Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 февраль, шанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

07.02.2020


"ОБОД" МАҲАЛЛАДА ҚАЧОНГАЧА ЛОЙ КЕЧАМИЗ?

Фототанқид

Ёғингарчилик мавсумида қор-ёмғир ташлагани яхши, албатта. Бу эртага далаларимиздаги мўл ҳосил, дастурхонларимиздаги тўкин-сочинлик дегани. Шунданми, озгина ёмғирдан кейин ҳам кўчаларимиз лой-балчиққа айланиб кетса-да, кўп-да хуноб бўлавермаймиз. Ёғиндан келадиган баракани ўйлаймиз.

Аммо бир ўйлаб кўринг: қачонгача шу тарзда яшаш мумкин? Чекка қишлоқларни-ку тасаввур қилишга қўрқади одам, аммо Сиз суратларда кўриб турган ушбу ҳолатлар узоқ ҳудуд эмас, Қарши шаҳридаги Отчопар маҳалласи Мустақиллик кўчасидаги лойгарчилик манзараси.

Бу ерга бир кирган одам ботмон-ботмон лой билан чиқади, машиналарни-ку қўяверинг. Ҳолбуки, айни шу кўчада давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил қилинган "Кўзмунчоқ" мактабгача таълим муассасаси ҳам жойлашган. Табиийки, қор-ёмғир ёққанда ёши катталар амаллаб юрадиган кўчада болаларнинг боғчага келиб-кетиши чинакам муаммога айланади.

- Боғчамизда рус, инглиз тили ва таэквондо тўгараклари бўлгани учун талаб юқори, лекин мана бундай лойгарчилик сабаб болаларнинг ҳам, мураббийларнинг ҳам келиб-кетишида муаммолар юзага келаяпти, - дейди муассаса мудираси Ойгул Насирова. - Бу бўйича маҳаллага ҳам бир неча марта мурожаат қилдик. Шағал ўрнига лой тўкиб кетишди.

Эътиборлиси, Отчопар маҳалласи 2018 йилги "Обод маҳалла" дастурига киритилган ва ҳалигача бу ер гўзал бир гўшага айланиб кетиши керак эди. Лекин кўриниб турибдики, обод маҳалла ўрнига лой маҳалла кўнгилни хижил қилишга яраяпти, холос.

Отчопар МФЙ раиси Фармон Чоршанбиевнинг айтишича, ҳали ишлар тугалланиб улгурмаган, маҳалла идораси учун янги бино қурилган, трансформатор ўрнатилган, ичимлик суви учун қувур ўтказилган (қувурдан ҳали сув келмаётганини ҳам айтиш керак), кўчадаги лой ҳам шу қувур ўтказиш сабаб юзага келган.

Агар раиснинг сўзларига таянсак, қувур ўтказиш учун кавланган жойгина лой бўлиши керак эди. Ваҳоланки, кўча бош-адоқ лойга ботиб ётибди.

Савол туғилади: "Обод маҳалла" дастурига Отчопар маҳалласи нега киритилган эди ва нима ишлар қилинди? Ажратил(ма)ган маблағ тўғри йўналтирилганми ўзи? Агар ҳаммаси жойида бўлса, дастур доирасидаги ишлар якунланганига бир йилдан ошган бўлса-да, нега   Отчопарда тайинли ўзгариш сезилмади?

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo