Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

10.02.2018


“НАСАФ”НИНГ ГУРУҲДАГИ ИЛК РАҚИБИ ҲАҚИДА

“Персеполис” жамоамизнинг гуруҳдаги энг жиддий рақибларидан биридир. “Қизил армия”, “қизиллар”, “шерлар” лақаблари билан машҳур ушбу клуб 1963 йилда ташкил этилган. Уй учрашувларини мамлакат пойтахтидаги машҳур “Озодий” стадионида ўтказади.

“Персеполис” шунингдек, Осиё Чемпионлар лигасида энг кўп мухлис йиғиш бўйича ҳам етакчи клублардан бири ҳисобланади. Эронлик футбол ихлосмандларининг 61 фоизи ушбу жамоага мухлислик қилади. Айрим уй учрашувларида жамоани қўллаб-қувватлаш учун “Озодий”га 100 мингга яқин ишқибоз келади. Одатда Эрон терма жамоасининг асосий ўзаги ҳам айнан “қизил армия” “аскарлари” асосида шакллантирилади.

Теҳронликлар совринларни ютиш борасида ҳам шонли тарихга эга. Жамоа шу вақтга қадар 10 карра мамлакат чемпионлигини қўлга киритган, 9 карра кумуш медалга сазовор бўлган ва беш маротаба Эрон кубогида зафар қучган.

Халқаро турнирда 1991 йили Осиё кубок эгаларининг кубогини қўлга киритган ва яна бир марта ушбу мусобақа финалчиси бўлган. Ўтган йили эса ОЧЛнинг ярим финалига қадар етиб борганди.

Жамоага айни пайтда хорватиялик мутахассис Бранко Иванкович устозлик қилмоқда.

“Қизил армия” иқтисодий томондан ҳам жуда катта имкониятларга эга. Бугунги кунда клуб қошида ушбу номдаги университет фаолият юритмоқда. Унда талабаларга футбол ва футзал мураббийлиги, фитнес, спорт шарҳи ва ўйин шарҳловчиси каби йўналишларда таълим берилади. Шунингдек, клубнинг шахсий телеканали ишга туширилган. Интернет орқали тинглаш мумкин бўлган радиодастурлари ва эшиттиришлари мавжуд. Клуб қошида энергетик ичимликлар ишлаб чиқариш корхонаси, бир нечта ресторан ва бошқа хизмат кўрсатиш тармоқлари фаолият юритади.

“Персеполис” ўзбек футбол мухлислари учун нотаниш жамоа эмас.

Клубларимиз билан турли мусобақалар доирасида бир неча маротаба баҳслашган. Жумладан, Осиё Чемпионлар лигасининг 2015 йилги мавсумида ушбу жамоа Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби билан гуруҳда рўбарў келган эди. Ўшанда дастлаб Тошкентдан 0:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган теҳронликлар Эронда ўтказилган жавоб учрашувида ҳам 2:1 ҳисобида зафар қучишган. Бу борадаги яна бир маълумот эса, “Пахтакор” клуби ва Ўзбекистон Миллий терма жамоаси дарвозабони Александр Лобанов билан боғлиқ. Лобанов 2016 йилги мавсумда 4 ой давомида “Персеполис” сафида ўйнаган ва Эрон вице-чемпиони бўлиб қайтганди.

Айтиб ўтиш жоиз, “Насаф” Эрон жамоалари билан ўйнаш борасида етарли тажрибага эга. Жумладан, ОЧЛнинг 2015 йилги мавсумида Рўзиқул Бердиев шогирдлари Эроннинг яна бир номдор клуби – “Тракторсозий”ни ҳар иккала баҳсда ҳам мағлубиятга учратган.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo