимга қурбонлик вожиб бўлса, унинг зиммасига қурбонлик қилиш зарур. Қурбонликда шундай фазилатлар борки, уни тарк қилган одам жуда кўп манфаатлардан маҳрум бўлиб қолади. Кимнинг мутлақо шароити бўлмаса, энди у чорасиз.

Аллоҳ таоло айтади: "Сиз парвардигорингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг" ("Кавсар",  2 оят).

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки қурбонликни дили хурсанд ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) у учун дўзахдан парда бўлади" дедилар" (Табароний ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қурбонлик куни Одам боласи қурбонлик қилишидан кўра бирор бир амал Аллоҳ таолога зиёда маҳбуб эмас. Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохи, туёғи ва юнглари билан келади. Қурбонлик қони ерга тушишидан аввал Аллоҳ таолонинг ҳузурида хос мақомга эга бўлади. Шунинг учун мамнуният ила қурбонлик қилинглар", дедилар" (Ибн Можа, Термизий ривояти).

Ҳазрати Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу: "Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қурбонликнинг ҳақиқати нима?" деб сўрадик.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннати" дедилар.

Биз: "Ундан бизга нима наф бор?" дедик. У зот: "Ҳар бир тук эвазига битта ҳасана", дедилар. Биз: "Эй, Аллоҳнинг Расули юнг-чи?" дедик. У зот: "Юнглардан ҳар бирига битта ҳасана", дедилар".

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога: "Қурбонлигингиз олдида туриб, гувоҳ бўлинг. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатра томчиси билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади", дедилар. Шунда у (Фотима онамиз): "Эй, Аллоҳнинг Расули, бу фақат биз аҳли байт учунми ёки биз ва барча мусулмонлар учунми?" дедилар. Шунда у зот: "Биз ва барча мусулмонлар учун", дедилар".

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Зулҳижжанинг 10 куни, қурбонлик қилиш кунидир. Бу кунда ҳар ким қурбонлик қилса, Аллоҳ таоло қурбонлик қонининг ҳар қатраси баробарига унинг ва аҳли оиласининг гуноҳларини мағфират этади. Қурбонликнинг гўштидан таом тайёрлаб мусулмонларга берса ёки гўштини садақа қилса, унинг савоб тарозисини Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ қилади", деб марҳамат қилган эдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилган: "Ёш, навқирон, бақувват жониворларни қурбонлик қилинглар. Чунки, улар (қиёмат куни) сирот кўприги устидаги уловларингиздир".

Қурбонликнинг ҳикмати ва фазилатлари ҳақида қанча гапирилса, шунча оз. Шулардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

1. Қурбонлик - "қурбат", яъни яқинлашиш сўзи билан ўзакдошдир. Бу билан биринчи ўринда Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлиш, унинг марҳаматига яқин бўлиш мақсад қилинади.

2. Бу - Аллоҳнинг шиорларини, У жорий этган диний маросимларни улуғлаш, ҳурматлаш демакдир. "(Иш) шудир! Кимки Аллоҳнинг маросимларини улуғлар (ҳурматлар) экан, бас, албатта бу (ҳурмат) қалблардаги тақво туфайлидандир" ("Ҳаж" сураси,  32-оят). Демак, қурбонлик қилиш қалблардаги тақво аломати экан. Зотан, қурбонликнинг гўштидан ҳам, қонидан ҳам Аллоҳга бирон бир фойда йўқ. Балки, бу ўзимиз учун фойдадир.

3. Байрам кунида қурбонлик сўйиш хурсандчилик устига яна бир хурсандчиликдир. Бу инсоннинг ўзига ва аҳли оиласига кенгчилик яратиши учун василадир. Қўни-қўшни, хешу ақрабо ва ёру биродарларга икром қилиш, фақиру мискинларнинг, шикастадил одамларнинг кўнгилларига шодлик олиб кириш учун энг яхши фурсатдир.

4. Тақвога эришиш. Аллоҳ таоло айтади: "Унинг (қурбонликнинг) на гўшти ва на қони Аллоҳга етиб борур! Балки (шу иш орқали) сизлардан пайдо бўлган тақвогина Унга етур" ("Ҳаж" сураси, 37-оят).

5. Қурбонлик Аллоҳ таолога У Зот ато этган ҳисобсиз неъматлари учун шукур қилишнинг бир кўринишидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бани башарга санаб адоғига етиб бўлмайдиган даражада беадад неъматлар ато этди. Унга ҳаёт берди, хилқатини чиройли қилди, сиҳат-саломатлик берди, ҳис-туйғуларини баён этиши учун тил, ёруғ дунёни кўриши учун икки кўз, оқни қорадан ажратиши учун ақл берди. Бойлик, молу давлат берди. Иймону ислом неъматига муяссар этди. Буларнинг бари шукур қилишни вожиб қилувчи буюк неъматлардир. Қурбонлик ана шу неъматларнинг ожизона бир шукронаси ўлароқ банда томонидан амалга ошириладиган ишдир.

Аллоҳ таоло розилиги учун ва Унинг беҳисоб неъматларига шукрона ҳиссининг рамзи ўлароқ қон чиқариш динимиз ислом таълимотида буюк амаллардан саналади. Бу - қалбдаги тақводан, иймон нуридан далолатдир.

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили ўринбосари

 

Report typo