Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

05.07.2019


КИТОБЛИК КИТОБХОНЛАР

Танлов тумандаги 2-давлат ихтисослашган мактаб-интернати она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Жасур Усмонов ташаббуси асосида  Китоб тумани ҳокимлиги кўмагида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Маълумки, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусдан бири китобхонлик маданиятини ошириш, ёшлар ўртасида китоб тарғиботини кучайтиришга бағишланган. Юксак эътибор китоб ўқишни жон-дили деб билган ёшларни тўлқинлантириб юборди. Уларни янги-янги ташаббусларга ундади. Буни биргина Жасур Усмонов фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Унинг ижтимоий тармоқда "Китоблик китобхонлар клуби"ни  ташкил этганлиги, шу орқали тумандаги китобхон ёшларни бирлаштириб, уларни янги китоблар билан таништириб бораётгани, китоб тарғиботини кучайтириш ва китобхон ёшлар ўртасида турли тадбирлар ўказишни ўзига мақсад қилиб олгани таҳсинга сазовор.

 "Китоблик китобхонлар клуби"нинг илк лойиҳаларидан бири ўқувчи ёшлар ўртасида "Зукко китобхон" танловини ўтказишдан иборат эди. Танловнинг дастлабки босқичи май ойида бўлиб ўтди.  Ёшлар куни арафасида эса туман маданият ва аҳоли дам олиш марказида саралаб олинган олти нафар ёш тўрт шарт бўйича беллашди. Дастлаб иштирокчилар ўзларини таништирар экан, китобга муҳаббатларини ҳам ифодаладилар, сўнг ташкилотчилар томонидан тақдим этилган бадиий адабиётлар, шунингдек, ўзлари ўқиган китоблар рўйхати бўйича саволларга жавоб бердилар. Якуний босқичда бадиий асарлар асосида саҳна кўринишлари намойиш этилди.

- Болалар ва ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий савиясини юксалтириш бугунги куннинг муҳим талабларидан биридир, - дейди тадбиркор Шоҳруҳ Шукруллаев. - Танловда иштирок этган ёшларнинг дадил ва теран фикрларини кузата туриб, юрт келажаги ишончли қўлларда эканига яна бир бор амин бўлдим. Китоб ёшлардаги билим ва кўникмаларни шакллантириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва турли зарарли оқимлар таъсиридан ҳимоя қилишда муҳим восита ҳамдир. Шундай экан, ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, етук инсон бўлиб тарбия топишлари учун ўтказиладиган ҳар бир маънавий-маърифий тадбирга ҳамкор бўлишга тайёрмиз.

Танлов  якунида 1-ўринни 28-мактаб ўқувчиси Дониёр Отамуродов, 2-ўринни 5-мактаб ўқувчиси Лайло Эсонмуродова,  3-ўринни  26-мактаб ўқувчиси Миршод Неъматов қўлга киритди. 1-, 2-ўринни олган ғолибларнинг ҳар бирига  ноутбук, 3-ўринни эгаллаган ўқувчига планшет совға қилинди. Ўқувчиларнинг устозлари ҳам рағбатлантирилди. Яъни 1-ўринни эгаллаган Дониёрнинг устози - мактаб кутубхоначисига принтер, Лайлонинг устози - она тили ва адабиёт фани ўқитувчисига бир миллион сўмлик, Миршоднинг устози - мактаб ёшлар етакчисига 500 минг сўмлик китоб жамланмалари топширилди.

Лола ЎРОҚОВА

Report typo