Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
15 декабрь, якшанба. 2019 йил                         Махсус версия RU

Бобур АМРИЛЛАЕВ

26.11.2019


МОЛЛАР СОТИЛДИ, ПУЛ ЭСА ЙЎҚ

 

Кимларнингдир ишонувчанлиги, қандайдир манфаатли ваъдаларга учиб, ўйламай иш кўриши фирибгарликни ўзига касб қилган кишилар учун айни муддао бўлиши сир эмас. Буни шу кунга қадар 5 маротаба жиноят содир этиб, суднинг қора курсисига ўтирган, жазо ўтаган, аммо бундан тўғри хулоса чиқармаган Даврон Мададовнинг қилмишлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бу гал Даврон гўёки ўзини чорва моллари олди-сотдиси билан шуғулланувчи тадбиркор сифатида кўрсатиб, ўнлаб инсонларнинг мол-мулкини осонгина ўзлаштириб олган.

Жумладан, 2018 йил 5 ноябрь куни Нишон тумани Янгиобод маҳалласида яшовчи О.Б.нинг йирик шохли молларини сотмоқчи бўлиб юрганидан хабар топиб, унинг уйига келади. 6 бош ҳўкизни 32 миллион сўмга савдолашиб, пулини бир ҳафта ичида бериш шарти билан молларни олиб кетади. Аммо орадан ойлар ўтса-да, пулдан дарак бўлмайди.

Унинг қилмишлари шу билангина чекланиб қолмайди. Мисол учун, Нишон тумани Қирққулоч маҳалласида яшовчи К.М.нинг 5 бош йирик шохли молини 34 миллион сўмга, шу маҳаллалик Б.Э.нинг 50 бош майда шохли молини 26 миллион 600 минг, А.Н.нинг 15 бош майда шохли молини 20 миллион, А.Ч.нинг 13 бош майда шохли молини 13 миллион сўмга, Кўксой маҳалласида яшовчи А.Х.нинг 1 бош йирик шохли молини 6 миллион, Самарқанд маҳалласида яшовчи И.Х.нинг 3 бош йирик шохли молини 15 миллион, Ойдин маҳалласида яшовчи Ж.Н.нинг 5 бош йирик шохли молини 35 миллион, Юксалиш маҳалласида яшовчи Ш.Т.нинг 2 бош йирик шохли молини 13 миллион ҳамда Нишон маҳалласида яшовчи Д.Х.нинг 2 бош йирик шохли молини 7 миллион 500 минг сўмга савдолашиб, сотиб олган. Ушбу фуқароларга ҳам молларининг пулини бир ҳафта ичида беришини айтган бўлса-да, бироқ ваъдасини бажармасдан молларнинг пулини ўзи билганича сарфлаб юраверган.

Даврон Мададов-ку қилмишига яраша қонуний жазосини олиши аниқ. Аммо фуқароларимиз ҳам бироз ҳушёр бўлиши, турли ваъдаларга ишониб, ўз мол-мулкларини фирибгар қўлига осонгина тутқазиб қўймасликлари лозим.

Бобур АМРИЛЛАЕВ,

Нишон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси катта терговчиси

Report typo