Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 октябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • “Оқила аёллар” ҳаракатининг асосий вазифалари нималардан иборат?

Шоҳиста БОЗОРОВА

24.05.2024


“Оқила аёллар” ҳаракатининг асосий вазифалари нималардан иборат?

Айни пайтда вилоятимизда “Оқила аёллар” ҳаракатининги 12 минг нафардан зиёд аъзоси бор. Бугун уларга қўйилаётган вазифалар нималардан иборат? Ҳаракатнинг мақсади қандай, муаммоларнинг олдини олиш учун нималар қилиш керак? Қарши шаҳридаги Маънавият масканида бўлиб ўтган йиғилишда шу саволларга атрофлича жавоб берилди.

Йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зиёда Аминова ҳаракатнинг мақсад ва вазифалари хусусида фикр юритар экан, бу ҳаракат аъзолари бошқаларга ҳар томонлама ўрнак бўладиган, хотин-қизларга тўғри йўл кўрсата оладиган, жамиятдаги фаол аёллардан танланганини таъкидлади. Уларнинг фаол ва ташаббускор аёлларни бир сафда бирлаштириб, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, фарзандлар, шу жумладан, қизлар тарбияси ва хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш, маҳаллаларда оилаларни мустаҳкамлаш каби масъулиятли ишларни самарали ташкил этишларига катта ишонч билдирди.

- “Оқила аёллар” ҳаракати том маънода маҳалланинг виждонига айланиши керак”, деган эди мамлакатимиз Президенти, - дейди ҳаракатнинг вилоят бўлими раҳбари Гулноза Узоқова. – Ҳақиқатдан, бу тузилмага ҳар тарафлама ибрат бўла оладиган аёллар жамланган. Ҳаракатнинг Янги Ўзбекистонда янги маънавий макон яратиш, халқимизга хос эзгу ғоялар, миллий қадриятлар, урф-одат ва ноёб анъаналарни тизимли тарғиб қилиш учун барча шароитлар яратилган экан, биз ҳам аёллар ва, айниқса, ёш қизларда оилага ва Ватанга садоқат, фидойилик, ташаббускорлик туйғуларини кучайтириш, “одобли қиз” ва “маърифатли она” қиёфасини шакллантириш, оилаларда китобхонлик, мутолаа маданиятини тарғиб этиш, оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлашга кўмаклашишимиз даркор.

Йиғилишда оилавий ажримлар, хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчиликни бартараф этиш, эрта никоҳнинг олдини олиш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва режалар ҳақида ўзаро келишиб олинди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo