Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • КОРРУПЦИЯ ДЕГАНДА ҲАММАНИНГ КЎЗИГА НУҚУЛ БЕЧОРА ЎҚИТУВЧИ БИЛАН ДЎХТИР КЎРИНАДИ

Б.САЙФИЕВ

26.10.2023


КОРРУПЦИЯ ДЕГАНДА ҲАММАНИНГ КЎЗИГА НУҚУЛ БЕЧОРА ЎҚИТУВЧИ БИЛАН ДЎХТИР КЎРИНАДИ

Гўёки бошқа соҳаларда фақат қанотсиз фаришталар ишлайдигандек

Сараланган сатрлар

 

Бошдан айтиб қўяй, қуйида сўз юритиладиган асар ҳали китоб ҳолида чиққани йўқ. "Жаҳон адабиёти" журналининг шу йилги август сонида эълон қилинган. Хўш, дунёнинг қайси чеккасига мансуб адибнинг асари экан, деб ўйлаётгандирсиз. Гап шундаки, ушбу журнал баъзан-баъзан даражаси дунё адабиёти билан беллашадиган ўзбек адибларининг ҳам асарларини чоп этиб туради. Таъриф этилаётган асарнинг ҳам йўриғи шу, яна денг, муаллиф "катта" одам. Қарийб ўттиз йилдан бери ҳукумат ишида юрган одамнинг китоб ёзишга имкон топганининг ўзи ҳайратга лойиқ, бинобарин, кейинги икки-уч йилда ёзувчи Хайриддин Султоннинг "Одамлардан тинглаб ҳикоя", "Навоий-30" китоблари ҳамда биз айтаётган "Ишонч телефони" қиссаси дунё юзини кўргани чин адабиёт муҳибларининг фойдаси, десак ўринли бўлади. "Уч юз олтмиш тўрт кун", "Кўнгил озодадур", "Бобурийнома" китоблари эса эски асарларнинг янги нашри.

"Ишонч телефони" қиссаси аввало услуби билан эътиборни тортади. Ҳукумат даражасидаги ишонч телефонига бўлган қўнғироқлар орқали бугунги кунимиз манзараларини кўрамиз. Қаҳрамонлар орасида ноҳақ айбланган; ҳаётда ўрин топганлару топмаганлар; такасалтанг бекорчилар; тирикчилик ташвишлари ҳар қанча гирдобига тортмасин, ўзлигини сақлаб қолган инсонлар; бахт излаб "сеҳрли диёр"га йўл олган, бироқ бахтдан бошқа ҳар не топганлар; олис Африкадан 500 минг доллар муждасини эшитиб, бор-йўғини интернет қаллобларига тутқазган "уддабуронлар"; қўйингки, биз билан ҳамнафас, ҳамқадам яшаётган замондошларимизни кўрамиз. Айрим лавҳалар орасида ўша пайтдаги Камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, бизнес империяси билан мамлакатда жуда катта қудрат касб этган, бироқ бугун панжара ортида ҳаёт кечираётган "Опа" ҳақида ҳам фикрларга дуч келиб қоламиз.

Ушбу қиссани албатта ўқинг - ютқазмайсиз...

*  *  *

Томчи-томчи ёғаверса, ёмғир тошни ҳам тешар экан.

*  *  *

Бўламнинг оиласида камбағаллик қисқаргани йўқ, лекин менинг ҳам умидим қисқармади.

Ҳар замонда уларнинг ҳолидан хабар олгани борганимда қариндошимни эски, оқ-қора телевизор қаршисида ёнбошлаб ётган, хотинини эса қўшни аёллар билан кўча бошида гап сотиб турган ҳолда учратардим.

Худойберди билан салом-алик қилгач, телевизорга қараб, "Ҳа, нима кино экан?" десам, "Индийский. Кўрмаганмисиз? Мен беш марта кўрганман", деб дарҳол кинонинг мазмунини ҳикоя қилишга тушарди.

Бу орада уларнинг икки ўғил, бир қизи вояга ета бошлади. Болалари билан бақамти ўтириб, ўқиши, орзу-ниятлари ҳақида гаплашмоқчи бўлсам, ҳеч қачон уйдан топиб бўлмасди.

