Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Конституциянинг янги таҳрири Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб беради

16.03.2023


Конституциянинг янги таҳрири Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб беради

2023 йил 14 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди, дея маълум қилади мамлакат парламентининг юқори палатаси ахборот хизмати.

Сенаторлар "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.

Жорий йил 10 март куни Қонунчилик палатаси мажлиси ўтказилиб, унда Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумни тайинлаш ва уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қарорда, унинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш учун уни Конституциявий судга юбориш ва унинг хулосасини олиш ҳам белгиланган эди.

Конституциявий суд жорий йил 13 март куни ўз мажлисини ўтказиб, юқоридаги қарорни ўрганди ва уни Конституцияга мувофиқ деб топди. "Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ, Конституциявий қонун лойиҳаси Сенатда кўриб чиқилди.

Мажлисда таъкидланганидек, конституциявий ислоҳотлар мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида кечаётган туб ўзгаришларнинг узвий қисми бўлиб, уларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратади ҳамда Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка ва шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштиради.

Мажлисда Конституциянинг янги таҳрири ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратиши, аҳоли фаровонлигини ошириши, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириши ва ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлиши ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб бериши эътироф этилди.

Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида Конституциянинг моддалари амалдаги 128 тадан 155 тага кўпайиб, нормалари ҳажми 65 фоизга ошди. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларнинг сони ва мазмуни Конституцияни янги таҳрирда қабул қилиш заруратидан далолат бериши таъкидланди.

Муҳокамалар натижасида сенаторлар томонидан "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида"ги қарор қабул қилиниб, унга кўра референдум 2023 йил 30 апрель кунига тайинланди.

 

Report typo