Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.ҚИЛИЧЕВ

14.12.2017


“НАСАФ” ЎЗ МАЙДОНИДА ЎЙНАЙДИ РАҚИБ ЭСА “ЭСКИ ҚАДРДОН”

Бу учрашувнинг “Насаф” учун муҳим жиҳати, баҳс жамоамизнинг ОЧЛдаги рақиби ким бўлишини аниқлаб берди. Яъни, Осиё футбол конфедерацияси қарорига кўра, келгуси мавсум мамлакатимизга ушбу халқаро мусобақада қатнашиш учун 1+2 (1 та тўғридан-тўғри ва 2 та саралаш орқали) тарзида йўлланма ажратилган. Шунга мувофиқ, пойтахтнинг “Локомотив” жамоаси Ўзбекистон чемпиони сифатида мусобақани гуруҳ босқичидан бошлаши, саралаш йўлланмаларининг бирига эса “Насаф” эгалик қилиши, иккинчи йўлланма соҳиби кубок финалидан сўнг аниқ бўлиши маълум эди. Ўзбекистон кубогидаги мағлубиятдан сўнг, “Бунёдкор” ОЧЛ йўлланмаси учун курашдан чиқиб кетди ва мусобақада иштирок этадиган “Ўзбекистоннинг иккинчи рақамли жамоаси” мақоми “Насаф”га насиб этди. “Аждарлар”нинг илк рақиби - Иорданиянинг “Ал-Файсали” клуби ва улар 2018 йилнинг 30 январь санасида Қаршида майдонга тушишади. Тошкентнинг “Пахтакор” клуби эса Ўзбекистоннинг учинчи рақамли жамоаси сифатида Қатарнинг “Ал-Гарафа” клуби майдонига сафар уюштиради.

Айтиб ўтиш жоиз, Иорданиянинг “Ал-Файсали” жамоаси “Насаф” учун нотаниш рақиб эмас. Ушбу жамоалар 2011 йили ОФК кубогининг 1/16 финал босқичида тўқнаш келишганди. Қаршида бўлган баҳсда “аждарлар” 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, нимчорак финалга йўлланмани қўлга киритишганди. Қолаверса, Иордания жамоасининг айни пайтдаги  бош мураббийи Драган Талажич ҳам “Насаф” учун “эски қадрдон”. Чунки ушбу мутахассис ОФК кубоги финалида “Қувайт СК” жамоаси бош мураббийи сифатида Қаршида “Насаф” меҳмони бўлган. Ўзбек футболи учун байрамга айланган ўша кечада Талажич ва унинг жамоаси 2:1 ҳисобидаги мағлубият билан ортга қайтишганди. Умид қиламизки, жамоамиз учун ёқимли бўлган бу анъана яна давом этади.

Эслатиб ўтамиз, агар “Насаф” плей-офф ўйинида ғалаба қозонса, “C” гуруҳидан жой олади ва “Персеполис” (Эрон), “Ал-Садд” (Қатар), “Ал-Васл” (БАА) клублари билан рақобатлашади.

Ж.ҚИЛИЧЕВ

Report typo