"Ҳа, бу жиянлар кўринмайди?" деб сўрасам, ота-онаси доим бир хил жавоб қайтарарди: "Бугун бир ўртоғининг туғилган куни экан...", "Бугун бир ошнасининг акаси уйланаётган экан...", "Бугун бозорда хўроз уриштираётган экан... шуни томоша қилгани кетувди..."

*  *  *

Ҳеч кимнинг бошига тушмасин, касаллик пулни бамисоли аждарҳодай ямламай ютар экан.

*  *  *

Камбағалликнинг асосий сабаби - нодонлик ва у туғма хусусият экан-да?

*  *  *

Ўғлим: "Нега ўқишга бормадинг, дарсга қатнашсанг ўлармидинг?" деб сўраса, Санжай: "Ишлаб, уйга ёрдам бермоқчи эдим, шунинг учун боролмадим", деб жавоб берибди. "Хўш, ишладингми?" деса, "Йўқ, иш топилмади-да", дермиш...

*  *  *

Аслида, амалингиз, давлатингиз бор пайтда атрофингизда пашшахўрда бўладиган, мансаб, пулингиз йўқ пайтда тепиб ўтадиган бу одамлар улфат эмас, қип-қизил кулфат бўлди.

*  *  *

Сергей Костюнин ўтган йиллар мобайнида қанча тиришса ҳам шоир бўлолмадию, лекин шоирга хос барча ишни қилишга, яъни, пиёниста бўлиб танилишга, иккита хотин билан ажрашишга улгурди.

*  *  *

У кишини танибманки, ҳамиша бир хил кийимда - қора костюм-шим, оқ кўйлак, кулранг галстукда кўрардим. Бошда бечора фақат ойликка яшаса керак, костюми ҳам битта экан, деб ўйлардим. Кейин-кейин каттаконларнинг даврасига кириб билдимки, айрим амалдорлар эътиборни тортмаслик, эл кўзига камтар кўриниш учун шундай кийиниб юришар экан. Аслида эса бунақанги қимматбаҳо бир хил костюмдан уларда йигирма-ўттизталаб бўларкан.

*  *  *

Ўзингиз биласиз, ўзбекнинг маросим-маъракасида урф-одатни маҳкам ушлайдилар, айниқса, қишлоқ жойларда. Энди... ўлик чиққан хонадонда нима бўларди? Тинимсиз йиғи, тиловат, дуои фотиҳа, диний суҳбат бўлади-да.

Лекин, биласизми, бунақа гаплар одамнинг онгига ёшликдан сингиб боргани маъқул экан. Отамга ўхшаб олтмишдан ошганидан кейин гўри қиёмат, жаннату дўзах, пулсирот, қабр азоби деган гапларни эшитган киши албатта ўлим ваҳмига тушиб, довдираб қолиши муқаррар экан.

*  *  *

Бир куни қўлимга Азиз Қаюмов деган одамнинг ўзбек тилидаги китоби тушиб қолди. Навоий ҳақида экан. Қийналиб ўқиб чиқдим, кўп жойини тушунмадим. Лекин бир зўр гап бор экан, ўқиб даҳшатга тушдим: подшо хазинасини махфий жойга яшириш учун содиқ қулига буйруқ берар экан, иш битганидан кейин эса уни ўлдиртирар экан...

Мен хизмат қиладиган бизнес империя ҳам, ҳар қандай сарой сингари, фисқу фасод, интригалар макони эди. Лоақал бир зум ғофил қолсанг, арзимас бир хатога йўл қўйсанг - бас, ўзинг зиндонда, молинг талонда.

*  *  *

Қўтир эчкига ўхшаб ҳар куни турланиб-тусланадиган бўлса, ўт тушсин бундай дунёга!

*  *  *

Ёш, лекин бош режиссёримиз театрда революция қилиш иштиёқи билан ўртаниб яшарди. Аммо ижодий жамоанинг тўқсон фоизига 1917 йилги Улуғ октябрь революциядан кейин  бошқа ҳеч қандай революциянинг кераги йўқ эди.

*  *  *

Кўп артистлар тирикчилик билан овораю сарсон, Ҳамлетни ўртаган, унинг мутаассир қалбини ларзага  солган дарду изтироблар бу одамлардан галактика қадар узоқ эди. Буни сизга қандай тушунтирсам экан?

Масалан, машҳур халқ артисти кундузи репетицияда Дания қироли қиёфасида намоён бўлса-да, кечқурун аллақайси маст-аласт оломоннинг кўнглини овлашга уринса, бунга нима дейсиз?

*  *  *

Мен ўзимни зўр артист деб ҳисоблаб юрардим. Энди билдим - энг зўр артистлар саҳнада эмас, томоша залида бўлар экан.

*  *  *

Мана, ҳозир кимни қараманг, коррупцияга қарши курашчи бўлиб қолди. Лекин коррупция деганда негадир ҳамманинг кўзига нуқул бечора ўқитувчи билан дўхтир кўринади. Гўёки бошқа соҳаларда фақат қанотсиз фаришталар ишлайдигандек. Ўзингиз айтинг, шу инсофданми?

Маълим билан врач пул олсаям, текинга олмайди-ку, қурби етганча болангизни ўқитиб, касалингизни даволаб беради, тўғрими? Бошқаларга ўхшаб одамларни қўрқитиб ё мажбур қилиб олмайди-ку! Битта қўнғироқ ё битта имзо билан миллион-миллион пора оладиганлар бор, улар билан нега ҳеч кимнинг иши йўқ? Шуниси алам қилади-да. Аслида жамиятда коррупцияни ўрнатган, ҳаммани шу балога ўргатган шулар эмасми?

Мана, дўхтир беморни операция қилиб ҳаётини сақлаб қолади, тўғрими? "Операция" деган сўз фақат қулоққа жарангдор эшитилади, холос. Лекин унинг шундай томонлари борки... Масалан, беморнинг, айтайлик, қорнини ёрганингизда баъзан шундоқ қўланса ҳид чиқадики, беш қават маска тақсангиз ҳам димоғингизни ёрворай дейди. Баъзи касаллар бор, ичак-чавоғи чириб кетган, ўн марта клизма қилиб ҳам тозалаб бўлмайди. На ота-онаси, на хотини, на боласи бунга дош беролади. Фақат шўрлик дўхтир, шўрлик ҳамшираю санитарка чидайди.

*  *  *

Албатта, мен порахўрлик, коррупцияни оқламоқчи эмасман. Лекин бизнинг ҳаётимизда, жумладан, тиббиёт соҳасида бу ҳолат нега авж олганини бироз тушунтириб бермоқчиман.

...Баъзан шундай бўладики, бемордан бир тийин ҳам унмайди - у ёки бу катта амалдорнинг одами, ёки ниҳоятда қашшоқ. Шунда бригадага гапнинг очиғини айтардим, лекин уларнинг қош-қовоғи тушиб кетганидан гапимга ишонишмаганини сезардим. Бундай вазиятда операция хавф остида қолади - норози одам ҳар қандай пасткашликдан ҳам тап тортмаслиги мумкин.

Масалан, энсаси қотиб турган анестезиолог бемордан эмас, мендан ўч олиш учун наркозни ё кўпроқ, ё озроқ бериб юбориши мумкин. Ана энди оқибатини ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Ёки бўлмаса, "доля"дан қуруқ қолган фаррош аёл ҳам жаҳл устида поллаттасини судраб операция хонасига атай микроб олиб кириши ёки бир учи аппаратга, бир учи беморнинг танасига уланган резина ичакни "билмасдан" швабраси билан туртиб юбориши мумкин, тушундингизми?

Яширишнинг ҳожати йўқ, бундай яширин тартиб ҳар қайси касалхонада бор. Бу шундай мустаҳкам занжирки, унинг биронта ҳалқасини узиб бўлмайди.

*  *  *

Мен бир ўзим, жамоа эса - саксон икки кишидан иборат эди. Кўпчилик эса доимо озчилик устидан ғалаба қозонади. Демократия қоидаси бу.

*  *  *

Ҳозир баъзи амалдорлар Худодан қўрқмаса ҳам блогердан қўрқади.

*  *  *

Пулнинг ҳидини сезса, пашшахўрда кўпаяди.

*  *  *

Худо ураман деса, аввало, одамни ақлу ҳушидан жудо қилар экан-да!

*  *  *

Бурунгилар бекор айтмаган - бош эгаси бўлмаса, аёлнинг бошига Бухородаги мағзава ҳам тўкилар экан.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

 

Report typo