Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 сентябрь, шанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

13.07.2020


“МЕНИ ПРЕЗИДЕНТ ДЕПУТАТ ҚИЛГАН...”

Ёхуд минглаб сайловчилар кимга овоз берганди?

Ижтимоий тармоқларда O‘zLiDeP фаоли, халқ депутутлари вилоят Кенгаши депутати Гулнора Одиловага оид видео тарқалди. Унда долзарб бир масалани ҳал қилиш юзасидан депутатнинг жон койитгани, югур-югури акс этса-ку, қанийди. Аксинча, халқ ноиби Шаҳрисабзда ер устида бир фуқаро билан можарога киришади. “Менга буни Президентнинг ўзи ўнг қўллаб “документ” қилиб беради, кўрасан. Aна шу Президент мени депутат қилибдими, унинг ўзи тўғри қилибсан, дейди. Бундан баттар қилгин, дейди. Сенга келиб айтади, айнан” дейди у.

Табиийки, кўпчилик ўзи сайлаб қўйган депутатдан “Мени Президент депутат қилган...” деган сўзларни кутмаслиги аниқ, қолаверса, халқ ноибининг ўзини тутиши кўплаб эътирозларга сабаб бўлди.

O‘zLiDeP вилоят Кенгашидан хабар беришларича, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси йиғилишида мазкур ҳолат Гулнора Одилова иштирокида муҳокама қилинган.

Йиғилишда Г.Одилова хатти-ҳаракатларини жаҳл устида қилганини тан олиб, адашганини, чин дилдан пушаймонлигини билдириб, бутун сайловчилари ва халқдан узр сўраган.

Доимий комиссия аъзолари билдирган фикр-мулоҳазалар ва муносабатлар асосида қарор қабул қилиниб, халқ депутатлари вилоят Кенгаши навбатдаги сессиясида муҳокамага киритиш учун тақдим этилган.

Қайд этиш лозим, яқиндагина Қарши тумани ҳокимлигида ғаройиб мажлис ўтказилган, унда “Sulton Тех Group” иши бўйича суд қарори муҳокама қилинган эди. Буниси-ку майли, депутат Феруза Аҳмедова “Дарё” мухбирига интервью бераркан, “Қарор қандай қилиб Ўзбекистон Республикаси номидан чиқар экан, ишни ўзимизнинг Қарши тумани маъмурий суди кўриб чиққан-ку”, деган эди.

Депутатнинг бундай “саводхонлиги” ижтимоий тармоқларда заҳарханда кулгига сабаб бўлиб, “Кимни сайлаганингни кўриб қўй” дея фикрлар билдирилган, китобни чаппа ушлаган депутат аёлнинг “Нега бу китоб тескари ёзилган?” деган саволи акс этган суратлар тарқалганди.

 

Report typo