Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

10.07.2018


НАФАҚАДАГИ ПЕДАГОГ БОҒЧА ОЧДИ

Ҳудуддаги оилаларда мактабгача таълим муассасасига бўлган талаб, ҳукуматимиз томонидан тизимга хусусий секторни жалб этишга қаратилаётган эътибор, бу борада тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва имкониятлардан руҳланган нафақадаги педагог Дилбар Раҳимова ўз маҳалласида боғча ташкил этишга қарор қилди.

- Бу фикримни турмуш ўртоғим, фарзандларим ҳам бирдек қўллаб-қувватлашди, - дейди у. – Уларнинг ишончи менга янада шижоат бағишлади. Шундан сўнг маҳаллий ҳокимликка бориб, ўз лойиҳам ҳақида айтдим. Бу борада ёрдам сўрадим. Менга 20 йил олдин боғча бўлган, кейин мактаб филиалига, ундан сўнг маҳалла идорасига айлантирилган, охирги йилларда эса қаровсиз бўлиб қолган бинони беришди. Бу ерни таъмирлаб, атрофни ободонлаштиргач, ишни бошлаб юбордик. Давлат хусусий шерикчилиги асосида ташкил этилган “Навоий дилбандлари” мактабгача таълим муассасамиз аҳолини ҳам мамнун этди.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, у дастлаб 50 ўринли боғча ташкил этмоқчи бўлган. Бироқ, боғча очилиши билан бу ерга болаларини етаклаб келувчилар сони ошиб кетган. Буёғи қишлоқчилик, бунисининг боласини олиб, бошқасига йўқ дейиш қийин. Шу боис қўшимча сармоя сарфлаб бўлса-да, яна зарур жиҳозлар харид қилинди ва боғча 100 ўринлига айлантирилди. Бироқ,  ҳамон мавжуд талаб олдида бу кам.

- Фарзандини етаклаб келган ҳар кишини ноумид қайтаргим келмайди, - дейди Дилбар Раҳимова. – Лекин каравот, стол-стул каби жиҳозларимиз етишмайди, қолаверса, жойимиз тор. Шу боис кредит олиш учун тижорат банкига мурожаат этдим. Агар бу иш амалга ошса, муассасамизда қўшимча қурилишлар қилиб, уни 150 ўринга мўлжаллаб, янада замонавий типда жиҳозламоқчимиз.

Дилбар Раҳимова узоқ йиллар давомида ўрта мактабда ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан дарс берган эмасми, таълим ва тарбиянинг қанчалик нозик масала эканлигини яхши англайди. Айни сабабга кўра, боғчадаги барча ишларни босқичма-босқич ҳамда профессионал тарзда ташкил этишга ҳаракат қилади. Унинг учун болажонларнинг овқатланиши, дам олиш, тўгарак машғулотлари, барча-барчаси қатъий режа асосида бўлиши муҳим.

- Айни пайтда боғчамизда инглиз, рус тили, шахмат ва шашка тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган, - дейди мактабгача таълим муассасаси мудираси Муҳайё Исмоилова. – Бунинг учун малакали мутахассисларни жалб этдик. Эндиликда мусиқа, рассомчилик тўгаракларини ҳам ташкил этишни мўлжаллаяпмиз.

Боғча фаолияти билан танишар эканмиз, бу ердаги болажонларнинг чет тилларида бийрон-бийрон шеър, қўшиқ айтишлари, рақс тушишлари эътиборимизни тортади. Президентимизнинг чекка ҳудудларда ҳам замонавий мактабгача таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш, болаларга мактабгача бўлган    даврда чуқур таълим ва тарбия бериш борасидаги ташаббуслари моҳиятини янада теранроқ англаймиз. Зеро, бугун бу ташаббус туфайли олис ва чекка ҳудудларда ҳам жажжи болажонлар замонавий таълим-тарбия олишмоқда. Қолаверса, тадбиркорларнинг соҳага қизиқиши ошиб бораётгани замонавий боғчалар кўпайишида муҳим омил бўлаётир.

- Шу кунга қадар туманимизда 8 та   нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилди, - дейди Яккабоғ тумани мактабгача таълим бўлими шуъба мудири Моҳира Муродова.  – Аҳамиятли жиҳати, уларнинг аксарияти аввал боғча бўлмаган ва қишлоқ ҳудудларда ташкил этилган. Бу борада яна кўплаб тадбиркорлар ўз режалари билан мурожаат этишган. Йил охирига қадар фақат нодавлат мактабгача таълим муассасаларимиз сони камида 25 тага етади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: муассаса фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo