Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

13.10.2020


Косонлик болалар учун яна бир муҳим маскан

Косон тумани марказида 3 қаватли замонавий боғча барпо этилмоқда. Туман ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, тадбиркор Илҳом Мирзаев ташаббуси билан қурилаётган мазкур муассасага “Иқтидорли болажон” деб ном бериш режа қилинган.

Лойиҳа қиймати 2 миллиард 995 миллион сўм бўлган муассасага тадбиркор бир ярим миллиард сўм ўз сармояси ва қолганига тижорат банкидан олинган кредит маблағини йўналтирган.

200 ўринга мўлжалланган нодавлат мактабгача таълим муассасаси жорий йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топширилиши мўлжалланган бўлиб, 15 кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланади.

Айтиш ўринли, мазкур боғча ташқи кўринишидан тортиб жиҳозларигача эртакмонанд бўлишига асосий эътибор қаратилган, бу болалар кайфиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади, боғчага қатнашга бўлган рағбатини оширади.

Маълумот ўрнида, бугунги кунда вилоятда жами 1249 та мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, шундан 864 таси нодавлат, 385 таси эса давлат мактабгача таълим ташкилотларидир.

2017 йилда вилоятда 326 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатган ва қамров 13,2 фоизни ташкил қилган. Жорий йил охирига қадар эса қамров 45 фоизга етиши, қарийб 128 минг бола боғчага қатнаши кутилмоқда.

Report typo