Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Гулнора САИДОВА

05.03.2021


МАШҲУР "БРЕНД"ГА АЙЛАНГАН МУАЛЛИМА

Замондошларимиз

Ҳар гал мактаб-интернатда  ҳамкасбим - она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Дилноза Бердиева очиқ дарс ўтса, югуриб кираман. Ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатиб, қирқ беш дақиқа  қандай ўтганини сезмай ҳам қоламан ва шунга амин бўламанки, унинг дарслари бир-бирига ўхшамайди, барчасида Дилнозанинг ўзига хос услуби сезилиб туради.

Бу услуб аввало Дилноза дарсни бошлаш жараёнида синфда  мавзуга мос муҳит ярата билиши, ўқувчилар қалбини "ишғол" қилиб, диққатини ўзига қаратиши, ақли ва онгини билим олишга чоғлаши, ёқимли овоз билан тушунтириши, нотиқлиги, шеърларни чиройли ўқиб бериши, ўтаётган мавзусига оид дарсликда бўлмаган қизиқарли маълумотлар келтириб, уларни ҳаёт билан боғлаши, бир сўз билан айтганда, ўз фанини чуқур билиши ва фан асосларини ўқувчиларга етказа олишида намоён бўлади.

Бир гал у Чингиз Айтматовнинг "Оқ кема" асари бўйича дарс ўтаётиб, синфхонада мавжланиб турган денгиздан тортиб оппоқ кемагача, ўрмон ичидан чиқиб келаётган шохдор она буғудан тортиб ғамгин болакай тасвиригача кўрсата билди. Дилноза дарс тушунтираётганда, ўқувчилар асарнинг ичига сингиб кетгандай туюлди. Дарсни нечоғлик ўзлаштирганликлари ўқитувчи саволларига жавоб бериш учун бири қўйиб-бири қўл кўтарганидаёқ кўринди. Шу куни у шогирдларига оталарига хат ёзишни ҳам топшириқ қилиб берди. "Оталарингиз узоқда ёки уйингизда бўлиши мумкин. Сиз хатда отангизга айтмоқчи бўлган, айтолмаган гапларингизни ёзинг. Мен ҳам отамга хат ёзаман, қани, қай биримиз мазмунли, бехато ёзамиз", деди. Дилноза билади, бу хат ўқувчиларни фикр юритишга ундайди, ижодий қобилиятларини юзага чиқаради.

Адабиёт фанига-ку қизиқтириш осондир, кўпчилик она тили дарсини зерикарли ҳисоблайди. Аммо Дилноза Бердиеванинг она тили дарсларига кирган киши ҳам зерикмайди, аксинча, ўзи учун нимадир олиб чиқади. Буни биргина унинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларига ўтиб берган "Қўшиб ёзиладими ёки ажратиб?" мавзусидаги маҳорат дарси мисолида кўриш мумкин.  Даставвал у янги нашрдан чиққан 11-синф она тили дарслиги афзалликлари, тилимиз имкониятларини ўрганиш, она тилида бехато ёзиш кўникмаларини шакллантиришда ажойиб қўлланма эканлигини айтиб ўтди. Дарсни қизиқарли, мазмунли ташкил этиш учун ноодатий усуллардан фойдаланди. Масалан, дарсликдаги "Чўли ироқ" матни бўйича гапираркан, фикрини саҳнавий кўриниш тарзида шу мусиқа билан ҳамоҳанг ифода этди. Сўнг  қўш-ма сўзлар имлосига кўра иккига бўлиниши, қай бирлари қўшиб, қай бирлари ажратиб  ёзилиши, айрим қўшма сўз-ларни қўшиб ҳам, ажратиб ҳам ёзиш ҳоллари учраши ва ҳоказоларни тушунтирди. "Бу сўз бизники" беллашуви орқали  "Зебигардон" ва "Тиллақош" гуруҳларига бўлинган тингловчилар мавзуни ҳам такрорлашди, ҳам нечоғлик ўзлаштирганликларини кўрсатишди.

Хаёлингиздан, очиқ дарслар, маҳорат дарсларига обдан тайёргарлик кўрилади, яхши чиқиши табиий-да, деган фикр ўтган бўлса ажабмас. Йўқ, шошманг, Дилноза ҳар доим дарсга пухта тайёргарлик кўрган ҳолда келади. Истаган пайтингиз истаган синфидаги дарсларига киринг, роҳатланасиз. Кимдир айтган "Бир соатлик яхши дарс - йирик бир асар", деган ҳикматнинг исботини топгандай бўласиз. Чунки Дилнозада фантазия, ғоя бор, бу қобилиятини  ҳар дарсига татбиқ эта билади. Машғулотларида ижодкорлик ва илмийлик чатишиб кетадики, беихтиёр киройи устоз шундай бўлса, деб қўясиз.

Шунинг учун бугун Дилноза Бердиева Китоб туманидаги барча адабиёт ўқитувчиларининг лидери, десам янглишмайман. Кўпинча унга ҳазиллашиб, "Сиз - брендсиз", деб қўяман. Чунки у туманда аллақачон Дилноза Бердиева бўлиб танилган. Олий ўқув юртига кириш учун, олимпиадаларга тайёргарлик кўриш учун ҳамма унинг ортидан чопиб юради. "Чопиб юради", деган сўзларим бироз қўполроқ чиққандир, аниқроғи, ундан таҳсил олишни истайдиганлар кўп. Ҳатто ота-оналар фахр билан фарзандини адабиётдан Бердиева тайёрлаётганини айтишади. Бердиева тайёрлаяптими, демак, боласига олий ўқув юрти бир қадам, она тили ва адабиётдан яхши балл тўплайди. Туманда унинг номи ана шундай машҳур. Бежиз мен уни "бренд" демайман.

Меҳнат қилган элда азиз, дейишади. 2017 йилда Дилноза Бердиева "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси" кўрик-танлови республика  босқичида ўз фани бўйича фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Ўша йили  "Йил аёли" миллий танловининг вилоят босқичида "Йилнинг энг билимли аёли" номинациясига мушарраф бўлди. 2018 йилда эса республика касаба уюшмалари федерацияси   томонидан ўтказилган " Ўз касбининг моҳир эгалари" танловида таълим йўналиши бўйича биринчи ўринни эгаллади. Ўқувчиси Дилноза Нуъмонова 2019 йилда она тили ва адабиёт фанидан республика олимпиадасида иккинчи ўринни қўлга киритиб, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетига имтиёзли ўқишга кирди.

Дилноза амалдаги 8-синф она тили дарслигининг масъул муҳаррири, республика илмий-методик кенгаши аъзоси, дарсликнинг яралиш жараёнларида бевосита иштирок этган амалиётчи ўқитувчи. У ҳатто дарслик бўйича айрим ҳамкасблари фикрларини эшитиб,  "Синтактик таҳлил" Telegram канали очди ва дарсликдаги мавзулар бўйича тушган саволларга эринмай жавоб беради. Дилноза ҳамкасблари билан нафақат ижтимоий тармоқ, балки маҳорат дарслари ва ўқувлар орқали ҳам тез-тез тажриба алмашади.

"Университет бошқа, мактаб    бошқа, -  дейди унинг шогирдларидан бири, Китоб туманидаги 2-давлат ихтисослашган мактаб-интернат она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Дилдора Саидова. - Университетни битириб келганимдан кейин устоз деб Дилноза опанинг этагидан тутдим. Дарсларига кириб ўтирдим. Дорилфунундан олган назарий билимларимни ишга татбиқ этишимда у кишидан ўрганганларим менга асқатаяпти.

Ўтган йил Президентимиз Қашқадарё вилоятига ташриф буюриб, таълим ва тиббиёт ходимлари билан учрашганида, Дилноза Бердиева ҳам китоблик ўқитувчилар вакили сифатида қатнашди. Президентимизга таълимга оид ўзининг таклифларини билдирди.

- Бугунги кунда она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари зиммасидаги масъулият жуда катта, - дейди Дилноза Бердиева. - Мамлакатимизда она тилининг давлат тили сифатида нуфузи ошмоқда. Таълим соҳасидаги ислоҳотлар эса ўқитувчининг бугунги кун талабларига мос бўлишини, тинимсиз изланиши, илғор педагогик янгиликларни фаолиятига татбиқ этишини, ўқувчига маълум илмий қоидаларни ёдлатиш билан чекланмай, уларни мустақил фикрлашга ўргатиш, ижодий қобилиятларини юзага чиқаришни тақозо этмоқда. Бу борада ҳали режаларим жуда кўп ва уларни, албатта, амалга ошираман.   

 Дилноза Бердиеванинг режаларидан бири - "Мактабдан олийгоҳгача" лойиҳаси устида ишлаб, она тили ва адабиёт фанини осон ўрганиш имконини берадиган дарслик яратиш. Шунингдек, у сифатли таълим олишда ҳудудлардаги номутаносибликни бартараф этиш мақсадида олий маълумотли ва малакали ўқитувчилар етишмайдиган олис ва тоғли ҳудудларга бориб маҳорат дарслари ўтиб, у ердаги  ёш ўқитувчиларга ҳам ўз тажрибасини улашмоқчи.

Юқорида Дилноза Бердиеванинг айрим режалари ҳақидагина тўхталдим. Муҳими, унга ишонса бўлади: бир ишни бошладими, охирига етказади, мақсад қилдими рўёбга чиқаради...

Гулнора САИДОВА,

Китоб туманидаги 1-давлат ихтисослашган мактаб-интернат ўқитувчиси

Report typo