3 декабрь – Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни
Мамлакатимизда ҳар йили 3 декабрь – Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни кенг миқёсда нишонланади. Шу куни ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олиниб, совғалар улашилади ва ижтимоий-иқтисодий томондан қўллаб-қувватланади.
Ушбу сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги 47-сессиясида эълон қилинган.
Анъанага мувофиқ бу йил ҳам мамлакатимиз бўйлаб ушбу сана муносабати билан турли хайрия акциялари ва байрам тадбирлар ўтказилмоқда.
Шундай хайрия тадбирларидан бири вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари иштирокида вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими Муротжон Азимов сўзга чиқди.
Таъкидландики, юртимизда Президентимиз бошчилигида барча фуқаролар, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга бир хил имкониятлар амал қиладиган жамиятни барпо этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир инсон у қайси соҳа вакили, ким бўлиши ёки жисмоний имкониятидан қатъий назар шахсан давлат раҳбарининг эътиборида эканлигини ҳис қилиб турибди. Бунинг самараси ўлароқ ушбу тоифадаги аҳолининг ўзларини ёлғиз ҳис этмаслиги, зарур билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, барча соҳа ва тармоқларда фаол иштирок этиши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши, маданий эҳтиёжларини таъминлаши учун керакли имкониятлар яратилди.
Хайрия акциясида иштирок этган вилоятимиздаги барча корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ногиронлиги бўлган шахслар томонидан қўл меҳнати билан тайёрланган турли дизайндаги маҳсулотларни харид қилишди.
- Аслини олганда юртимизда кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган шахсларга нафақат Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар кунида эътибор кўрсатилади, балки улар давлат ва жамиятимизнинг доимий ғамхўрлиги остида умргузаронлик қилаяпти, - дейди Қарши шаҳридаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган (кар) болалар учун ихтисослаштирилган 17-сонли мактаб-интернати директори Марғуба Жалилова. - Айниқса, кейинги йилларда уларга муносабат тубдан ўзгарди ва ижтимоий муҳофазаси янада мустаҳкамланди.
30 ноябрдан 30 декабрга қадар давом этаётган "Меҳр-мурувват ойлиги" доирасида вилоятимизда истиқомат қилувчи ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, ўзгалар парваришига муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида жойларда қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.