Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
7 февраль, сешанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

А.МУРОДОВ

26.08.2022


КУБОК ЎЗИМИЗДА ҚОЛДИ

Вилоятимиз марказида 2006-2007 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида волейбол бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақалари ўтказилди.

Ҳар икки йўналишда ҳам 11 тадан жамоа 3 гуруҳга бўлинган ҳолда дастлабки баҳсларга киришди.

Қарши олимпия ва паралимпия захиралари коллежи аренасида ўғил болалар ўртасида ғолиблик учун шиддатли ва қизғин кураш борди. Якунда вилоятимиз ўсмирлари финалда андижонлик тенгдошларини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, биринчи ўринни ва Ўзбекистон кубогини қўлга киритдилар. 3-ўрин хоразмликларга насиб қилди.

- 2022 йилнинг ўзида Қарши шаҳри волейбол бўйича 3 та нуфузли мусобақага мезбонлик қилди, - дейди Ўзбекистон волейбол федерацияси вилоят бўлими ижрочи директори Акмал Омонов. – Уларнинг барчасида шоҳсупадан ўрин эгалладик. 2004-2005 йилларда туғилганлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида ўғил болалар кумуш, бугун 2006-2007 йилларда туғилган ўсмирлар мамлакат кубогида олтин медалга эга бўлди. Беш ташаббус олимпиадасининг республика босқичида ҳам Китоб туманидаги Денов маҳалласи чемпионликни қўлга киритди. Албатта, ғалаба қозониш яхши, аммо бу, ўз навбатида, зиммамизга катта масъулият юклайди. Сабаби биздан чемпионларга хос ғалабаларни кутишади.

Хуллас, вилоятимиз волейболчилари икки йўналишда икки хил натижа қайд этдилар. Ўғил болалар биринчи, қизларимиз эса охирги ўринни эгаллашди.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг “Муҳандис” спорт клуби спорт залида бўлиб ўтган беллашувларда вилоят волейболчи қизлар терма жамоаси Фарғона, Бухоро ва Сирдарё вилоятлари жамоаларига имкониятни бой беришди ва мусобақани гуруҳ босқичида тугаллаб қўя қолишди.

Ўзбекистон кубоги баҳслари якунида дастлабки уч ўринни эгаллаган жамоаларга кубоклар, илғор волейболчиларга эса турли номинациялар бўйича совғалар топширилди.

А.МУРОДОВ

Муаллиф олган суратларда мусобақадан лавҳалар.

 

Report typo