Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 декабрь, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

20.10.2020


Косонлик ўқитувчилар Қоракўл тажрибасини ўрганишди

Хабарингиз бор, шу йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги мактаб фаолиятига алоҳида тўхталган, ушбу мактаб битирувчиларининг 95 фоиздан ортиғи олий ўқув юртларига ўқишга кираётгани, халқаро олимпиадалардан энг кўп медаль олиб келаётганлар ҳам айнан шу муассаса ўқувчилари ҳисобланишини, мактаб тажрибасини бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш лозимлигини билдирганди.

Шунга мувофиқ, Косон туманида жойлашган умумий ўрта таълим мактабларининг математика фани ўқитувчилари Бухорода бўлишиб,  Қоракўл туманидаги халқаро математика мактаби ва академик лицей фаолияти билан танишишди. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Айтилишича, тажриба ўрганиш мақсадида борган косонлик педагогларга дастлаб эришилган ютуқлар, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳақида маълумот берилган. Мактаб фаолияти акс этган видеоролик намойиш қилинган.

Шундан сўнг, мактаб ташкил этилишида салмоқли ҳисса қўшган устоз Тўхтамурод Жумаев хонадонига борилган. Айтиш жоиз, устоз бу йил таълим-тарбия соҳасида эришган улкан ютуқлари ва ибратли фаолияти учун Президент фармонига асосан “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

Устоздан ҳол-аҳвол сўралиб, совға-саломлар улашилган.

Бухоро давлат университети қошидаги Қоракўл 3-академик лицейида ташкил қилинган мулоқот мобайнида ҳам қўшни вилоят тажрибалари юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилган.

Маълумот ўрнида айтиш ўринли, Косон туманидаги Бунёдкор маҳалласида жойлашган собиқ ахборот технологиялари коллежи математика фанига ихтисослашган мактабга айлантирилиши ва бу ерга қоракўллик ўқитувчилар жалб этилиши кўзда тутилган.

Report typo