Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
31 март, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

17.03.2020


КУЛГИ АСОСИГА ҚУРИЛГАН ЖИДДИЙ МАСАЛА

Премьера

Вилоят мусиқали драма театрида премьералар мавсуми давом этмоқда. Хусусан, куни кеча жадидчилик ҳаракати вакиллари - Ҳожи Муин ва Нусратилла Қудратилла қаламига мансуб "Тўй" мусиқали фарси намойиши бўлиб ўтди.

Истеъдодли режиссёр Фарҳод Жумаев томонидан саҳналаштирилган спектаклда аждодларимизни юз йил аввал ташвишга солган масалалар бугун ҳам долзарблигини йўқотмагани ўзига хос тарзда ифода этилади. Зотан,  Абдулла Авлонийнинг "Оналаримиз билим ва тарбия ўрниға эрлари ила уришиб-талашиб қизлариға мол қилмакни яхши кўрурлар. Оталаримиз болалариға ўқитмак ва таълим бермак ўрниға "Ўғлум, эмди каттакон йигит бўлдинг, шунча ўқигонинг етар, пул топ" деб ҳаммоллик қилдиришни яхши кўрурлар", деган сўзлари ҳали-ҳануз аҳамиятли.

Тўй-ҳашамлар давр ўзгаргани сари турфа "янгилик"лар, ўйлаб топилган "анъана"лар билан "бойиб" бормоқда. Бу оғриқли чипқон каби жамият тараққиётига тушов бўлиб, янада чуқур илдиз отиб бораётир. Аслида кўплаб муаммоларимиз тўй-ҳашамлардаги ортиқча сарф-харажатлар билан боғлиқ экани айни ҳақиқат.

"Тўй" спектаклида тўйларимиздаги дабдабабозлик, ким ўзарга қилинган сарф-харажатлар қораланади, кулги остига олинади. Бу борада Ҳожи Муиннинг 1924 йилда ёзган "Тўй-таъзия исрофлари" мақоласида "Фалонча тўйда ундай қилибди, мен бундан камми" ёки "урфу расмни риоя қилмасам, мени дўсту душманларим уят қиладурлар", деб халқимиз яна аввалғи исрофчилиқларни жорий этишга ўзини мажбур биладур. Шунинг билан ўзини ҳар қандай таҳликага соладур ва икки кунда ўзининг бору йўғидан ажрачадур", фикрлари эътиборга молик.

- Бахт - қийинчилик билан топилган пулни кўз-кўз қилишда эмас, фарзандларнинг кейинги ҳаёти учун асқатадиган ишларга, билим ва маънавиятга сарф этишда, деган ғояни ифодалашга ҳаракат қилдик, - дейди саҳна кўринишида Бой образини гавдалантирган актёр Акбар Бердиев. - Томоша кулги асосига қурилгани билан у ҳар бир кишини тўй-ҳашамларни ўтказиш масаласида жиддий ўйлаб кўришга ундайди.

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo