Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

17.08.2017


ҒОЛИБЛИК КУЧЛИЛАРГА НАСИБ ЭТДИ

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этган мусобақада турнирнинг шаҳар ва туман босқичида ғолиб бўлган 11-14 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар ҳамда 30 ёшгача бўлган ёш оилалар вакилларидан иборат 12 та жамоа ўзаро куч синашди.

- Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг жорий йил 6 июндаги йиғилиш баёнида маҳалла ёшлари ўртасида спортнинг етти тури бўйича вилоятлар миқёсида спорт мусобақаларини ўтказиш белгиланган эди, - дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши бош мутахассиси Алишер Аҳмедов. - Бу тадбирларнинг ўтиш вақти мактаб ўқувчиларининг ёзги таътилига тўғри келгани уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда ҳам қўл келди. Айниқса, олис ҳудудларда яшаёт­ган оилаларни, уларнинг фарзандларини оммавий спортга жалб этишда ушбу мусобақаларнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Энг муҳими, спорт орқали ҳам­жиҳатлик, жамиятда соғ­лом муҳит барқарорлиги таъминланаётир.

Кескин баҳсларга бой ўтган беллашувда ғолиблик кучлиларга насиб этди. Натижаларга кўра, Шаҳрисабз тумани вакиллари биринчи, Косон ва Яккабоғ туманлари иштирокчилари иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритдилар.

- Спортнинг бадминтон тури нафақат чаққонлик ва эпчиллик синови, балки тезкор фикрлаш, аввалдан фаҳмлаш ва кўриш қобилиятини оширишга ёрдам беради, - дейди мусобақа ғолиби, Шаҳрисабз тумани Турон маҳалласи вакили Ж.Худойқулов. - Маҳалламиз номидан шундай беллашувда иштирок этаётганимдан хурсандман. Бугун кўплаб дўстлар орттирдик, рақиб жамоалар билан ўзаро тажриба ҳам алмашдик.

* * *

 Спорт беллашувлари “Маҳалламиз стол теннисчилари” мусобақаси билан давом этди. Мусобақа низомига мувофиқ, 11 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил-қизлар яккалик, 30 ёшгача бўлган ёш оилалар жуфтлик баҳс­ларида беллашишди.

Муросасиз кечган баҳслар сўнгида ўғил болалар ўртасида 1-ўрин Ғузор туманилик Б.Баратовга, қиз болалар ўртасида 1-ўрин Китоб туманилик З.Элбоевага, оилалар ўртасидаги мусобақада эса 1-ўрин Китоб тумани вакиллари - С.Қосимовлар оиласига насиб этди.

- Оиламиз билан спортнинг стол тенниси турига жуда қизиқамиз, - дейди мусобақа ғолиби С.Қосимов. - Шу боис ўйин қоидалари билан танишиб, мусобақага жиддий тайёргарлик кўрдик. Меҳнатларимиз самарасини берди ва биз ғолиб бўлдик. Фарзандларимизнинг қувончи чексиз. Бу каби мусобақалар спортга қизиқувчи оилалар сонини ошириши шубҳасиз.

Дарҳақиқат, бугун маҳалла ёшлари орасида кенг оммалашган спорт ўйинлари ҳудудлардаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш билан бирга, ҳамжиҳатлик ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, шу билан бирга, истеъдодли ёш спортчиларни кашф этишга хизмат қилаётир.

Мусобақа сўнгида ғолиблар ва иштирокчилар мусобақа ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo