Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Қурбон ЭГАМБЕРДИЕВ

14.02.2017


ОҚ ХАЛАТНИНГ ҚОРА ДОҒЛАРИ

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва соҳанинг ривожланиш истиқболларига бағишланган навбатдаги видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, раҳбарлар масъулияти ва шахсий жавобгарлиги хусусида жиддий эътирозларини билдирди.

Президентимизнинг таъкидлашича, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, жойларда тиббиёт соҳасидаги вазиятни ўзгартириш ишлари талаб даражасида эмас. Бирламчи тиббиёт муассасалари, айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам тизимининг фаолияти ҳамон қониқарсиз аҳволда қолмоқда. Шифохоналар ва аҳолини дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан     таъминлаш, жумладан, ижтимоий дорихоналар   ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси талаб даражасида эмаслиги қайд этилди.

Олдиндан шу нарсани айтмоқчиманки, бутун умрини илмга, қобилият ва тажрибасини инсонлар соғлиғи, бахту саодатига бағишлаётган, беморларнинг “раҳмат, дўхтир” деган сўзини эшитишни фахр деб билган олиҳиммат шифокорлар ҳам кўп ва уларни ҳамиша эъзозлаймиз, ҳурмат қиламиз.

Бироқ… Ана шу сўз мудом кишини қийнайди, қалбни яралайди. Очиқчасига тан оладиган бўлсак, кейинги вақтларда cоғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари ўртасида турли номаъқул йўллар билан пул топиб давлатманд бўлиш, ҳар недан манфаат исташ каби иллатлар кўзга ташлана бошладики, ичилган қасам, виждон, одамийлик деган қадриятлар улардан анча йироқлашди. Бунинг ўрнини инсофсизлик эгаллади. Беморларнинг соғайиб болалари, севимли оиласи бағрига, ишига қайтишидек умидвор қувончлари ҳамширадан тортиб бош шифокоргача бўлган бўғиннинг тамагирлиги оқибатида йўққа чиқа бошлади. Нафси ором топмаса, беморнинг аҳволини сўрамайдиган, унга қарамайдиган “дўхтир”лар пайдо бўлди. Одамийлик, инсоф-диёнат барча учун, айниқса, шифокорлар учун зарур хислат эмасмиди?! Ҳатто шундай ҳоллар рўй бердики, баъзи жарроҳлар бемор жон таслим қилгандан кейин ҳам унинг яқинларидан нимадир ундириш пайида бўлдилар.

Айрим дўхтирлар беморларга ёзиб берган дорилар рўйхатини кўриб-эшитиб, дод дегинг келади. Негаки, бу дориларнинг ҳаммаси ўша касал учун зарур бўлса қани эди? Уларнинг айримлари шу ернинг ўзида бошқа беморларга пулланса, қолгани ҳатто харид қилинган манзилига яна қайтиб боради.

Бу – орзули дунё. Ҳамма одам узоқ умр кўришни, соғу саломат ҳаёт кечиришни истайди. Шу мақсадда бемор борки, нажот истаб шифокор ёнига келади. Ана шунда баъзан давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматдан ҳам фойдаланолмай хунобинг ортади. Отангга бор, онангга бор! Йўқ, бу шифокорларимизнинг тажрибасиз ёки илмсизлигидан эмас. Бунинг туб илдизлари аслида тамагирлик иллатига бориб тақалмайдими? Ҳарҳолда жамиятда “дўхтир қўлингга қарайди, бошқаси билан иши йўқ” қабилидаги қараш  шаклланиб қолгани натижаси эмасми?

Дилни хира қиладиган яна бир ҳолат. Туғруқхоналарда хотин-қизларнинг муддатидан олдин “кесерово” (болани онанинг қорнидан ёриб олиш) усулида жарроҳлик столига ётқизилаётганидир. Бу усул қайсидир мамлакатда илғор саналар, аммо бизни сира қувонтирмайди. Чунки мутахассисларнинг таъкидлашича, бу усулни муддатидан олдин қўллаш зарарли. Имкон бўлмагандагина уни қўллаш мумкин. Аммо бугун у асосан пул дардида қилинаяпти.

“Калила ва Димна” асарида айтилишича, қадимда Барзуя исмли фозил ҳаким ўтган экан. У етти ёшидаёқ тиб илмига қизиқиб, шу соҳадаги мактабга боради ва тиббиётни чуқур ўрганади. Йиллар ўтиб касалликларни даволашда шуҳрат қозонади.

“Қаерда соғайишига умиди бўлган касал одамни эшитсам, бориб уни муолажа эта бошладим. Бир оздан кейин тенгқурларимнинг мол ва давлати меникидан зиёд эканини кўрдим. Нафсим устун келиб, мол-дунё тўпламоқ ҳавасига тушдим. Тўғри йўлдан озишимга сал қолди. Ўзимга-ўзим: “Эй нафс, сен фойда билан зарар ўртасидаги фарқни кўрмаяпсан. Ақлли одам азияти кўп, фойдаси кам бўлган нарсани орзу қиладими? Агар сен яхши ном қолдириб кетиш фикрида бўлсанг, бу фоний дунёда очкўз ва хасис бўлма. Нотўғри фикрлардан қайт. Савоб орттиришга ҳаракат қил, деб ўз нафсим билан олишиб, ўзимни яна тўғри йўлга солиб,     беморларни сидқидилдан даволай бошладим. Бу хизматим эвазига ризқ-рўз дарвозалари очилаверди. Бойликда, шону шавкатда ўз тенгдошларимдан ўзиб ҳам кетдим”, дейди у фахрланиб. Нақадар ибратли воқеа. Минг йиллар олдин айтилган бўлса-да, ҳозирги дўхтирлар учун ҳам зарур, амал қилишга арзийдиган гаплар. Қанийди баъзи шифокорларимиз ҳам бу ибратдан тўғри хулоса чиқарса, ўрнак олишса. Қанийди!

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги муҳим муаммолардан яна бири дорихоналар билан боғлиқ. Бу жойларда дорилар турини, қандай касалга қўлланилишини билмайдиган, ҳеч бўлмаганда бу ҳақда бошланғич тиббий таълимга эга бўлмаган йигит-қизлар ҳам ишлаётгани кўнгилни хира қилади. Хўш, дори, шифо топиш ҳақида тасаввури ҳаминқадар кишилар дорихонада нима қилиб юрибди?

Балки бунга дорихона эгаси билан шифокор ўртасидаги ўзаро “ҳамкорлик” сабаб бўлаётгандир? Балки шунинг учун дорихона эгасининг ўғли ё қизи, ё бошқа ёшроқ таниши аптекачи қилиб қўйилгандир?! Шундай бўлса, “сир” кўчага чиқмайди-да, турли гап-сўзлар урчимайди-да. Қолаверса, “даромад” ҳам бўлиниб кетмай, бир эшикдан киради. Бундан кимга фойдаю кимга жабр? Фойдани фирибгарлар кўради-ю беморга, халққа жабр бўлади. Шу инсофданми, виждонга хилоф эмасми?

Умуман олганда, тиббий хизмат инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари тиббиёт ходимлари уйма-уй юриб, касалликларни профилактика қилиши, соҳадаги ўзгаришларни одамлар сезиши кераклигини бот-бот таъкидлаяпти. Муҳим ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Бундан шифокорларнинг маданияти, маънавияти, масъулиятини ошириш, ишга ва беморларга муносабатини ўзгартириш кўзда тутилаяпти. Чунки бунга эҳтиёж юзага келганди. Соҳани буткул қайта кўриб чиқиш лозим эди. Лозимгина эмас, жуда зарур эди. Бу бутун халқ анчадан буён умид билан орзиқиб кутаётган, каттаю кичикни қақшатиб келаётган алам, дард эди. Ана шу дардга дармон бўлишга давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи киришдики, тиббиёт соҳасида яқин вақт ичида муҳим ўзгаришлар, янгиликлар содир бўлиши, юқоридаги каби муаммолар ўз ечимини топиши шубҳасиз.

Қурбон ЭГАМБЕРДИЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби

Report typo