Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Спорт
  • Мусобақа ғолиблари маҳаллаларида шахмат ва шашка майдончалари қуриб берилади

07.04.2023


Мусобақа ғолиблари маҳаллаларида шахмат ва шашка майдончалари қуриб берилади

Жорий йил 10 апрелдан 5 майга қадар вилоятимизда нуронийлар ўртасида шахмат ва шашка бўйича “маҳалла – туман (шаҳар) - вилоят” тамойили асосида уч босқичли мусобақа ўтказилади.

Мазкур турнир вилоят ёшлар ва спорт ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармалари, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг таклифи ва кўп сонли нуронийларнинг мурожаатларига асосан ташкил этилмоқда. Мусобақанинг биринчи – маҳалла босқичи 10-20 апрель, иккинчи – шаҳар ва туман босқичи 21-30 апрель, учинчи – вилоят босқичи 1-5 май кунлари бўлиб ўтади.

Турнирнинг ғолиб ва совриндорлари 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбирлари доирасида тақдирланади. Мусобақанинг маҳалла ва туман (шаҳар) босқичлари совриндорлари диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилади. Вилоят босқичида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган нуронийларга эса қимматбаҳо совғалар топширилиб, улар истиқомат қилаётган маҳаллаларда шахмат ва шашка майдончалари барпо этилади.

Турнир ташкилотчиларининг таъкидлашича, мазкур мусобақа вилоятда Президентнинг “Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, вилоятда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва соғломлаштириш ишларини самарали ташкил этиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида уюштирилаяпти.

Report typo