Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • НАҚАДАР ДАҲШАТДИР, УМРИНГДА ҲЕЧ БЎЛМАСА БИР МАРТА ВАТАНИНГ УЧУН ТЎКА ОЛМАСАНГ ЁШ!

Б.САЙФИЕВ

24.08.2023


НАҚАДАР ДАҲШАТДИР, УМРИНГДА ҲЕЧ БЎЛМАСА БИР МАРТА ВАТАНИНГ УЧУН ТЎКА ОЛМАСАНГ ЁШ!

Сараланган сатрлар

"Одамлар китоб ўқимай қўйди", деган гаплар доим бўлган. Ваҳоланки асли қамашилик ёш ижодкор Жавлон Жовлиевнинг биринчи романи - "Қўрқма" 20 мингдан ошиқ нусхада чоп этилганда, ушбу фикрлар писта пўчоғидай  арзимас эканини кўрсатиб қўйди! Демак, яхши ёзилган, мавзуси кенг асар ўқувчини топаверар экан.

Ушбу романни айни кунларда эслаганимизнинг боиси - унда ХХ аср бошида ўқиш учун Германияга жўнатилган ва қайтиб келгач, қатағонга учраган, отиб ташланган ўзбек зиёли ёшлари тақдири, бугунги авлод ўй-мақсадлари ҳикоя қилинади.

Ўтмиш - келажакка тўғри қадам қўйиш, хатоларни қайта содир этмаслик учун муҳим. Истибдод зулмида яшаган инсонлар кечмиши бугунги озод ҳаёт қадрини янада оширади.

Шов-шувларга сабаб бўлган "Қўрқма" романи ўзига хос услуб, ифода шаклига эга. Китобни ўқиб чиқинг, эски мавзу ҳақида янгича назарга дуч келасиз...

*  *  *

Бало келса-келмаса ерга тупуриб-тупуриб ўтдик.

Ғазабимиз унга, қон тўксак, тер тўксак, нохос қисталсак, севсак, исталсак ва оқибат ўлигимиз ҳам унга.

Нимага?

Қачонгача бор хорлик ерга, қачонгача бадалини шу тупроқ тўлайди?

Мен яқинларим ўлимида ёлғиз уни айбдор билдим.

Барини у ютиб кетди, йўқ қилди, шафқатсиз ва меҳрсиз шу тупроқ!

"Қачон одамга тўясан сен?"

Сўнг билдимки оиламни қутқарган она ер экан!

*  *  *

Самарқанд ўлим олди ҳирқираётган гўзал қизга ўхшайди. Азроил қўлларидан ҳам уялиб ўла билмаётган қизга!

Гоҳида унинг ҳирқираши ҳеч тўхтамайди, у дунёни бузмоқчи бўлади, оҳ ожиза қўллари каби бугун кучсиздир Самарқанд.

*  *  *

Нақадар даҳшатдир, умрингда ҳеч бўлмаса бир марта Ватанинг учун тўка олмасанг ёш!

Бундан ортиқ бахтсизлик бўлиши мумкинми?

*  *  *

Дунёда муҳаббатдан бўлак наво йўқ.

Дунёда муҳаббатдан бўлак дард йўқ.

Бефарзанд ҳам, беватаннинг ҳам куйи шу.

Сенинг қисматинг торларини чертади ул. Ўйларинг, хаёлларинг, тушларингни унга созлайди. Сен гоҳида бахтсизларга ҳавас-ла қарайсан, гоҳида тескариси, гоҳ ўз қисматинг ёзиқларига кўниб яшайсан, бешикда ётган бола қўллари боғлиқ ҳолда ухлашга ўрганиб қолгани ва йиғлаб-йиғлаб кўнгани каби уйқуга.

*  *  *

Ўзлигини билган одамнинг тарихи бўлади, кимлигини билади. Билмаса ҳайвон бўлади, қўй бўлади, ҳайвоний тарих бўлади.

*  *  *

Яшашнинг қонунига кўнмаслик ўлим.

*  *  *

Бу ҳам уруш - тирикчилик уруши, дерди саксонга етиб-етмаган, урушни кўриб-кўрмаган чоллар. Улар дастурхон бошида ҳамон Лелинни доҳий, деб эслашарди.

"Бизнинг замонда гўгирт уч тин бўлган".

"Ҳа, нимасини айтасиз. Уч сўм олиб дўкон борсам, гугуртни қоплаб келардим! Санашга эринардим!"

Шу уч тийинлик гўгирт билан чопонига ўт қўйгим келарди.

Қўлим қичийди қариялар қуллиги кўрганим оним, худди қичитқи ўт бармоқларимдан нишлаб чиққандай.

*  *  *

Ҳеч ким эсдан чиқариш учун ёд олмайди.

Ҳеч ким қачондир йўқотиш учун топмайди, йигит қизни кимгадир қўш қўллаб тутиш учун севмайди.

Ҳеч ким ўтиш даврида туғилиб, яшаб, тиши тўкилиб, қариб, эзилиб, кўмилишни истамайди бир нур сингмай кўзига.

Аммо тақдир...

*  *  *

Содиқ касаллик - кулги!

*  *  *

Орзуларсиз шаҳарлар қурийди.

Дунёни орзу қиладиган одамлар безаб туради, улар мазмун бағишлайди.

Халқ орзуси зерикарли кафедралардан изланмайди. Иссиқ қалбни юрагида совутмай омон олиб юрган одамларгина уни қуёшдан нур таралган мисол таратадилар.

*  *  *

Инсон ҳеч нарса топмайди, балки умр бўйи берилган нарсаларни йўқотиш учун яшайди, чин инсон йўқотиш шарафи учун дунёга келади.

*  *  *

Гидларнинг тарихни истаганча қош-кўзларга мослаб талқин қилишларига қаршиман. Самарқанд ва  Бухоро аҳмоқ тилчиларга тўлиб-тошиб ётибди. Улар лўлилардан доим сон жиҳатдан кўп ва қадим шаҳарларимиз учун улардан кўра хавфлироқ, кўпроқ талафот келтиради. Улар шаҳар эстетикасини ҳеч қачон ҳис қилмаган. Улар Минораи Калонга қараб фақат Франклиннинг расми туширилган чой-чақанигина кўришади, холос.

*  *  *

Мард одам тан олади. Ҳақиқатдан қўрқоқларгина жазавага тушади!

*  *  *

Ҳар йили мамлакатда минглаб талабалар ўқиш пулини тўлай олмагани учун институтлардан ҳайдалади.

Ҳар йили яна ўн минглаб талабалар фақатгина отасининг пуллари бўлгани учунгина ўқишга киради ва диплом олади.

Ҳар йили юз минглаб оталар боласини ўқитиш учун қулликка рози бўлади.

Ҳар йили яна шунча оталар боласи учун пора олади, давлат сирларидан кўра ҳозир азизроқ бўлган бойлигини талон-торож қилади.

Ҳар йили минглаб ўқитувчилар бир тийинга қиммат илмий ишларини ёқлайди ва шу илмни талабаларга пуллайди.

Ҳар йили қанчадан-қанча қизлар фақат ўқиш пули учун ўзини сотади.

Ҳар йили минглаб оналар боласини ўқитиш учун ўз жигарини даволатишдан воз кечади.

Ҳар йили неча ёш ўқишга пул топиш учун Ватандан чиқиб кетади.

Ҳар йили, ҳар йили шу аҳвол янги бўлади. Яшаради, тозаланади ва такрорланади.

*  *  *

Чўлпон хаёлни нақадар тиниқ тасвирлаган: "Хаёл. Хаёл. Ёлғиз хаёл гўзалдир, Ҳақиқатнинг кўзларидан кўрқаман". Нақадар қўрқинчли ҳақиқатнинг кўзларига қарамоқ!

