Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

05.01.2017


МЕНИНГ БИРИНЧИ УСТОЗИМ

Бугун жамиятимизда юқори мавқени эгаллаган, фаолиятида юксак натижаларга эришаётган, эл-юрт орасида ҳурмат қозонган кишилар кўплаб топилади. Уларга ҳам дастлабки сабоқни биринчи ўқитувчи берганини унутмаслик керак. Байрам муносабати билан ана   шундай инсонларнинг ўз устозлари ҳақидаги фикрларини билишга қизиқдик.

“БОЛАЛАРЧА САМИМИЯТЛИ ИНСОН”

Нормўмин Холбоев, Касби тумани ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:

- Бола қалбини тушуниш учун боладек бўлиш керак, дейишади. Марҳум биринчи ўқитувчимиз Ҳасан Оймуродов бола дунёсидан хабардор, ўзи ҳам боладек самимий инсон эди. Ўз навбатида қатъияти билан ажралиб турарди.

1983 йилда Яккабоғ туманидаги 51-мактабга 1-синфга қадам қўйганман. Устозимиз Ҳасан Оймуродов бизга мулойимлик билан дарс ўта бошлаганини эслайман. У киши дарсда барчадан фаоллик талаб қиларди. Ҳеч кимни жазоламасди. Турли йўллар билан фанларга қизиқишимизни оширарди. Бир сўз билан айтганда, болаларнинг тилини топарди. Ўқитувчим туфайли менда аниқ фанларни ўрганишга иштиёқ пайдо бўлган. Математикага алоҳида қизиқишим бор эди. Бу эса касб танлашимда муҳим роль ўйнади. Олий ўқув юртини тамомлаб, анча йиллар нефть-газ соҳасида фаолият олиб бордим. Эришган ютуқларимда устозимнинг ҳиссаси катта деб биламан.

“РАҲБАРЛИК МАҲОРАТИНИ УНДАН ЎРГАНГАНМАН”

Шуҳрат Қўчқаров, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи:

- 1-синфга борганимизда ўқитувчимиз бизга шу саволни кўп берарди: Катта бўлсанг, ким бўлмоқчисан, қайси касбни эгалламоқчисан? Бола эмасмизми, кимдир учувчи, яна кимдир ҳарбий, бирови шифокор бўлиш истагида эканини айтарди. Устозимиз эса танлаган касбимиздан келиб чиқиб, қандай билимларни эгаллашимиз кераклигини эринмай тушунтирарди. “Яхши ўқисанг, келажакда яхши ишда ишлайсан, одамлар орасида обрў-эътибор қозонасан”, дея бизни доим руҳлантирган.

Устозимизни Шарофат Раҳимова дейди. Табиатан қаттиққўл ва талабчан бу инсон ҳаётимизда ўчмас из қолдирган. Бошланғични Яккабоғ туманидаги 7-мактабда ўқиганмиз. Ўқитувчимизнинг дарси қизиқлигидан вақт қандай ўтгани билинмасди. Ҳар бир берилган топшириқни ҳаммадан эринмай сўраб чиқарди. Устозимиз ижобий хусусиятлари билан ёдимизда қолган. Айниқса, 25 нафар ўқувчи таҳсил оладиган синфда тартиб ўрнатиши, муҳитни идора қилиши менга ёқарди. Ўқитувчимнинг раҳбарлик маҳорати менга ҳам ўтган бўлса керак. Мана бугун шундай нуфузли ташкилотда юқори лавозимда ишлаяпман, қанчадан қанча ходимга раҳбарлик қилаяпман. Албатта, бунинг ўзига яраша масъулияти ҳам бор.

 Вақт топганда биринчи ўқитувчимизни бориб кўрамиз, ҳол-аҳвол сўраймиз, байрамларда табриклашни канда қилмаймиз. Зеро у киши бизнинг камолга етишимиз учун қанча кўз нури ва кучини сарф этган. Бунинг учун уcтозларимизга минг ташаккур  айтсак ҳам камлик қилади.

“ЮТУҒИМДАН ҚУВОНИБ, ҒУРУР ТУЯДИ”

Назирилла Маҳмудов, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори:

- Ўқувчиси қўлга киритган муваффақиятлардан фахрланмаган ўқитувчи бўлмаса керак. Фан номзоди бўлганим ёдимда. Ушбу қувончимни биринчи ўқитувчим Нурмуҳаммад Усмонов билан баҳам кўргани мактабга боргандим. Хабарни эшитиб, устозимнинг кўкси ғурурга тўлган, бошқаларга мени роса мақтаган, ҳатто суюнганидан кўзига ёш олганди.

У киши 1970 йилларнинг бошида Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги 30-мактабда бизга бошланғич таълим берган. Устозим ўз касбининг ҳақиқий фидойиси. Бизга нисбатан қаттиққўл бўлган, билим олишимиз учун астойдил жон куйдирган. Ҳар гал синфга барвақт келиб олар, дарсга алоҳида тайёрланарди. Агар алифбонинг бирор ҳарфини ёдлолмасак ёки тўғри ёзолмасак, бунинг уддасидан чиқмагунимизча, яхшилаб ўзлаштирмагунимизча қўймасди. Ўзлаштириши қийин болаларга аълочиларни бириктирарди. Ҳаётда доим биринчи бўлишга интилиш, ўз олдига катта мақсадлар қўйиб яшаш кераклигини уқтирган. Интизомни, ҳар бир ишни ўз вақтида бажариш кераклигини у кишидан ўрганганман, десам хато бўлмайди.

Биринчи ўқитувчимнинг ёши бир жойга борган бўлса-да, тиним билмайди, жамиятга, одамларга нафим тегсин дейди. Ҳозир у киши маҳалла фаолларидан бири. Ҳар гал учрашганда устозимнинг суҳбатини оламан, ютуқларим ҳақида гапириб бераман.

“ЎҚУВЧИДАГИ ЯШИРИН ҚОБИЛИЯТНИ ОЧА БИЛГАН”

Одил Темиров, “Шўртангазкимё” МЧЖ раҳбари:

- 1984 йили 1-синфга Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 15-мактабга борганман. Синфда 35 ўқувчи бор эдик. Бизни Ҳуррият Сайфиддинова қабул қилиб олган. Устозимиз менда аввалига жаҳлдордек таассурот қолдирган бўлса-да, дарслар давомида у кишининг меҳрибон инсон эканига амин бўлдим. Ўтилган дарсларни ўзлаштиришда ортда қолаётган ўқувчиларга алоҳида вақт ажратарди. Хуллас, ҳеч ким эътибордан четда қолмасди. Касбга садоқат шу бўлса керак.

Биринчи ўқитувчимизнинг алоҳида хислати шундаки, у киши ўқувчидаги яширин қобилиятни тезда пайқай олган ва ушбу қобилиятни юзага чиқаришга тинмай ҳаракат қилган. Яъни, ўқувчининг истак-хоҳишларига қанот бағишлаган. Устозимизнинг астойдил меҳнати самарасида жамиятга фойдаси тегадиган кўплаб инсонлар етишиб чиқди. Шу сабабли биринчи ўқитувчимизни доим эъзозлаймиз, уларга ҳурмат изҳор қиламиз.

“ЮРАКДАН ЖОЙ ОЛГАН УСТОЗ”

Насиба Нурова, Китоб туманидаги “Элдорбек Аброржон Луқмонович” фермер хўжалиги раҳбари:

- Эсимда, 1970 йил туманимиздаги ўша вақтдаги 31-сонли мактабга 1-синфга боргандим. Бизни биринчи ўқитувчимиз Иззатилло Файзиев қабул қилиб олганди. Бу пайтдаги шароитларни ҳозиргиси билан сира таққослаб бўлмайди. Пастаккина мактаб биноси. Хоналар эса хароб аҳволда, парталар ҳам ўзига яраша. Парта четида доим сиёҳдон ва мўйқалам турарди. Асосийси, барчамиз билимга чанқоқ эдик. Биринчи устозимиз маҳорат, сабр-қаноат эвазига бор билимларини бизга етказиб бера олган, деб ўйлайман. Боиси, саволимиз ҳеч жавобсиз қолмасди.

Биринчи ўқитувчимиздаги талабчанлик тинимсиз ўқиб-ўрганишимизга туртки бўлган. У киши тартиб-интизомни яхши кўрарди. Ҳеч кимга уришмаган, ҳатто қаттиқ гап ҳам айтмаган. Шу сабабли устозимизга ҳурматим чексиз.

Иззатилло Файзиевнинг дарс ўтишида ҳам ўзига хослик бор эди. Ўша вақтда биринчи қатордаги парталардагина оқ сурп тўшалган бўларди. Бу жой синф аълочилари учун аталган. Устозимиз шу орқали ўқувчилар ўртасида рақобат уйғотишга, барчани бирдек дарсга қизиқтиришга ҳаракат қилган,  яхши ўқишга ундаган. Ҳозир буларнинг фойдасини кўриб турибмиз. Синфдошларимнинг кўпчилиги олий маълумотли, турли соҳаларда меҳнат қилаяпти. Ўзимдан қиёс олсак, ҳаётда кўп нарсага эришдим. Фермер хўжалигимиз фаолияти тобора ривожланаяпти. 2012 йилда республика миқёсида ўтказилган “Йил аёли” кўрик-танлови ғолиби бўлдим. Буларнинг барчаси учун таълим берган устозларимдан миннатдорман. Уларни ҳар доим байрами билан табриклашни эсдан чиқармайман.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Report typo