Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
5 февраль, чоршанба. 2025 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • "Менинг мактабим" лойиҳаси: Ташаббускор ва ғолибларнинг энг кўпи Деҳқонобод туманидан

Темур НИЗОМОВ

23.01.2025


"Менинг мактабим" лойиҳаси: Ташаббускор ва ғолибларнинг энг кўпи Деҳқонобод туманидан

Таълим

"Очиқ бюджет" порталида мамлакатнинг 14 та туманида синов тариқасида ўтказилган "Менинг мактабим" лойиҳасининг ғолиблари эълон қилинди.

Маълумки, Президентнинг "Ўзбекистон-2030" стратегиясини "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 1 тадан туманида (шаҳрида) синов тариқасида "Менинг мактабим" лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бунда, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мактабларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробарида маблағ ажратилиб, ушбу маблағ 5-11-синф ўқувчилари танловига кўра, электрон доска, компьютер, спорт жиҳозлари, китоблар каби мактаблар учун зарур товарларга сарфланиши назарда тутилган.

Мазкур лойиҳа доирасида "Очиқ бюджет" порталида илк бор ўтказилган овоз бериш натижаларига кўра, 1 минг 387 лойиҳа ғолиб деб топилди. Эътиборлиси, жорий ўқув йилида лойиҳада иштирок этган шаҳар ва туманлар кесимида энг кўп ташаббус (3 593 та тақдим этилиб, 3523 таси қабул қилинди) ҳам, энг кўп ғолиб лойиҳа (196 та) ҳам Деҳқонобод туманидаги мактабларга тааллуқли.

Масалан, тумандаги 85-сонли мактабнинг 11-"б" синф ўқувчиси Моҳина Махматзаирова томонидан илгари сурилган лойиҳа бўйича ушбу таълим масканига ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш хонасини жиҳозлаш мақсадида 5 дона махсус компьютер жамланмасини харид қилиш учун 50 миллион сўм маблағ ажратиладиган бўлди. 4-сонли мактабдан ғолиб деб топилган лойиҳани амалга оширишга ҳам 50 миллион сўм йўналтирилиб, бу пуллар ўқув машғулотларини қизиқарли ташкил этиш учун зарур бўлган интерактив сенсорли панель ва информатика хонаси учун кондиционер сотиб олишга сарфланади. Айни пайтда "Менинг мактабим" лойиҳаси доирасида 15-сонли мактабда ошхона учун жиҳозлар, 34-сонли мактабда 50 номдаги 200 та китобдан иборат бадиий адабиётлар тўплами, интерактив сенсорли панель ва 2 та теннис столи, 42-мактабда маънавий-маърифий тадбирлар учун овоз кучайтирувчи аппаратлар, рангли принтер ва лингафон хонаси анжомлари, 62-сонли мактабда 10 дона кўп функцияли тикув машинаси, 86-сонли мактабда кураш гиламлари харид қилинади.  Шунингдек, ўқувчиларининг лойиҳалари ғолиб деб топилган бир қатор мактабларда волейбол, баскетбол ва катта шахмат майдонлари барпо қилинади, кузатув камералари ва махсус мониторлар, кутубхона стеллажлари, кинозал учун проекторлар ўрнатилади.

Темур НИЗОМОВ

Report typo