*  *  *

Ўзига ачина бошлаган одам, қўллари толиққани учун сувга чўкаётган одамга ўхшайди.

*  *  *

Уч ярим миллион бола ўқиш ёшида бўла туриб, мактаб йўқ. Оддий касал бўлса, тузалишга хоҳиш йўқ, имкони йўқ. Ҳозирги оғир кунимизда туғилган болаларимизнинг 30-40 фоизи гўдаклигидаёқ ўлиб кетяпти. Наҳот, булар сизни ўйлантирмаса, азобга солмаса, виждон қийноғига ташламаса? Халқингиз бу ҳолда бўлиб, сиз қандай ишрат билан тонгни орттирмоқдасиз? Қайси виждон билан болаларингизга боқмоқдасиз, қандай тупроққа кирмоқчисиз? Ахир, ҳозир ХХ асрнинг илк чораги, бу кетишда юз йилдан кейин қай ҳолга тушамиз?

*  *  *

Табассум муҳаббат билан зўр газак бўлади.

Дунёни поклайди.

Дунёни безайди.

Дунёнинг камини беркитади муҳаббат.

*  *  *

Мен бирор тарихий шаҳарни шунчаки айлана олмайман. Мен тинглашни истайман. Шаҳарнинг ҳасрати мўл... қулоқ ёпиб бўлмайди. Ер шивирлайди, осмон гумбурлайди, минг йиллик тупроқ ўзини босмиш излар оғриғидай сўзлайди. Қулоқ тут, оч қулоқларингни. Ана, ана... тўплар гумбурлаши, суворий отларнинг аччиқ кишнаши, ўқлар, милтиқлар, рус танклари ва кўз ёшлар...

*  *  *

Қуёшимиз каби, одамлар каби, туйғулар ҳам, муҳаббат ҳам серҳаяжон ва ёруғ... Бизда анъаналар ўтли. Ҳатто яшашни, фикрларни бошқаради урф-одатлар.

Дин ҳам, дунё ҳам, қонунлар ҳам эмас анъаналар устунлик қилиб кетган.

*  *  *

Туркистон тарихига Темурсиз қараш коптоксиз футбол ўйнашдек гап.

*  *  *

...Тарих бу отанг! У ўлган бўлса ҳам тарих ўлмайди!

...Тарих одамларда яшайди.

*  *  *

Ўтган аср бошида (XIX аср назарда тутилмоқда) Япония ҳам ширин уйқуда эди. Хўш, кўзларини қандай очди? Ким очди. Туманни қандай тарқатди. Очлик, қўрқув ва ўлим ваҳимаси уларни сергаклантирди. Вақтида уйғониш керак, бўлмаса мангу йўқ қилишади.

*  *  *

Ватанда кўпчилик очлик, хўрлик ва оддий касалликлардан ҳалок бўлаётган пайтда Овропада шунча олтин тангаларни сарф этиб нега ўқияпмиз? Нега, нега? Бунга ўзимизни арзитамизми? Бизга сарф этилган олтин тангалар сил-у вабодан ўлаётган Туркистон болаларига малҳам бўлиши ҳам мумкин эди-ку! Йўқ, миллат зиёлилари бир болани эмас, миллионлаб болаларни асраш учун сизни ўқитмоқда... Сизнинг олаётган билимингиз бунга арзийдими? Бир боланинг ўлимига арзийдими? Эртага бу илмингиз миллион болани асраб қоладими, уларга фаровон ҳаёт бера оладими?

*  *  *

Ҳа, бизнинг Ватан мустақил бўлди, озод бўлди... Аммо ўзимиз озод, сўзимиз озод бўлдими, азоблардан, хўрликлардан қутулдикми? Қудратли бўла олдикми? Бизни фақат юксак таълим, маориф ва миллатим деган одамлар қутқаради.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

 

Report typo