Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 январь, якшанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

14.01.2020


МУШТАРИЙЛАР ИЛҲОМИ

Соҳибқироннинг Қаршидаги боғи

Амир Темур ва темурийлар даврида шаҳарсозлик анъаналари боғдорчилик билан бақамти олиб борилган. Соҳибқирон кўплаб шаҳарларда қалъалар бунёд эттириб, уларни муҳташам иншоотлар - кўшк ва саройлар, маҳаллалар ва бозорлар, масжид ва мадрасалар билан безаб, атрофида боғлар ҳам барпо этган. Бу борада испан элчиси Клавихонинг саёҳат кундалигида (1404-1406 йиллар) Самарқанд Амир Темур давлатида алоҳида аҳамият касб этгани, у салтанат пойтахти эканлиги, ўзининг чиройи, салобати ва қудрати жиҳатидан, шунингдек, атрофидаги боғлари билан бошқа шаҳарлардан том маънода фарқ қилиб тургани кўрсатилади.

Улуғ Соҳибқирон салтанат пойтахти ва туғилиб-ўсган ери билан бирга, ўзи учун паноҳ ва мурод эшиги бўлган Қарши шаҳрини ҳам унутмади. Қарши қалъаси марказида Одина жомеъ масжиди ва савдо-тижорат маркази - Чорсу  бунёд эттириб, Регистон майдонига асос солади.

Этнографик маълумотларга кўра, Амир Темур 1385-1386 йилларда Қарши қалъасининг шарқий томонида, Шаҳрисабз йўли ёқасида муҳташам кўшк ва кўркам боғ барпо этган. Айтишларича, у "Боғи Гулшан" деб аталган. Гарчи манбаларда бу кўшк ва боғ ҳақида ёзилмаган бўлса-да, XIX асрда яшаган Раҳмат Бухорий ўзининг бир шеърида Гулшан боғига шундай таъриф беради:

Ки чоршанба туриб, хўжа Убайдини зиёрат қил,

Каломуллони такрор қилган, эшон бирла қори бор.

Зиёратдан бўлиб фориғ, назаринг тушса "Гулшан"га,

Вақир-вуқур сайраб турган, ажойиб мурғу-зори бор...

Хўш, ўша боғ ва кўшк қаерда бўлган ва улар қандай кўринишда эди? Афсуски, улар бизгача етиб келмаган. Жойи ҳам номаълум.

Аммо Гулшан номи билан аталадиган маҳалла бор. Маҳалла оқсоқолларининг сўзига кўра, бу ерда аввал шу номдаги қишлоқ бўлган экан. Кекса отахонлар Қарши қалъаси атрофидаги Тутак (дарвоза номи шундан олинган), Работак, Беклар, Чармгар (Кўнчилар), Чақар (табиблар маҳалласи), Бузрукобод (ҳолвагарлар, тижоратчилар маҳалласи), Қарлуқхона ва бошқа маҳаллаларнинг ўрни қишлоқ бўлганини айтишди.

Тусмолларга кўра, ҳозирги Гулшан маҳалласидан Беклар маҳалласигача чўзилган жойда боғ бўлиб, унинг ўртасида кўшк бўлган.

Жаббор Шамсиевнинг фикрича, боғ Хўжаи Жарроҳ зиёратгоҳига рўбарў жойлашган, боғнинг ўртасида болохонали кўшк бўлган, атрофи баланд девор билан ўралган. Тўрт бурчагида тўртта ҳовуз (сув Файзиобод ариғидан келган), кўшк олдида фаввора, мармар устунли айвонлар, девор атрофида ҳандақ, тўғрисида кўтариладиган кўприги ва икки томонида минораси бўлган.

Кейинчалик боғ Бухоро амири ва Қарши бегининг меҳмонларни кутиб олиш ва дам олдириш масканига айлантирилган. Амирлик тугатилгандан сўнг боғ ва кўшк, улардаги барча иншоотлар йўқ қилинган.

Бугун кўплаб тарихий ёдгорликлар давлат муҳофазасига олинган. Эндиги вазифа мавжуд осори атиқаларни асраб-авайлаш, тадқиқот ишларини янгилаб, номаълум манзилларни аниқлаш, янги топилган ёдгорликларни қайта тиклаш, консервация қилиб умрини узайтиришдир. 

Қамбар НАСРИДДИНОВ,

тарих фанлари номзоди

Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари

Бугун мамлакатимизда янгича яшаш ва маънавиятимизни янада юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар, устувор вазифалар, ташаббус ва ғоялар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 апрелдаги "Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида миллий ғояни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойишига асосан эксперт-олимлар, ижодкор зиёлилар ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан миллий ғоя концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Табиийки, шиддат билан ривожланаётган бир даврда ички ва ташқи таҳдидлар, ахборот хуружлари, ижтимоий тармоқлар орқали бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолишнинг олдини олишда, Ўзбекистон давлатининг ҳам иқтисодий, ҳам маънавий юксалиб боришида миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари бош ғояси янада муҳим ўрин эгаллайди.

Миллий ғоя бу - халқники. Шундай экан, унга бефарқ бўлмасдан, муҳокамаларда ўз фикрларимиз билан қатнашишимиз Ватанимиз тараққиёти учун дахлдорлигимизни билдиради.

Шунга асосан Миллий ғояни ривожлантириш концепцияси бўйича вилоятдаги олий ўқув юртлари, турли муассасаларда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан раҳбар ходимлар, соҳа зиёлилари, мутахассислар ва иқтидорли ёшлар ўртасида давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон 2030 йилгача дунёнинг 50 та ривожланган демократик давлатлари қаторига кириши муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланганининг ўзи мақсад нақадар залворли эканини кўрсатади.

Турли миллат ва элатли халқимизнинг миллий ғояси - нафақат маънавий ва маърифий, тарбиявий ва ахлоқий жиҳатларни, қолаверса, ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий соҳаларда ҳам диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашга қаратилган. Айниқса, таълим-тарбия жараёнини узлуксиз таъминлаш, мустақил фикрлайдиган, миллатимизнинг нуфузини янада оширишда юксак марраларни қўлга киритадиган ёшларни вояга етказишда Ватан туйғуси, тарих, одобнома, адабиёт, маънавият, психология ва спорт йўналишлари ғоясининг тагзамирида ватанпарварлик туйғуси йўғрилган.

Шундай экан, республика-вилоят-туман-маҳалла тизими доирасида "Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари" ғоясини умуммиллий ҳаракатга айлантириш Ўзбекистоннинг ривожланишида муҳим дастуриламал бўлади.

Латиф ҚАМБАРОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими мутахассиси

"Синчалак"даги сифатлар

Абдулла Қаҳҳор асарларининг тили ҳар қандай китобхон эътиборини ўзига тортиши тайин.

Буни биргина "Синчалак" қиссасида келтирилган, инсонлар характерини ифодаловчи сифатларда ҳам кўрса бўлади. Бунда инсон характерини ифодаловчи сифатларни ижобий ва салбийга бўлиш мумкин.

"Умида ёзув-чизувга эпчил, чаққон қиз", "Мўмингина бир эрнинг кўйида ўсма қўйиб, сурма тортиб юрган", "Қаландаров унга "бориб-бориб дуруст бўлиб кетадиганга ўхшайсан-ку" деган маънода бир қаради...", "Ҳамидулло бузоқнинг ҳаққи бор деб сигирнинг сутини ичмайдиган тақводор одамлар тоифасидан экан" каби жумлаларда инсоннинг ижобий хислатлари акс этса, "Қаландаров қаршисида мен ҳеч - пуч эканим аниқ", "Сояда ўсган раислардан, - деди кулги ёшини артиб", "Мунча ҳам тўнг, мунча ҳам сўхтаси совуқ одам экан", "Ҳозир хотинига шундай дейиши зарурмиди ёки бу қирпи чол пайт келганда мени огоҳлантираяптими?" каби ўхшатишлар салбий тасвирда қўлланади.

Умуман олганда, адиб халқ тилидаги жуда кўп иборалардан унумли фойдаланганки, ўқувчи асар орқали сўзлашув луғатини ҳам анчагина бойитиб олиши тайин.

Малоҳат БОБОЗАРИПОВА

Report typo