Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

01.02.2022


МАҲКУМ БИЛАН НИКОҲДАН АЖРАЛИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

Савол беринг – жавоб берамиз

-Кейинги пайтларда оилани унутиб қўйиб, ичкиликка берилиб қолган эрим ўтган йили шериклари билан ўғрилик содир этиб, беш йилга қамалди. Мен у билан никоҳдан ажралиш учун ФҲДЁ бўлимига қандай ҳужжатларни тақдим этишим керак? Ёки бизни фақат суд орқали ажратишадими?

М.Н., Шаҳрисабз шаҳри

Саволга Шаҳрисабз шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси Дилором ИСМАИЛОВА жавоб бермоқда:

-  Содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган эр (хотин) билан никоҳдан ажралишни қайд этиш учун хотин (эр) маҳкум(а)нинг жазосини ўтаётган жойи, шунингдек, никоҳдан ажратилганда танланадиган фамилия кўрсатилган ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукмининг нусхаси илова қилинган ҳолда шахс доимий яшаш жойидаги ФҲДЁ органига ариза билан мурожаат қилиши лозим. Эр ёки хотиндан бирининг аризаси асосида никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризани қабул қилган ФҲДЁ органи маҳкум ёки маҳкумани розилигини аниқлаш учун шу куннинг ўзида ариза берувчи томонидан кўрсатилган манзил бўйича хабарнома юборади. Хабарномада болалари тўғрисида, биргаликдаги умумий мол-мулкларини бўлиш, ёрдамга муҳтож меҳнатга лаёқатсиз эр (хотин)га таъминоти учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжудлиги тўғрисида маълумотни тақдим этиш вақти кўрсатилади. Хабарномада белгиланган муддат ичида жавоб келмаслиги ФҲДЁ органи томонидан никоҳдан ажралишни қайд қилинишига тўсқинлик қилмайди.

Эр ёки хотиндан бирининг аризаси асосида никоҳдан ажратиш ФҲДЁ органига ариза билан мурожаат этган кундан бир ой ўтгач, лекин узоғи билан уч ой ичида унинг иштирокида қайд этилади.

Болалар тўғрисида, биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр (хотин)га таъминоти учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд бўлган тақдирда ФҲДЁ органи ариза берувчига никоҳдан ажралишни қайд этиш суд томонидан амалга оширилиши ҳақида асослантирилган хулоса тақдим этади.  

 

Report typo