Агар бу ривоят моҳиятига эътибор қилсак, одамзоднинг ўзга тилларни ўрганишга эҳтиёжи ўша замонлардаёқ пайдо бўлган. Бошқа тилни ўрганишда эса энг асосий омил шу тилнинг қай даражада оммабоплиги, янаям тўғрироғи, халқаро майдонда тутган нуфузидир. Давлатлар сингари тилларнинг ҳам омма орасида тутган ўрни, аҳамияти, нуфузи борлиги бугун барчага аён. Масалан, жаҳон тили сифатида тан олинган тилларни ўрганишга эҳтиёж баланд бўлса, халқаро аҳамияти камроқ ҳисобланган тиллар ҳам борки, уларни фақат маълум бир мақсад учунгина ўрганадилар.
Бироқ шу ўринда она тили ҳақида айрим мулоҳазалар туғилади. Ҳар кимнинг она тили ўзи учун муқаддас ва жон қадар севимли. Хўш, дунёдаги ҳамма миллатлар ҳам ўз она тилига эгами, унинг қудратини ошира олганми? Тили ривожи ва ҳаётбахшлигини таъминлаш учун қандайдир тадбирларни амалга оширадими? Ахир, ҳар бир миллатнинг энг бирламчи белгиси – унинг тили-ку!
Худди шу каби масалалар халқаро ташкилотлар эътиборига тушгани учун ҳам ҳар йили она тили кунини байрам қилиш таклифи илгари сурилди. Бу масала илк бора 1999 йилнинг 17 ноябрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО конференциясида ўртага ташланди. 2000 йилдан бошлаб эса 21 февраль – Халқаро она тили куни (International Mother Language Day) сифатида кўпгина давлатларда нишонлана бошланди. Бу кунни муҳим саналар сирасига киритишдан кўзланган асосий мақсад тилга оид ва маданий ранг-баранглик ҳамда кўптиллиликни қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Байрам учун айнан 21 февраль санаси танлангани ҳам бежиз эмас. Чунки 1952 йилнинг айни шу кунида Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида бир гуруҳ талаба ўз она тиллари – бенгал тили мамлакатнинг давлат тилларидан бири сифатида тан олиниши талаби билан намойишга чиққан ва полиция ўқидан ҳалок бўлганди.
Ўз навбатида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ҳам айни мавзуда кўплаб хайрли тадбирлар амалга оширила бошланди. Жумладан, БМТ Бош Ассамблеяси ўз резолюциясида 2008 йилни Халқаро тиллар йили деб эълон қилди. 2010 йил эса маданиятлар яқинлашуви йили деб белгиланди.
Маълумки, тил моддий-маданий меросни асраш ва ривожлантиришда энг асосий омил ҳисобланади. ЮНЕСКО ҳисоботларига қараганда, жаҳонда мавжуд тахминан 6 минг тилнинг ярми яқин йилларда ўзининг охирги сўзлашувчи-ташувчиларини йўқотиши мумкин. Она тилларнинг кенг тарқалишига шароит туғдириш эса нафақат тиллар ранг-баранглиги ҳамда кўптилли таълимни таъминлаш, тилга оид маданий анъаналарни дунёвий миқёсда кенг ўрганишга хизмат қилади, балки ўзаро ҳамжиҳатликни ҳам мустаҳкамлайди.
2003 йил 21 февралда Халқаро она тили кунини нишонлаш муносабати билан ЮНЕСКО Бош директори К.Мацуура шундай таъкидлаганди: “Нима учун она тилига бу қадар аҳамият қаратилади? Чунки тиллар инсониятга хос ижод, яратувчанликнинг бор ранг-баранглигидан вужудга келган. Коммуникация, илм ва тафаккур қуроли ҳисобланган тил яна бизнинг дунёга назаримизни ҳам ифода этади ва ўтмиш, бугун ва келажак ўртасидаги риштани ҳам акс эттиради. Тиллар ўзлари тўйинган тасодифий учрашувлар, турли манбаларнинг изларини ташийди... Хорижий тилларни ўрганиш – дунёни бошқача ҳис этиш, унга бошқача назар билан ёндашиш усулидир”.
Ҳар йили Халқаро она тили байрами муносабати билан турли мамлакатларда барча тилларга ҳурмат-эътибор кўрсатиш, тилни авайлаб-асрашни тарғиб этувчи тадбирлар ташкил этилади. Шу билан бирга, ҳар йили бу байрам она тиллар ва кўптиллилик ўртасидаги ўзаро алоқалар (айниқса таълимда), Брайль тизими ва имо-ишоралар тили, инсоният номоддий меросини муҳофаза қилиш ва маданий ранг-барангликни асраш, таълим жараёнида тилнинг роли ва бошқа турли мавзуларда ўтказилади. Бу каби масалалар эса бугунги глобаллашув жараёнида тилларнинг ўзига хослигини сақлаб қолиш ва уларнинг умрини узайтиришда муҳим аҳамиятга эгадир.
Маълумки, тил ҳар бир халқнинг тарихи, ўтмишини ўзида акс эттириб, унинг миллат сифатидаги энг муҳим хусусиятларини сақловчи омилдир. Бир тилнинг залолатга юз тутиши ўша тилга соҳиб бўлган миллатнинг ҳам заволига тенгдир.
Она тилини асраш учун нима қилиш лозим? Унга эътибор нималарда кўринади? Бу саволга мутахассисларнинг жавобини келтириш кифоя. Яъни тилнинг яшовчанлигини таъминлаш шу тилда сўзловчи ҳар бир инсонга боғлиқ. Замонавий техника тили ҳар миллатнинг ўз тилида бўлмоғи, энг сўнгги русумдаги компьютер ёки телефонга ўз она тилини “танитиш” – унинг дастурига шу тилни киритиш ҳам, ўзаро сўзлашганда она тилининг барча қоидаларига амал қилган ҳолда, соф ва маданиятли сўзлашиш ҳам, ўз она тилининг ўтмиш тарихини чуқур ўрганиш, бу бойликни ўзидан кейинги авлодга етказиш ва сингдириш ҳам тилнинг умрини узун, нуфузини баланд қилади. Буни ҳар биримиз чуқур англашимиз шарт.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА