Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

17.12.2019


МАШИНА САВЛАТ УЧУНМИДИ?

Савол туғилади

Ёдингизда бўлса, Президентнинг шу йил 17 январдаги "Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 февралдан муаммоларни одатдаги тартибга қўшимча тарзда уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал этиш учун вилоят шаҳар ва туманларидаги Халқ қабулхоналарига 15 та "Cobalt" русумли замонавий хизмат автомобиллари берилган эди. Ушбу қулайлик фаолият самарадорлигини янада ошириши, айниқса, чекка қишлоқларга бориш ва у ерда истиқомат қилаётган юртдошларимиз муаммоларини ҳал этиш имкониятини кенгайтириши қайд этилганди.

Тўғриси, уйма-уй юрган Халқ қабулхонасининг "Cobalt"ига бирор марта дуч келганим йўқ. Ваҳоланки, яшайдиган жойим марказда эмас ва чекка қишлоқларда яшайдиган қариндошлар, таниш-билишлар ҳам йўқ эмас. Улар ҳам эшик тақиллатиб Халқ қабулхонасидан келган вакилларга дуч келишмаган. Умуман, буни тасдиқлайдиган одамларни истаганча топса бўлади.

Халқ қабулхоналари ишламаяпти, деган фикрдан йироқмиз. Аммо фаолият бошлагандаги каби фаолият юритмаётгани бор гап. Иш бошлаган пайтлари Халқ қабулхоналари эшиги олди тумонат одам бўларди. Ҳозир боринг, яккам-дуккам кишиларни учратасиз. Ҳар ҳолда бунга сабаб одамларнинг муаммолари ҳал бўлиб, ҳеч кимда ташвиш қолмагани бўлмаса керак. Муаммо кўп, етарлича, балки керагидан ҳам ортиқ, бироқ кишилар энди негадир Халқ қабулхоналари сари тўдаланиб бормаяпти. Негалиги бизга қоронғи.

Машиналар эса... савлат учун хизмат қилмаяпти, деб умид қиламиз...

Б.САЙФИЕВ

 

Report typo