Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Мурожаатга муносабат: "Келишади, у ёқ, буёқни расмга тушириб кетишади. Нималарнидир тушунтиргандай бўлишади, ваъдалар айтилади - ҳаммаси пуч, натижа йўқ"

Шоҳиста БОЗОРОВА

25.05.2021


Мурожаатга муносабат: "Келишади, у ёқ, буёқни расмга тушириб кетишади. Нималарнидир тушунтиргандай бўлишади, ваъдалар айтилади - ҳаммаси пуч, натижа йўқ"

Бир шикоят изидан

 Шинамгина уй-жойга эришиш; тўқдан ёрмаса-да, ҳарқалай очдан ҳам ўлдирмайдиган даражада рўзғор тиклаш; осон тушуниладиган қилиб, содда тилда айтсак: одамдай яшаш орзуси ҳаммада бўлади. Бироқ, умид, орзу, истак, хоҳиш - бу шунчаки илинж ифодаси, шундоққина йўлингизда тўшалиб ётган моддият эмас.

 Эҳтимол, таҳририятга ўзининг оғир ҳаёт тарзи, бошига тушган қийинчиликлар ҳақида маълум қилган Чироқчи тумани Ўзбекистон маҳалласида истиқомат қилаётган Шаҳноза Рўзиева ҳам Сусанбил хаёлотига ғарқ бўлмагандир.

 - Турмуш ўртоғим 2017 йилда автофалокатга учраб, бошидан оғир жароҳат олган - ишга яроқсиз, - дейди у. - 4 нафар фарзандим билан каталакдек бир хонали уйда яшаймиз. Қайнонамдан қолган 2 сотихли ҳовли: биздан ташқари яна қайнопаларим фарзандлари билан - 13 нафар жон яшайди. Эрим соғлом пайтида бошлаган иморатимиз ҳам пойдевор босқичида қолиб кетди. Мен (ободонлаштириш бўлимидан) оладиган 500 минг сўм ойлик нимага ҳам етарди?

 Ҳақиқатдан ҳам оила яшайдиган уй аянчли ҳолатда кўринади. Деворларига нам ўрмалаган, нураш бошланган. Ёрдамчи бинолар ҳам хароба.

 - Фарзандларим касалманд. Топган пулимиз дори-дармонга кетаяпти, - дейди Шаҳноза Рўзиева. - Беш йилдан буён оилавий аҳволимизни яхшилаш, уй-жой масаласида амалий ёрдам беришларини сўраб: туман ҳокимлигига, касаба уюшма қўмитаси ва "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлимига бир неча бор мурожаат қилиб келаяпман. Келишади, у ёқ, буёқни расмга тушириб кетишади. Нималарнидир тушунтиргандай бўлишади, ваъдалар айтилади - ҳаммаси пуч, натижа йўқ.

 Оиланинг ўқувчи ёшидаги қизчаси бор, анча эсайиб қолган. Уни савол асосида мен билан мулоқотга киришишга ундадим:

 - Тушлик қилдингми? 

 - Йўқ ҳали, уйда нон йўқ эди, - дейди у.

  Охирги марта қачон гўштли овқат егани ҳақида сўраганимда ютиниб қўйди. Бас, уни яна нимадир сўров билан тергаш энди ножоиз... 

 Президентнинг "Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига мувофиқ: моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати ("Темир дафтар")га киритилганлар, шунингдек, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 16 ёшга тўлмаган боласига, ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш миқдори 500 минг сўм этиб белгиланганди. Айтишларича, бу оиланинг ҳам 3 нафар 16 ёшга тўлмаган фарзанди шу кўмакка ҳақли бўлган.

 - Пандемия даврида мени маҳалла аввал "Темир дафтар", кейин эса "Аёллар дафтари" рўйхатига киритди, - дейди мурожаатчи аёл. - Менга алам қиладигани, ўтган йилда Президент томонидан муайян ижтимоий аҳволдаги ҳар бир бола учун оилаларга 500 минг сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди, бизга эса йўқ. Маҳалла идорасининг баҳонаси - рўйхатдан тушиб қолибсизлар. Туман ҳокимлигига бордим, натижаси бўлмади. Сўнг Президент порталига ёздим. Шикоятим юзасидан маҳалла идорасига чақиришди ва кечгача масала ҳал этилишини ваъда қилишиб, тушунтириш хати ёздириб олишди. Шу билан пулдан дарак йўқ, уларнинг бор-йўқ ҳаракати мурожаатни "ёпиш" учун экан.

 Шаҳноза Рўзиева айтаётган "театр" кўриниши каби мурожаатни "ёпиш" йўлида қилинадиган масхарабозликка бошқа идоралар, турли масъуллар томонидан ҳам кўп йўл қўйилади. Такрорий хат йўллашларга сабаб бўлаётган омиллардан бири ҳам шу. Ўзбекистон маҳалласидагилар ҳам шу "ўйин"ни қилишганмиди?

  - Бу оила ҳолидан хабаримиз бор, ҳақиқатан ҳам бизнинг айбимиз билан моддий тегишли ёрдам олувчилар рўйхатдан тушиб қолган, - дейди Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари З.Ознобишева. - Маҳаллий бюджетдан берилади дейишди; қайта рўйхатга киритиб туман ҳокимлигига бердик. Аммо кечиккан эканмиз. Лекин, оилага икки марта бир миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди.

 Мана, айб кимникию унинг хатоси жабрини ким тортаяпти. Тишга тиядиган иш...

 Балки оила атрофидаги гаплар "Темир дафтар", "Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари" бўйича иш олиб бораётган масъулларни ҳушёр торттиргандир - Ўзбекистон маҳалласи    3-сектор ҳудудига киради. 

 - Шаҳноза Рўзиева оиласига нимаики ёрдам кўрсатиш керак бўлса, барчаси амалга оширилмоқда(!), - дейди 3-сектор масъул котиби Абдуғани Хуррамов. - Уй-жой яшаш хонадони таъмирга муҳтож, ногиронлиги бўлган ёлғиз аёлларга берилади. Ушбу оила эса тегишли мезонга тўғри келмайди. Шундай бўлса-да, Шаҳноза Рўзиеванинг уй-жойини таъмирлашда ёрдам сўраб, Халқ депутатлари туман Кенгашига хат билан чиққанмиз. Агар мурожаатимиз ижобий хал бўлса, "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан ёрдам кўрсатилади.

 Масъуллар ишида муаммонинг ичига кириб бориш ўрнига, уни ўзидан йироқлатиш, инкор қилиш руҳи устунлиги сезилиб қолаётгандай. Қоғозга тикилиб, нималардир дейишади-ей. Ахир, муаммо усти "кўмиб" қўйилгани билан у бартараф бўлиб қолмади-ку. Қачон шуни англаб, қуйи идоралар тўплаб берадиган маълумотларга таяниб хулоса қилиш амалиётидан кечамиз?    

 Ана, мақола аввалида ҳавола қилинган суратларга боқинг. Шулар ҳам оиланинг қандайдир муҳтожлиги борлигини кўрсатиб турибдиёв... Ё кўзларим алдаятими, Сиз ҳам бир боқинг-чи - ўртоқ масъуллар. Ҳарқалай қоғозда сўз билан ифодаланган тасвирдан кўра, фото аниқроқ тасаввур бера олади-да. Шу билан муаммога ёндашув ўзгаришига умид бор, яна кейинроқ айтиладиган гаплар ҳам...

 Шоҳиста БОЗОРОВА

Муаллиф олган суратлар.

 

Report typo