Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

19.07.2018


ОИЛА НЕГА ТАДБИРКОР БЎЛИШИ КЕРАК?

Аввало оилавий тадбиркор бўлишнинг фойдасини ҳар бир киши ўзи ҳис этиши лозим. Нишонлик ҳунарманд Гуласал Йўлдошева билан суҳбатлашиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишгач, бунга тўла ишонч ҳосил қилдим. Қатъий хулоса қилганим шу бўлдики, агар одамда ишбилармонлик кўникмаси бўлса, у уйда ўтириб ҳам турли янгиликларга, фойдали ишга қўл ура олади.

Ҳунарманд аёл ҳам ишни қийинидан бошламаган, албатта. Ҳунарга ўзгача меҳрли оилада ўсгани эса ютуқлари салмоқли бўлишига имкон берган. Асосийси, унинг янгилик яратишга иштиёқи баланд эканидадир. У хонадонида кичкина устахона ташкил этган. Ишлаб чиқариш ҳажми унча юқори бўлмаса-да, топгани ўзига, оиласига етаяпти, яхши фойда кўрмоқда. Аммо шу билан кифояланиш нияти ҳам йўқ. Янада ривожланиш ҳақида бош қотирмоқда.

- Мавсумга мослаб, маҳсулот тайёрлаймиз, - дейди у. – Ҳозир поплин матосидан енгил ёзги кийим – яктак тикишни йўлга қўйганмиз. Эркаклар учун мўлжалланган бу маҳсулотимизга харидор етарлича. Кузда эса мўйнали кийимлар ишлаб чиқаришга ўтамиз. Теридан болалар учун маҳси, бош кийим тикамиз. Турли бичим ва дизайнда шляпа ишлаб чиқариш ҳам қўлимдан келади. Бир нечта савдо дўконлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, маҳсулот етказиб беришни бошладик.

Ҳунарманднинг айтишича, у бугунги иши суръатидан ҳеч ҳам қониқмайди. Гап шундаки, имконият бўлса, кўпроғига қодир. Оилавий тадбиркорлигини янада ривожлантириш, маҳалладаги хотин-қизларни ҳам бу ишга жалб этишни кўзлаяпти. Ўз режасини амалга ошириш учун эса тижорат банкидан молиявий кўмак олишни мақсад қилган. Олинажак маблағ янги тикув машиналари ва хом ашё сотиб олишга ишлатилади. Замонавий технологиялардан фойдаланиб янада кўпроқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқариб, аҳолига таклиф этиш ниятида.

Унинг бу ташаббуси замиридаги истакни англаш қийин эмас. Ишбилармон аёл турмушини янада яхшилаш, моддий фаровонлигини бундан-да ошириш тараддудида. Албатта, бундай ташаббус мақтовга лойиқ. Асосийси, у ўз истагига оилавий тадбиркорлик билан фаол шуғулланиб етишмоқчи.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

 

Report typo